Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Йўл юзидаги аёл. У келаётган ва кетаётган манзиллар

21.06.2018
61 марта ўқилди
Йўл юзидаги аёл. У келаётган ва кетаётган манзиллар

 Ишга ҳар куни йўналишли таксида қатнайман. Йўл-йўлакай, ён-атрофни томоша қилиб, одамлар табиатини ўрганаман. Шу боис, кунда бир янгиликка дуч келишим аниқ. Лекин бир ҳолат борки, уни янгилик ҳам деб бўлмайди. Шунчаки ечимини кутаётган муаммо...

Пойтахтимиздаги “Қўйлиқ”, “Уч қаҳрамон”, “Чорсу” ва яна бир қанча одамлар гавжум бўлган масканлар атрофидаги вақтинчалик ишсизлар “бозори”да саргардонликда юрган аёлларни кўрганимда, юрагимга оғриқ туради. Бироқ, бу сафар улар олдидан шунчаки ўтиб кетолмадим. Аёллар билан яқиндан суҳбатлашишни, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганишни мақсад қилдим:

– Исмим Маҳбуба. Тошкент вилояти, Паркент туманида доимий рўйхатда тураман. “Меҳрибонлик” уйида катта бўлганман. Коллежни тамомлаганимдан сўнг, бир ўқитувчи аёл мени қарамоғига олиб, турмушга узатди. 2 йилдан сўнг эрим шаръий хотинга уйланиб, уни ҳам уйимизга олиб келди. Ўзи базўр кун кўраётган эдик, аҳвол янада оғирлашди. Ўша пайтда эмизикли болам бор эди. Тўйиб овқат емаганидан гўдагим ҳар куни “чириллаб” йиғларди. Ота эса беғам. Бу орада икки кундош тез-тез жанжаллашардик. Ахийри, иккимиздан биримиз уйдан кетишимиз керак бўлди. Турмуш ўртоғим эса ёш хотинини танлаб, мени уйдан ҳайдади. Шу билан оталик “масъулияти”дан ҳам қутилди.

Қўлимда 1 ёшли фарзандим билан васийликка олган аёл уйида бир муддат яшадим. Васийликдаги онам вафот этгандан сўнг у ерга ҳам сиғмадим. Уй сўраб маҳаллага, ҳокимиятга бордим. Лекин улар сансоларликдан нарига ўтишмади. Мана 11 йилдирки, уйсизман. Катта оломон ичида аёл бошим билан ҳалол меҳнат қилиб, фарзандимни боқяпман. Боламнинг отаси ўтган вақт оралиғида бирор марта бўлса ҳам ҳолимиздан хабар олмади, мен-ку майли, ҳатто, жигарбандининг тақдирига ҳам қизиқмади.

Маҳбуба Сулаймонованинг сўзларини тинглаб, унинг бемеҳр турмуш ўртоғига нисбатан қалбимда нафрат уйғонди. Унинг ота-онасиз ўсган аёлни хор қилиб, ўз боласини етим қолдириб, кўнгил хотиржамликда яшаётганига ҳайрон қоласан, киши. Ҳали қирққа кирмаган аёлнинг юзлари ажин билан қопланган. Кўзлари маъюс, ҳаётдан умиди сўнган.

Биз эса Маҳбуба Сулаймонова рўйхатда турадиган Паркент туманидаги “Қўшкўприк” маҳалла фуқаролар йиғинига сим қоқдик. Шахсан маҳалла раиси билан суҳбатлашдик. Унинг гапига қулоқ тутинг-а: “Мен бу аёлни охирги маротаба 2006 йил кўрганман. Маҳалламда рўйхатда туришини биламан. Бошқа ҳеч қандай маълумотга эга эмасман. Қаерда, нима иш қилиб юрганини келиб айтмаса, қандай ёрдам кўрсатишим мумкин. Қолаверса, у бошқа жойга турмушга чиққан. Маҳалладан ҳужжатларини олиб кетса ҳам бўлади.”

Ана холос, ўз ҳудудида рўйхатда турган фуқарони 2006 йилдан буён кўрмаган маҳалла раиси ҳақида нима дейиш мумкин?! Хуллас, танқидни давом эттиргандан фойда йўқ. Оқсоқол Дилшод акага масалани аниқ қилиб тушунтирдик. Яъни, одамлар ишониб сайлаган вакил сифатида ўз ҳудудида яшайдиган фуқаросига қандай ёрдам беришини сўрадик. Ахир Юртбошимиз маҳалла раисларига жуда катта ваколатлар берган-ку.

Оқсоқол Маҳбуба опа билан тез кунда учрашиб, гаплашишга, никоҳи бекор қилинмаган турмуш ўртоғининг уйига олиб бориб, ҳуқуқларини тиклаб беришга ваъда берди. Натижани эса кузатиб борамиз.


Хуршида МАҲМАДАМИНОВА,

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Банд бўлмаган аҳолини ишга жойлаштиришни ташкил қилиш бошқармаси бош мутахассиси:

– Мамлакатимизда 2018 йилнинг биринчи чоракдаги ҳолати бўйича 72 фоиз аҳоли иш билан банд. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майдаги қарорига мувофиқ айни пайтда республиканинг ҳар бир туманида Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари фаолият юритмоқда. Ушбу марказлар ишлаш истагида бўлган фуқаролар ҳамда меҳнат муносабатлари ёки меҳнат масалалари бўйича маълумот олмоқчи бўлган фуқароларга хизмат кўрсатади. Шунингдек, уй бекалари учун ҳақ тўланадиган жамоат ишларига ҳунармандчилик, касаначилик, шахсий ва томорқа хўжалиги йўналишларида банд бўлиш, қолаверса, банк кредити ҳисобидан тадбиркорлик қилиш имконияти мавжуд.


