
Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири ва Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурига мувофиқ, бажарилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, юртимиздаги зиё масканлари фаолиятини тубдан яхшилаб, таълим сифатини жаҳон андозалари даражасига олиб чиқмоқда. Бугун барча имкониятларга эга бўлган мактаблар, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежларида пухта билим олиб, касб сирларини мукаммал ўрганаётган ёшларнинг иқтидори ва салоҳиятига чиндан-да ҳавас қилсанг арзийди.
Ўқитувчиликдек шарафли касб эгаси бўлишни орзулаган 1500 нафардан зиёд йигит-қиз бугун Каттақўрғон педагогика коллежида таҳсил олмоқда. Бўлғуси педагог мураббийларга “Ихтисослашган (махсус) ва бошланғич таълим муассасалари тарбиячиси”, “Жисмоний тарбия ва болалар спорти мураббийи”, “Мактабгача таълим муассасалари тарбиячиси”, “Мактабдан ва синфдан ташқари тарбиявий ишлар ташкилотчиси” каби олтита йўналиш бўйича 140 нафарга яқин малакали ўқитувчи, ёшларга фан ва касб сирларини ўргатмоқда.
Таълим даргоҳида ўқувчиларнинг таҳсил олишлари учун барча шароитлар яратилган. Замон талаблари асосида жиҳозланган фан ҳамда лаборатория хоналари ўқувчилар ихтиёрида. “Табиатшунослик”, “Биология”, “Кимё”, “Физика” хоналарида ўқувчилар олган назарий билимларини ўтказиладиган амалий машғулотларда мустаҳкамлаб бориш имконига эга.
Шунингдек, коллежда чет тилларини ўқитиш бўйича илғор тажрибалар қўлланилмоқда. Феруза Асролова, Дилбар Давидова, Дилноза Эшонқулова, Шоҳиста Рашидова, Муқаддам Фозилова каби малакали ўқитувчилар ўқувчиларга янги педагогик технологиялар асосида билим бермоқда.
Коллеж директори Шаҳрибону Ҳамраеванинг таъкидлашича, таълим соҳасида ўқувчиларнинг бандлигини таъминлаш, уларни маълум йўналишларга қизиқтириш энг муҳим масала ҳисобаланади. Шуни инобатга олиб, коллежда 17 та фан тўгараги ва 9 та спорт сексиялари фаолият кўрсатиб келмоқда.
Муассаса ҳаёти билан танишар эканмиз, мазкур тўгараклар ўқувчилар билан гавжумлиги, машғулотлар қизиқарли ўтаётганига гувоҳ бўлдик. Айниқса, коллеж ҳамда туман миқёсидаги турли оммавий байрамлар Дилбар Абидова раҳбарлигидаги “Дуторчи қизлар”, Малика Салоҳиддинова раҳбарлигидаги “Раққоса қизлар”, Малоҳат Шомуродова раҳбарлигидаги “Зулфияхоним қизлари” тўгараги аъзоларининг иштирокисиз ўтмайди.
Коллежда ўқувчиларнинг спортга бўлган қизиқишини ошириш ва соғлиғини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар яхши самара бермоқда. Бу ерда замонавий спорт зали, футбол, баскетбол, волейбол майдонлари, югуриш йўлаклари, ўқувчиларнинг мунтазам спорт билан шуғулланишларига замин яратмоқда. Мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб келаётган Барно Зиёдуллаева, Дилшода Норқулова, Донобек Ҳошимов каби ўқувчилар яқинда “Камолот” ЁИҲ Каттақўрғон шаҳар кенгаши, шаҳар маданият ва спорт ишлари бўлими, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси шаҳар бўлими томонидан ўтказилган “Камолот шахмат тахтаси” коллежлараро спорт мусобақасида фахрли биринчи ўринни эгаллаб, вилоят босқичида иккинчи ўринни қўлга киритди. Ҳозирда ўқувчилар жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Одил Ашуров бошчилигида навбатдаги мусобақларга пухта ҳозирлик кўрмоқда, – дейди ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Санъат Азизов.
Мазкур таълим муассасасида спортга берилаётган эътибор ва қўлга киритилаётган натижалар юқори бўлгани боис, Каттақўрғон педагогика коллежида илк бор “Қарабтеп” халқ миллий ўйини бўйича республика мусобақалари ўтказилди. Беллашувнинг қизлар ўртасида бўлиб ўтган баҳсларида Дилобар Файзуллаева ғолибликни қўлга киритган бўлса, ўсмирлар ўртасидаги мусобақларда Сухроб Ҳамдамовга тенг келадигани топилмади. Жамоавий баҳсларда ҳам коллеж жамоаси биринчи ўринни эгаллади.
