Кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрининг “Чорсу” галереясида республикамизнинг турли ҳудудларидан келган ҳунармандлар томонидан яратилган ноёб 250 та дўппи нусхаларининг кўргазмаси иш бошлади. Ушбу кўргазма Самарқанд Давлат музей-қўриқхонаси ва “Чорсу” тасвирий санъат галереяси томонидан ташкил этилди.
Ўзбек халқида дўппи бошни турли салбий таъсир ва ёмонликлардан асровчи восита сифатида қадрланади. Шу сабабли ҳам аҳоли бу бош кийимларини ардоқлаб, баландроқ жойга қўйиб, асраб-авайлашган.
Дўппи нафақат ўзбек халқининг, балки Ўрта Осиёда яшовчи бошқа халқларнинг ҳам севимли бош кийими саналади. Аждодлардан авлодларга дўппиларнинг турли нусхаларини тикиш мерос бўлиб, ўтиб келмоқда. Шунингдек, дўппилар қадрият ва анъаналарнинг ажралмас бир қисмидир, десак муболаға бўлмайди.
Дўппи сўзининг асл ўзаги ҳам туркий тилда – тепа, дўнглик деган маънони англатади. Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида дўппи қалпоқ деб аталса, лоқай уруғидагилар уни “такя”, “такия”, Хоразм аҳолиси “тахя” номи билан юритади.
Дўппининг яратилиш тарихи олис ўтмишга бориб тақалади. Бу бош кийимга ўхшаш нусхаларни қадимги ҳайкалчалар, тангалар, деворларга солинган расмларнинг парчаларида ва ўрта асарларда чизилган миниатюраларда учратиш мумкин.
Асосан хотин-қизлар дўппи тикиш билан шуғулланишган. Ҳар бир ҳунарманд дўппининг бетакрор, янги нусхаларини яратишга ҳаракат қилган. Шу сабабли ўзбек дўппилари ўзига хослиги билан ажралиб турган. Халқ амалий санъатининг ноёб дурдонаси бўлмиш дўппи тикиш санъатида бир-бирини такрорламайдиган, атиргул, чиннигул, гулсафсар, лола, хўроз тожи, бодом, қалампир, бодом гуллари, товус, хўроз, булбул тасвирлари ўз аксини топган.
Айниқса, дўппиларда тасвирланган бодом шакли бахт ва тўкин-сочинлик рамзи, тириклик, ҳаёт тимсоли ҳисобланади. Бу бош кийими тўртбурчак, думалоқ, конуссимон кўринишда тикилади. Дўппи асосига оқ, қора, яшил, қизил, тўқ кўк мато ишлатилади. “Ироқи”, “босма”, “пилтадўзи”, Бухоро дўппилари эса зар иплар билан “зардўзи” усулида яратилади.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
Тиббий сабоқларСамарқанд сеҳрини ҳис этиб...
Ер юзининг сайқали Самарқанднинг таърифи етти иқлимга маълум. Айниқса, кун сайин ривож топаётган туризм салоҳияти маҳаллий ва хорижий туризм ишқибозларини ўзига чорламоқда. ”ERIELL
МаданиятМаънавият – билимлар асоси
Ташкент давлат техника университети “Геология қидирув ва кон металлургия” йўналишига тегишли ётоқхонада яшовчи талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш одат тусига айланган. Б
МаданиятХалқаро кўргазма: кўриб чиқиш ва намойиш этиш платформаси
"Ўзэкспомарказ" павильонларида 15-юбилей Марказий Осиё "Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2024" халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Бу йил 15 йиллигини нишонлаётган C
МаданиятЎЗБЕКИСТОНДА МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТДИ
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ва ОАВ миллий ассоциацияси томонидан ташкиллаштирилган Маданий мерос ҳафталиги ўз якунига етди
