Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Табиат инсонга ҳаёт тортиқ этиб, дард тортяпти

23.11.2017
71 марта ўқилди
Табиат инсонга ҳаёт тортиқ этиб, дард тортяпти

Сайёрамизни ўз ҳолига ташлаб қўйиш ўзимизни ҳалокатга маҳкум этиш билан баробар экани бугун ҳеч кимга сир эмас. Биздан кейинги авлодга қандай заминни қолдирамиз? Атроф-муҳитни асраш учун нималар қилиш лозим?

Ана шу саволларга жавоб излаш асносида экологик тарбия масаласи кўндаланг туради. У инсониятни чўкишдан асрайдиган ягона қутқарув ҳалқасидир. Экологик тарбия ва маданиятни шакллантириш нечоғли муҳимлиги ҳақида баҳс бойлашга ўрин йўқ. Ўзингиз ўйлаб кўринг, тоза, обод, яшнаб турган жойда мусаффо ҳаводан нафас олиб, зилол сув ичиб, хавфсиз озиқ-овқат тановул қилиб улғайган бола билан, чиқиндилар ичида, бадбўй ҳид анқиган ерда, еган-ичгани тайинсиз катта бўлганлар орасида нечоғли катта фарқ бор? Шундай эмасми? Бироқ, биз маъқул билган биринчи ҳолатни юзага келтириш ҳам ўзимизнинг қўлимизда эканини унутмаслик лозим. Экологик тарбиянинг энг муҳим шарти ҳам шу.

Инсон тарбияси узоқ давом этадиган муттасил жараён. У дастлаб оиладан бошланишини биламиз. Ота-она ўз фарзандини табиатни севишга, атрофни тоза тутишга ўргатиш асносида экологик маданиятни ҳам шакллантириб боради. Айни пайтда тарбия бешиги – оилада ўсимлик ва жониворларга эътиборли бўлиш, уларни асрашга доир дастлабки кўникмалар ҳосил қилинади. Чунончи, бола уйда ота-онасининг гуллар парвариш қилгани, ниҳоллар эккани, қуш ёки балиқлар боққани, турар жойни озода тутганини кўриб катта бўлади. Бу жараёнларда ўзи иштирок этади ва баъзан бунга боғлиқ юмушларни бажаради. Афсуски, қутилар қолиб ерга ахлат тўкишни ёки яқинроқдаги ариққа чиқинди ташлашни ҳам ота-онасидан ўрганади. Жамиятнинг бир бўғини бўлган оилада гўдак табиатга бўлган муносабатнинг илк амалий ва назарий жиҳатларини ўзлаштиради. Бора-бора кўникмага айланадиган мазкур жиҳатлар кенг олганда жамиятда экологик маданиятни юзага келтиради.

Экологик маданияти юқори даражада тараққий этган мамлакатларнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, мазкур давлатларда иқтисодий томондан ҳам юксалиш бўлар экан. Чунки бундай жамиятда турли касалликлар билан оғриш даражаси ҳам паст бўлиб, одамлар узоқроқ умр кўради. Хўш, экологик маданият нималарга таянади? Учта устунга. Булар – экологик тарбия ва экологик билимлар ҳамда экологик онгдир. Тарбия ва билимга йўналтирилган ахборотлар оила, бошланғич таълим муассасалари, мактабдан, яна экологик масканлар ҳамда музейлардан олинади. Юртимизда бу борада тизимли ишлар йўлга қўйилган. Таълим муассасаларида экологик тарбияга алоҳида эътибор қаратилган. Бунга ёрдамчи восита сифатида яна, музейларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Жумладан, Ўзбекистон давлат табиат музейи ана шундай маърифий масканлардан. Уларга уюштириладиган ташрифлар ёшлар дунёқарашини кенгайтириб, табиатга инсон муносабати қандай бўлиши кераклигини кўргазмали тарзда очиб беради. Икки оғиз мазкур даргоҳ ҳақида. 2010 йилнинг май ойида янги бинода қайта ишланган ва тўлдирилган экспозиция асосида иш бошлаган музей, аслида бир ярим асрлик тарихга эга. Марказий Осиёда ягона бўлган мазкур муассасанинг бой илмий фонди мавжуд. Музей мамлакатимиз табиатига доир кўплаб экспонатлар, фауна ва флора олами намуналари ўқувчи-ёшларга, фуқароларимизга соҳага доир атрофлича маълумот беради. Юртимиз биохилма-хиллиги, экотизимлари борасидаги тасаввурларини бойитади. Музейнинг 4 мингдан ортиқ умуртқали ҳайвон ва қушларга оид зоология фонди, 350 мингдан зиёд ҳашаротлар намунасидан иборат энтомология жамланмаси ноёблиги билан эътиборлидир. Ушбу масканга ташриф ўқувчи ёшлар учун одатий зерикарли вақт ўтказиш бўлмаслиги лозим. Музей экспонатлари билан танишиш асносида болалар, ўқувчи-ўсмирларга диёримиз ландшафтлари, экологиясига беэътибор бўлмасликка қаратилган таъсирли, фактларга бой мулоқотлар ўтказилиши ва маълумотлар берилиши даркор. Болаларга қарата ўйлантирадиган саволлар бериш ҳам ўринли. Чунончи, 4 миллион литр тоза ичимлик сувини яроқсиз ҳолга келтириш учун атиги 4 литр машина ёнилғиси етиб ортишини биласизми? Ёки Тинч океанида АҚШнинг Калифорния штати майдонига тенг пластик чиқиндилар тўплангани ва бу ахлат уюмини қайиқда бир ҳафтада кесиб ўтиш мумкинлигидан хабарингиз борми? Айнан ўша ҳудудда бирорта тирик жон ва ўсимлик йўқ ҳамда мазкур чиқинди майдони йил сайин кенгаймоқда. Уларнинг 80 фоизи қуруқликдан шамол орқали келиб қолганиничи, биласизми? Жаҳондаги 40 фоиз тошбақалар меъдасида пластик бўлаклар борлигига нима дейсиз? Битта арзимасдек кўринган альюминий идишнинг табиатда парчаланиши учун 200-500 йилгача вақт керак бўлишини билармидингиз? Узоққа бормайлик, Тошкент ҳайвонот боғида мана бир неча йилдирки, жониворлар нобуд бўлаётгани, уларнинг меъдасидан пластик ашёлар топилгани ҳам ачинарлидир. Бундай нохуш ҳолатлар такрорланмаслиги учун нималар қилиш керак, каби мулоҳазали саволларга музей меҳмонлари жавоб беришсин ва фикрлашсин. Яна машҳур брендларнинг экологик муаммоларни ҳал этишга қўшаётган ташаббуслари ҳақида ҳам маълумот бериш яхши самара беради. Чунончи “Nike” компаниясининг эски кроссовкалар утилизациясидан спорт майдонлари учун қопламага хом ашё ишлаб чиқараётгани каби.