– Исмим Раъно. Сурхондарёдан келганман. Икки нафар ақли заиф фарзандим бор. Турмуш ўртоғимда шундай хасталик бўлган. Буни у билан яшашни бошлаганимдан сўнг билганман. Болаларим олдинига соғлом эди. Бу ирсий касаллик ёши катта бўлгач, ривожланаркан. Қизим 23 ёшда. Ҳозир Термиз шаҳридаги руҳий касалликлар шифохонасида. Ўғлим эса 18 ёш. Уни ёнимда олиб юраман. Ҳар қанча уринсам ҳам ўғлимни шифохонага жойлаштиришнинг имкони бўлмади. Отасининг касали қайталанганида фарзандимни ҳам, мени ҳам аямай калтаклайди. Ўғлимнинг аҳволи оғирлашса, у ҳам шу ҳолга тушади. Дориларини вақтида олиб бермасам, касаллиги авж олади. Бир томонда қизимдан хабар олишим керак. Отаси бир сўм пул топмайди, унинг ўзига ёрдам керак.

Хуллас, ўғлимни олиб, онамдан қолган эски уйимга қайтдим. Эрим укаларининг қарамоғида қолди. Уларнинг ўзи шу таклифни беришди.

Эски уй ўз номи билан эски. Электр таъминоти узилган, газ, чироқ йўқ. Уйимнинг деворлари нураган, қишга ярамайди. Шунинг учун ўғлим билан пойтахтга келиб, ишлашга мажбур бўлдим. Мардикорлик қилиб топган пулим квартира пули ва қорнимизни тўйғазишга базўр етаяпти...

Раъно опанинг сўзларини узоқ тингладик. У аёл бўлиб, бир рўшнолик кўрмаган. Болалари хаста онанинг жони азобда.

Раъно опа яшайдиган Денов шаҳридаги “Лолазор” маҳалласи раиси билан боғландик. Мавлуда опа уларнинг пойтахтга кетганидан хабарсиз эканлигини, 4 нафар укаси борлиги учун улар ёрдам беради, деб ўйлаганини айтди. Шу пайтнинг ўзидаёқ, Раъно опанинг укалари яшайдиган уйга борди. Айтишича, тўрт ўғил ҳам отасидан қолган ҳовлида яшашар экан. Телефон орқали уларнинг суҳбатини тинглар эканман, “увол сенга эркаклик номи” дегим келди. Тўрт уканинг бирортаси “опамга ёрдам бераман, ўз қарамоғимга оламан” деб айтмади. Ҳаммаси ўз оиласи, рўзғор ташвиши борлигини айтиб, опаси ўз кунини кўриб юрганини уялмасдан гапиришаяпти.

Маҳалла раиси Раъно опанинг уйини таъмирлаб беришини, қарздорлик тўловларини ҳал этишини ва уйдаги барча шароитни яхшилаб беришни ўз зиммасига олди.

Эҳ, сиз аёллар... Мушкулотни ўз зиммасига олиб, ҳаёт гирдобида тоғдай турибди. Аслида уларнинг ўзига тоғдек суянчиқ керак. Наҳотки, укалар опасининг бу аҳволда юришини ор билишмаса?! 1 ёшида кўрган фарзандининг бугунги аҳволига қизиқмайдиганни инсон дейиш мумкинми? Ахир сенга инсон, эркак деган шарафли ном берилганди-ку!

Шу ўринда масаланинг яна бир жиҳатига тўхталсак. Мардикорликда юрган аёлларнинг кўп қисми оилали, турмуш ўртоғи билан яшайди. Иқтисодий ўсиш даврида пул асосий омилга айланганини ҳисобга олсак, рўзғорни эр-хотин баравар тортишга ҳаракат қиляпти. Аёллар билан суҳбатлашганимизда улар ойлик маошнинг озлиги, бўш иш ўринлари йўқлигини айтишди. Демак, муаммони ҳал этиш учун ҳудудларда бўш иш ўринлари яратиш лозим.

Теглар:#Муҳим#2018/25

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Семизлик аёллар умрини қисқартирадими?Саломатлик

Семизлик аёллар умрини қисқартирадими?

«Семизлик аёлларнинг энг асосий қотили ва унга қарши курашга давлат миқёсида эътибор қаратиш зарур». Британиялик шифокор Селли Девис махсус тадқиқот натижасида чиқарилган ҳисоботда

03.06.2023285
Эллик ёшдан ошган аёллар ўтадиган тиббий текширувларТиббий сабоқлар

Эллик ёшдан ошган аёллар ўтадиган тиббий текширувлар

Ёш ўтиши билан иммунитет пасайиб, сурункали касалликлар асоратлари ва янги хасталиклар пайдо бўлиш эҳтимоли ортади. Шунинг учун 50 ёшдан кейин шифокорлар барча аёлларга режали рави

08.09.2023152
Ортиқча вазнли  инсонлар  учун соғлом  овқатланишнинг 5 та муҳим қоидасиСаломатлик

Ортиқча вазнли инсонлар учун соғлом овқатланишнинг 5 та муҳим қоидаси

1-қоида. Кунда 3 маҳал асосий овқатланиш шарт: – нонушта; – тушлик; – кечки овқат. Асосий таомни имкон борича, қорин очмасдан бир вақтда истеъмол қилиш керак. Шунингдек, асосий овқ

10.09.20241132
Она сутининг бола ҳаётида аҳамияти қанчалик муҳим?Саломатлик

Она сутининг бола ҳаётида аҳамияти қанчалик муҳим?

Пойтахтимизда сақлаш вазирлиги ва ЮНИСЕФ ташаббуси билан “Она сути билан озиқлантириш бўйича ахборот бериш салоҳиятини кучайтириш” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди. Унда Қор

26.07.2024327