Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Соғлом фикрлаш соғлом ҳаёт асосидир

29.09.2016
245 марта ўқилди
Соғлом фикрлаш соғлом ҳаёт асосидир

Ўзбекистон Валеологлар Ассоциацияси раиси, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти “Валеология” кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Шуҳрат Иргашев билан қилган суҳбатимиз валеология соҳаси истиқболлари хусусида бўлди.

– Шуҳрат Боисович, республикамизда валеология мактабига асос солган йирик олим сифатида бу соҳа ҳақида кенгроқ маълумот берсангиз.

– Валеология – тиббиётда янги йўналишдаги фан ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2006 йилнинг ноябрида тиббиёт ихтисосликлари реестрига киритилди. Валеология фаол ва соғлом ҳаёт кечиришни ўргатувчи, илмий жиҳатдан исботланган ва ўта зарур фан. Шифокорлар аҳоли ўртасида тиббий маданият ва ўз саломатлигига масъулиятни шакллантирувчи мутахассис сифатида валеология фанини ўрганишлари шарт.

Валеология лотинча “valeo” – “саломатлик”. “logos” – “таълим, илм-фан” деган маънони англатади. Валеологларнинг асосий мақсади инсон организмининг саломатлигини асраш, авайлаш ва бошқаришдан иборат. Муҳими, аҳолининг соғлом турмуш тарзини яхшилашга ҳисса қўшишдир.

Валеология соҳасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Аввало, соғлом инсоннинг саломатлигини асраш ва муҳофаза қилиш. Маълумки, тана тузилиши анатомик жиҳатдан ўхшаш бўлса-да, аммо, ҳар бир одам – ўзга бир олам. Хасталикка чалиниш ҳаммада ҳар хил кечади. Буни эътиборга олган ҳолда ҳар бир инсоннинг мижози, жисмоний ва руҳий ҳолати, феъл-атвори, яшаш ва ишлаш шароити, нимага қизиқиши, соғлиғи чуқур ўрганилиб, унга индивидуал, яъни алоҳида маслаҳатлар ҳамда тавсиялар бериш лозим.

Соғлом одамнинг имкониятларини ўрганиш жуда муҳим. Дейлик, янги туғилган чақалоқларнинг бири ҳар жиҳатдан соғлом бўлса, баъзилари заифроқ бўлади. Бу эса инсон ҳаётида ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Шунинг учун уларнинг саломатлик ҳолатига қараб керакли тавсиялар берилади. Бу жараённи “саломатлик даражаси” деб атаймиз. Айни пайтда кафедрамиз мутахассислари шу масалада Марказий поликлиникаларнинг бирида инновацион грант асосида иш олиб боришмоқда. Валеологлар математик олимлар билан ҳамкорликда изланиш олиб боришмоқда. Улар олиб борилган ишлар натижаларини компьютер базасига киритиб, саломатлик индексини аниқлаш борасида дастур тайёрлашаяпти. Бу дастурга ҳар бир одамнинг маълумотлари жойлаштирилади. Демак, у саломатлик индекси асосида индивидуал соғломлаштириш дастурига эга бўлади. Энди бу инсонга саломатлигини сақлаш ва касалликнинг олдини олиш юзасидан маслаҳатлар берилади

– Соғлом турмуш тарзи дастури инсоннинг ички имкониятларини янада кучайтириши ва унинг умрини узайтиришда ҳам ўз самарасини берар экан-да?

– Албатта. Соғлом турмуш тарзи тўртта алоҳида дастурдан иборат.

Биринчиси – оқилона овқатланиш. Ҳар бир киши кунига беш маҳал, ўз вақтида ва тўғри овқатланиши шарт. Жисмоний ҳаракат ҳамда касбий меҳнатни ҳисобга олган ҳолда калорияли таомлар истеъмол қилиши керак. Овқатланиш меъёрига қатъий риоя қилиш лозим. Агар, қанча калория сарф бўлса ва шунча калория билан унинг ўрни тўлдирилмаса, яъни, овқатланиш меъёри бузилса, одам ё кучсизланади, ёки семириб кетиши мумкин. Ўз вақтида витаминларга ва минералларга бой сифатли таомлар билан овқатланган кишининг кайфияти чоғ, бардам бўлиб юради. Бу унинг ҳаёт тарзи, оиласи ва касб-корига ижобий таъсир кўрсатади.

Иккинчиси – жисмоний ҳаракат. Ҳар бир киши ўзи учун жисмоний ҳаракат дастурига эга бўлиши керак. Организм ҳолатига қараб, кимгадир ҳар куни пиёда юриш, кимгадир сузиш тавсия қилинади.