– Бу муваффақиятларнинг дебочаси, – дейди жисмоний тарбия ўқитувчиси Мухтор Эшқувватов. – Ишонаманки, коллеж ўқувчилари бундан-да юқори ютуқларни қўлга киритиш йўлида тинимсиз машғулотлар олиб борамиз.
Чиндан ҳам, ҳар бир таълим муассасаси ўзининг тартибли, билим ва салоҳиятли ўқувчилари билан фахрланади. Каттақўрғон педагогика коллежи ўқувчилари фан олимпиадаларида ҳам муносиб иштирок этиб, яхши кўрсаткичларга эришмоқдалар. Ўтган йилнинг ўзида она тили ва адабиёти фанидан Назокат Олимова, рус тили фанидан Гиёхон Ҳусанова, информатика фанидан Гулчеҳра Нуриддинова, тарих фанидан Нилуфар Тошботирова каби ўқувчилар олимпиаданинг вилоят босқичида муваффақиятли иштирок этди. Жорий йилда эса кўплаб ўқувчилар қатор фанлар бўйича биринчи босқич фан олимпиадасида иштирок этиб, юқори кўрсаткичларга эришди. Бу ютуқларнинг қўлга киритилишида Сайёра Ражабова, Моҳинур Тошботирова, Дилрабо Аҳмедова каби тажрибали ўқитувчиларнинг Самарқанд давлат университети қошидаги “Малака ошириш ва қайта тайёрлаш” ўқув курсларида ўз тажрибаларини ошириб қайтгани қўл келмоқда.
– Тажриба алмашиш педагогни ўз устида ишлашига замин ҳозирлайди, – дейди “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси Шоҳиста Рашидова. – Ёшларнинг пухта билим олиши янги педагогик йўналишлар орқали амалга оширилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Сир эмаски, ижтимоий ҳамкорлик таълим соҳасида ҳам ўзининг ижобий самарасини бермай қолмайди. Шунинг учун коллеж раҳбарияти Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари, шаҳар ФҲДЁ бўлими, шаҳар “Саломатлик” маркази, шаҳар тиббиёт муассасаларининг шифокорлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, ҳамкорлигида ёшларга оид турли мавзуларда учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилиб турилади. Мунтазам ташкил этилган давра суҳбатлари, тарғибот-тушунтириш ишлари ёшлар орасида жиноятчиликнинг олдини олишга хизмат қилмоқда. Шунингдек, ўқувчи ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғусини шакллантириш мақсадида ўтказилаётган “Шунқорлар” ҳарбий спорт мусобақасида коллежнинг “Қалқон” гуруҳи биринчи ўринни эгаллаб, вилоят босқичида иштирок этишга муваффақ бўлди.
– Коллежни тамомлаш бўсағасида турган ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишлари учун давлатимиз томонидан кўплаб имтиёзлар мавжуд, – дейди таълим муассасаси касбий таълим ишлари бўйича директор ўринбосари Шафоат Тошева. – Ўз тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш мақсадидаги битирувчи ёшларга имтиёзли кредитлар ажратилаётгани нур устига нурдир. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 120 нафар ўқувчи ана шундай имтиёзли кредит олишга муваффақ бўлди.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
МаданиятМаънавият – билимлар асоси
Ташкент давлат техника университети “Геология қидирув ва кон металлургия” йўналишига тегишли ётоқхонада яшовчи талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш одат тусига айланган. Б
Тиббий сабоқларБолага уй шароитида муолажа қилишда ота-оналар қандай хатоларга йўл қўяди?
Совуқ ва ёғингарчилик – ўткир респиратор вирусли инфекциялар авж олиши учун қулай муҳит. Ана шу даврда шамоллаш ва грипп сингари мавсумий касалликлар болалар ўртасида кенг тарқалад
Тиббий сабоқларГовмижжа пайдо бўлишининг асосий сабаби бу...
Бу хасталик кўпчилик учун кутилмаганда бошлангандек таассурот уйғотади. Қолаверса, аксарият беморлар унинг келиб чиқиш сабабларидан ҳам яхши хабардор эмас. Чунки бу дард безовталик
Тиббий сабоқларХотирани қандай мустаҳкамлаш мумкин?
Кўпчилик 60 ёшдан ошгандан кейин (айримларда ундан 5-10 йил олдин ҳам) эшитган, кўрган, ўқиган нарсаларини, воқеа-ҳодисалар (хусусан, таниш-билишларнинг исми-шарифи, жой номлари,
