Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Яхшилик, ғамхўрлик маънавий юксалишнинг бош мезони саналади

22.12.2014
66 марта ўқилди
Яхшилик, ғамхўрлик маънавий юксалишнинг бош мезони саналади

Ҳар бир оқил инсоннинг ва жамиятимизнинг муқаддас вазифаси, айтиш мумкинки, ҳаётининг маъноси қобил фарзандлар ўстириш, уларни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан мукаммал қилиб тарбиялаш, камолини кўриш, ота-онасига, Ватанга садоқатли кишилар этиб вояга етказишдан иборатдир.

Ислом КАРИМОВ

1949-йил дунёда рўй берган талафотлар сабаб кўп болалар ота-онасидан етим қолган. Ана шундай вазиятда Австриянинг Имст шаҳрида Герман Гмайнер исмли шахс биринчи СОС – болалар шаҳарчасига асос солган. Вақт ўтган сайин ҳомийлар ва ҳаммаслакларнинг қўллаб-қувватлаши туфайли “СОС – Киндердорф Интернатионал” халқаро хайрия ташкилоти бутун дунё болаларига ёрдам бера оладиган даражага етди. Ҳозирги пайтда дунёнинг 132 мамлакатида 450 та СОС болалар шаҳарчалари фаолият юритмоқда.

СОС (Саве оур соул – “бизнинг қалбимизни қутқаринг”, “ижтимоий ҳимоя” маъноларини англатади) болалар маҳаллалари ота-она ғамхўрлигидан эрта жудо бўлган болаларни тарбия қилишнинг оилавий моделидир.

“Ўзбекистон СОС болалар маҳаллалари уюшмаси” хайрия ташкилоти ҳам Ўзбекистон республикаси ҳукумати ҳамда “СОС – Киндердорф Интернатионал” халқаро хайрия ташкилоти ўртасидаги келишувга асосан Вазирлар Маҳкамасининг 1997-йилги қарори билан ташкил этилган. Уюшма фаолиятининг асосий йўналишлари – қаровсиз қолган болаларга узоқ муддат давомида ғамхўрлик кўрсатишдан иборат.

Тошкент СОС болалар маҳалласи ҳам ана шундай эзгу мақсадларни кўзлаб барпо этилган. Ҳудудда 14 та уй, МТМ, спорт ва ўйин майдончалари мавжуд. Маҳалланинг “Меҳрибонлик” уйидан фарқи шуки, бу ерда ака-укалар, опа-сингиллар бир-биридан ажратилмай, бир оилада тарбияланади. Фарзандсиз аёллар ҳам ўз оилаларига эга бўлади. Ҳар бир хонадонда олти, ёки етти нафар бола тарбиячи она назоратида яшайди.

Хонадонларда меҳмон бўлсангиз оддий ўзбек оиласига мос шарт-шароитнинг гувоҳига айланасиз. Иккитадан ювиниш хонаси, қизлар ва ўғил болалар учун алоҳида ётоқхона, дарс хонаси, компютер, кир ювиш машинаси, телевизор, хуллас, яхши яшаш учун барча шароит муҳайё. Она болаларининг мактабдан келишига мазали таомлар тайёрлайди ва барчаси бир дастурхон атрофига йиғилади.

– Болалар шаҳарчасида беш йилдан буён яшайман, – дейди Анора Ниғматуллаева. – Олти нафар болам бор. Уларнинг миллати ҳар хил лекин барчаси ўзбек тилида сўзлашади. Уйимизда барча қулайликлар бор, аммо болалар учун бу етарли эмас. Яъни улар меҳрга ташна, ота-онасини соғинади. Ана шундай пайтларда ҳар доимгидан ҳам кўпроқ уларнинг ёнида бўламан. Улар мени “ойижон” деб чақиради. Қалбимдаги барча оғриқларим унутилиб, болаларим билан ўзимни бахтли ҳис этаман. Қизларим, ўғилларим билан сирлашаман. Барчамиз биргаликда бозор-ўчар қиламиз. Дам олиш кунлари теварак-атрофда ободанлаштириш ишларини олиб борамиз.

Дарҳақиқат, атрофни кўздан кечирар экансиз, саранжом-сариштали маҳаллада аҳил оилалар яшаётганига ишонч ҳосил қиласиз. Айни кунларда маҳалладаги энг катта арчани янги йил учун безатишмоқда. Йигитлар атрофга ранг-баранг чироқлар илишмоқда, қизлар эса ялтироқ қоғозлардан арча ўйинчоқларини ясашяпти. Четдан туриб бу манзарини кузатар экансиз, болаларнинг беғубор нигоҳидан завқланасиз.

Шаҳарча болалари ҳар бир байрамни чексиз қувонч билан нишонлайди. Айниқса, туғилган кунларда оналар ва болалар биргаликда ширинликлар, турли таомлар тайёрлашади.