Учинчиси – психоэмоционал саломатлик. Бунда ҳар бир соғлом киши учун индивидуал антистресс дастурдан фойдаланилади. Дастурга асосан ҳар бир одамнинг ҳис-туйғулари қаттиқ назорат қилинади. Унинг нимадан ҳаяжонланиши ёки қандай ишларни бажарса камроқ стресс (руҳий зўриқиш) олиши аниқланади ва буларни эътиборга олган ҳолда унга фойдали тавсиялар берилади.

Тўртинчиси – репродуктив ва сексуал саломатлик. Бу дастурга асосан аёллар ҳомиладор бўлишидан олдин ҳар томонлама текширилади. Уларнинг ҳар бирининг соғлиги эътиборга олинади. Фарзанд кўриш фурсати, умри мобайнида нечта фарзанд кўриши мумкинлиги ҳақида тавсиялар берилади. Шуни унутмаслик керакки, оилада эр-хотин муносабати, уларнинг кайфияти, соғлиги – жинсий ҳаётнинг тўғри йўлга қўйилишига ҳам боғлиқ. Бу нозик масала бўлгани боис, оилавий шароит, менталитетимиз, ахлоқий меъёрлар ва бошқа шу каби муҳим жиҳатлар эътиборга олинади.

Бир сўз билан айтганда, валеология – турли фанлар, масалан биология, гигиена, физиология, психология, экология, фалсафа, иқтисодиёт, спорт ва жисмоний тарбия фанлари ютуқларини ўзида мужассам этган.

– Шу сабабли ҳам валеологлар сафи кенгайиб бораётгани бежиз эмас экан – да?

– Биз валеологлар савобли ишни амалга ошириш ниятида фаолият олиб борамиз. Бирор бир одамни касалликка чалинишини кутмаймиз. Ҳар бир инсонни узоқ яшаб, бутун умр соғлом ва бақувват бўлишининг тарафдоримиз. Шунинг учун соғлом турмуш тарзини яхшилаш борасида аҳолига кенг ва самарали тавсиялар берамиз.

Ўзбекистон Валеологлар Ассоциациясининг асосий мақсадларидан бири аҳолини соғломлаштиришда фақатгина тиббиёт ходимларини эмас, балки, одамлар саломатлигига, эл-юрт фаровонлигига фидойи бўладиган барча кишиларни жалб этишдир. Шунинг учун ҳам уюшма аъзоларининг сафи кенгайиб бораяпти.

Тошкент врачлар малакасини ошириш институти “Валеология” кафедраси ҳамда Ўзбекистон Валеологлар Ассоциацияси ходимлари соғлом турмуш тарзини ҳаётга татбиқ этишни ўз бурчи деб билади. Зеро, ҳар бир инсоннинг ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлиши, нафақат ўзининг, оила аъзоларининг, балки, жамиятимизнинг, элу юртимизнинг ҳам улкан бахтидир!

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Ортиқча вазнли  инсонлар  учун соғлом  овқатланишнинг 5 та муҳим қоидасиСаломатлик

Ортиқча вазнли инсонлар учун соғлом овқатланишнинг 5 та муҳим қоидаси

1-қоида. Кунда 3 маҳал асосий овқатланиш шарт: – нонушта; – тушлик; – кечки овқат. Асосий таомни имкон борича, қорин очмасдан бир вақтда истеъмол қилиш керак. Шунингдек, асосий овқ

10.09.20241132
Болалар учун ингаляция: ота-оналар  билиши шарт бўлган қоидаларТиббий сабоқлар

Болалар учун ингаляция: ота-оналар билиши шарт бўлган қоидалар

Совуқ ҳарорат аксарият ҳолларда саломатликка салбий таъсир қилиши аниқ. Оқибатда турли вирус ва бактериялар таъсирида грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар кўпаяди. Айниқса

04.02.20252726
Она сутининг бола ҳаётида аҳамияти қанчалик муҳим?Саломатлик

Она сутининг бола ҳаётида аҳамияти қанчалик муҳим?

Пойтахтимизда сақлаш вазирлиги ва ЮНИСЕФ ташаббуси билан “Она сути билан озиқлантириш бўйича ахборот бериш салоҳиятини кучайтириш” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди. Унда Қор

26.07.2024327
Кузги аллергия шамоллаш ва гриппдан қандай фарқланади?Тиббий сабоқлар

Кузги аллергия шамоллаш ва гриппдан қандай фарқланади?

Куз фаслида бурун оқиши, аксириш, йўтал, кўз ёшланиши ва қичишиши каби белгилар тез-тез учрайди. Кўпчилик бундай аломатларни шамоллаш ёки грипп билан боғлайди. Аслида эса улар мавсумий аллергиядан ҳам дарак бериши мумкин. Хўш, кузги аллергиянинг асосий сабаблари нималар? Уни ЎРВИ ва гриппдан қайси белгилари орқали фарқлаш мумкин?

23.10.20261627