Хуллас, музей бўйлаб она Ватанимиз табиати ҳақида ёшларга сўзлаб, ана шундай ўйлантирадиган мулоқотлар уюштириш керак. Шу маънода инглиз файласуфи Френсис Бэконнинг қуйидаги сўзларини келтириш ўринли: “Табиат – фақат унга бўйсунганларга бўйин эгади. Фақат унинг қонунларига итоат этибгина, уни енгиш мумкин”. Ёки Гиппократнинг ушбу сўзларини эсласак: “Табиат ҳар куни бизга нечоғли кам ва ниҳоятда кичик нарсаларга муҳтож эканини эслатиб туради”. Бу эса биз сўз очган эътибор ва табиат тақдирига дахлдорлик ҳиссидир. Экологик тарбиянинг моҳияти ҳам ана шунда. Мазкур тарбия уйда, боғчада, мактабда, олий ўқув юртида узлуксиз давом этиши, экологик билимларни уйда, таълим даргоҳларида амалий қўллаш, ўқувчилар иштирокида экобоғлар ташкил этиш, экотўгараклар фаолиятини янада жонлантириш, экомулоқотлар, экорейдлар, экспедициялар ўтказиш ҳам яхши самара беради. Шундай авлодни тарбиялаш лозимки, туғилиб ўсган маҳалласи, қишлоғи, қўйингки, мамлакатимизни ўз уйи деб билсин ва уларни асраб-авайласин. Бунинг учун аввало, биз, катталар ўзимиздан бошлашимиз, бефарқлик деган иллатни томири билан йўқотиб, аждодларимизнинг кўп асрлик маънавий мероси, қадриятларига суянган ҳолда, намуна ва ибрат кўрсатишимиз зарур бўлади. Бунга тайёрмисиз? Жавоб беришдан аввал яна бир бор ўйлаб кўринг. Зеро, жамиятимизда аҳоли ўртасида юқори даражадаги экотарбия ва экомаданиятни шакллантириш билангина Она табиатни бугунги ҳолатда сақлаб қоламиз. Иккинчи йўл йўқ. Экологик таназзулнинг олдини олиш муаммосининг ечими ҳам шунда.

Теглар:#2017/47

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Инсон ҳаётига таҳдид соладиган хасталикТиббий сабоқлар

Инсон ҳаётига таҳдид соладиган хасталик

Она ва бола саломатлиги соғлом жамиятни яратишда муҳим ўрин тутади. Бу, аввало, оиланинг мустаҳкам бўлиши ва она-боланинг саломатлиги билан боғлиқдир. Афсуски, ҳозирги пайтда, ҳаёт

04.12.2023285
Йод етишмовчилиги жиддий муаммоЖамият

Йод етишмовчилиги жиддий муаммо

Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш

23.03.2023782
Она сутининг бола ҳаётида аҳамияти қанчалик муҳим?Саломатлик

Она сутининг бола ҳаётида аҳамияти қанчалик муҳим?

Пойтахтимизда сақлаш вазирлиги ва ЮНИСЕФ ташаббуси билан “Она сути билан озиқлантириш бўйича ахборот бериш салоҳиятини кучайтириш” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди. Унда Қор

26.07.2024327
Самарқанд сеҳрини ҳис этиб...Тиббий сабоқлар

Самарқанд сеҳрини ҳис этиб...

Ер юзининг сайқали Самарқанднинг таърифи етти иқлимга маълум. Айниқса, кун сайин ривож топаётган туризм салоҳияти маҳаллий ва хорижий туризм ишқибозларини ўзига чорламоқда. ”ERIELL

31.03.2023298