– Бу ерда ўзимни ўз уйимдагидек ҳис қиламан, – дейди ўн уч ёшли Азиз Аҳмедов. – Келган вақтларим кўникишим қийин бўлган. Лекин онамнинг ширин сўзлари, ака-укаларимнинг бағрига босиб меҳр бериши, қўшниларимизнинг ҳамжиҳатлилиги сабаб тез орада ўзимни шу маҳалланинг аъзоси деб билдим. Онам мактабимизда ўтказиладиган ота-оналар мажлисига боради. Дарс тайёрлашимда кўмаклашади. Футбол тўгарагига қатнаганим учун баъзида уйга кеч қолсам эшик ёнида ўтириб мени кутади. Бу маҳаллада яшаётганимдан, Юртбошимизнинг бизга қилаётган ғамхўрлигидан хурсандман. Келажакда, албатта, Ватанимга муносиб фарзанд бўламан. Ҳарбий либос кийиб, юртим олдидаги вазифамни бажараман! Ана ўшанда мен халқимнинг жасур ўғлони бўлиб, кўксимда юрт шаънини олиб юраман.

Кўнглида Ватан туйғуси билан улғаяётган бу болалар ўзларининг ҳамиша эътиборда эканидан бахтиёрдир. Айни кунда маҳаллада 70 нафар бола истиқомат қилади. Маҳаллада футбол, шахмат, рақс ва адабиёт тўгараклари ташкил қилинган. Бундан ташқари, болалар бошқа мактабларга бориб ёки махсус курсларда чет тилларидан сабоқ олишади. Санъатга иштиёқманд ёшлар турли фестивалларда иштирок этади. Спортчи болалар ҳам чемпионатларда қатнашиб, қалбида сўнмас ғайрат билан ғолибликни қўлга киритмоқда. Ҳар бир бола ўзининг ҳаёт йўлини танлашга интилмоқда.

Ўн олти ёшга тўлган болалар маҳалладан “учирма” бўлишади – мустақил ҳаётга қадам қўяди. Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан ажратилган Ёшлар Уйида яшай бошлайдилар. Бу ерда ҳам педагог ва тарбиячилар улар билан ҳамнафас.

Тошкент шаҳар ҳокимияти СОС Ёшлар уйи учун тўққиз қаватли турар жой биносининг биринчи қаватидан бир неча хонадонни ажратган. Ётоқхоналар замонавий мебел, гилам, телевизорлар билан жиҳозланган, алоҳида ошхонага эга. Ўсмирлар бу ерда тарбиячилар назоратида бўлади.

“Боланинг бегонаси бўлмайди”, деган нақлга амал қиладиган халқимиз фарзандларини энг аввало, она юртнинг истиқболли келажаги сифатида кўришади, меҳр билан парваришлайди. Атрофдагилардан фақат ва фақат яхшилик кўрган болалар келгусида ҳеч шубҳасиз элпарвар, юрцевар инсонлар бўлиб камол топади. Болалар шаҳарчасида яшаётганлар ҳам ана шундай қайноқ меҳр, чексиз ғамхўрлик руҳида вояга етмоқда. Келажакда улар яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, юксак марралар пиллапоясидан кўтарилишади ва мустақиллигимизнинг барқарорлигига муносиб ҳисса қўшади.

Теглар:#2014/51

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Бошни ювиб,  кўчага чиқиш соғлик учун хавфлиТиббий сабоқлар

Бошни ювиб, кўчага чиқиш соғлик учун хавфли

Баъзи инсонлар қандай шароит бўлмасин, тонгда илиқ ванна қабул қилишни хуш кўради. Айримлар эса эрталаб бошини ювиб, ишга ёки ўқишга боришга одатланган. Хўш, бу қанчалик тўғри? Бош

03.01.20251330
Чақалоқнинг бош соҳасини эҳтиёт қилишда нималарга эътибор бериш зарур?Тиббий сабоқлар

Чақалоқнинг бош соҳасини эҳтиёт қилишда нималарга эътибор бериш зарур?

Янги туғилган боланинг суяги мўрт бўлади. Озгина эҳтиётсизлик ҳам унда тузатиб бўлмас асоратларга сабаб бўлиши мумкин. Айниқса, жазирама кунларда чақалоқнинг бош соҳаси жиддий эъти

08.09.2023155
Теридаги холлар онкологик муаммоларга сабаб бўладими?Жамият

Теридаги холлар онкологик муаммоларга сабаб бўладими?

Хол одамнинг бўйин ёки бош каби аъзоларида жойлашган бўлса, уни жароҳатланишдан эҳтиётлаш лозим. Чунки бўйинга ҳар куни кийимларнинг ёқаси тегиб ишқаланади. Бошда бўлса, сочни тара

11.08.2023670
Бола неча ёшдан спорт билан шуғулланишни бошлагани маъқул?Спорт

Бола неча ёшдан спорт билан шуғулланишни бошлагани маъқул?

Фарзандлар соғлом ўсиши учун уларнинг тўғри овқатланиши билан бирга, жисмоний фаоллиги муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ота-оналар ўғил-қизлари учун спорт тўгараги танлашда уларнинг ёш

04.10.2024974