Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Ижтимоий ҳимоя намунаси

30.10.2014
59 марта ўқилди
Ижтимоий ҳимоя намунаси

Бугунги кунда республикамиздаги 9 минг 739 та умумий ўрта таълим мактабларида имконияти чекланган (ёрдамга муҳтож, руҳий ёки жисмоний ривожланишида муаммоси бор) болалар таълим-тарбия олишлари учун махсус синфлар ташкил этилган. Шунингдек, уй шароитида таълим олишлари учун алоҳида ўқув режа ва дастурлар ишлаб чиқилган.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, айни дамда юртимизда жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун мўлжалланган 86 та махсус мактаб-интернат ва мактаблар фаолият юритмоқда. Уларда 17 минг 919 нафар, 23 та санатория туридаги мактаб-интернатларда эса 6 минг 300 нафар, умумтаълим мактабларда 28 минг 890 нафар имконияти чекланган ўқувчи, 183 та мактабгача таълим муассасаларида 18 минг 118 нафар алохида ёрдамга муҳтож тарбияланувчи таълим-тарбия олмоқда. 10 минг 64 нафар ўқувчи ҳар хил турдаги касалликлар туфайли уй шароитида, якка тартибда таҳсил олмоқда.

Маълумки, дарслик таълим-тарбия жараёнининг асосий таянчи ҳисобланади. Ана шу маънода имконияти чекланган ўқувчилар учун 2007-2013-йилларда 195 номдаги дарслик ва ўқув қўлланма 132 минг 875 нусхада, 27 номдаги методик тавсия, 49 номдаги ўқув дастур чоп этилди. Айни пайтда 2014-2015-ўқув йили учун 53 номдаги 48 минг 156 нусха, шу жумладан кўзи ожизлар учун 17 номдаги дарсликларни чоп этиш жараёни якунланмоқда. Шунингдек, дарс жараёнларини янада мазмунли ва қизиқарли ташкил этиш мақсадида махсус дарсликлардан ташқари 2005-2012-йилларда чиқарилган 36 номдаги аудиодарсликлардан фойдаланилмоқда. Ўқувчиларни Брайл дарсликлари билан таъминланиш 71 фоиз, кар ва заиф эшитувчи, ақлий ривожланишида нуқсони бўлган болалар мактаб-интернатларини махсус дарсликлар билан таъминлаш 76 фоиз, рус тилидаги дарсликлар билан таъминланиш 49 фоизга амалга оширилди. Уйда, якка тартибда таълим олаётган ўқувчилар парта, доска, портфел, 12 номдаги ўқув куроллар билан таъминланган.

Мамлакатимиздаги барча ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқув самарадорлигини ошириш мақсадида “Маҳорат мактаби” йўлга қўйилган. Мазкур амалиёт малака ошириш ва қайта тайёрлаш институтлари ҳамда халқ таълими тизимига педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим омил саналади. Ўқувчилар орасида оммалашиб бораётган “Билимлар беллашуви” клуби эса ўқувчиларнинг билимга бўлган қизиқишларини янада ошириш ва шу асосда ижодий мусобақа муҳитини яратишга муҳим омил бўлмоқда. Шуни таъкидлаш жоизки, 2004-2013 йиллар давомида кўзи ожизлар ўртасида математика ва она тили фанидан ўтказилган республика олимпиадаларида 58 нафар ғолиб ўқувчи имтиёзли равишда олий таълим муассасаларига қабул қилинди. Ўқувчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва ҳуқуқий тарбия самарадорлигини ошириш мақсадида ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда ташкил этилаётган давра суҳбатлари ва семинарлардан ташқари, ҳафтанинг маълум бир куни ҳуқуқий билимларни оширишга қаратилган тадбирларга бағишланиши кўзда тутилган.

Бугунги кунда мактаб-интернатларда таълим олаётган барча ўқувчилар турли йўналишдаги тўгаракларга жалб этилган. Шу каби бадиий ва техник ижодиёти йўналишидаги тўгаракларда 6 минг 355 нафар, спорт сексияларида 3991 нафар, мусиқа йўналишидаги тўгаракларда 1 минг 711 нафар, фан йўналишлари тўгаракларида 2 минг 951 нафар ўқувчи бўш вақтларини унумли ўтказишмоқда. Натижада ўқувчилар турли кўргазма ва мусиқа фестивалларида фаол иштирок этмоқдалар.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, керакли ўқув қуроллари билан таъминлашга давлатимиз томонидан катта ғамхўрлик кўрсатилаётганлигини катта мамнуният билан таъкидлаш лозим. Жумладан, 2003-2013-йиллар давомида жисмоний ва руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун мўлжалланган учта таълим муассасасининг янги биноси қурилди, мавжуд 13 та бино реконструксия, 54 таси капитал таъмирланди.

2014-2016-йилларда ушбу турдаги муассасаларни моддий-техника базасини мустаҳкамлаш режаси бўйича жорий йилда 16 та, 2015-йилда 19 та, 2016-йилда 13 та ихтисослаштирилган таълим муассасалари бинолари реконструксия ва капитал таъмирланиши белгиланган. Жорий йилда жиҳозлаш дастурига киритилган 16 та махсус мактаб-интернатлари ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, компютер техникаси ва спорт анжомлари билан жиҳозланиши кўзда тутилган.

Замонавий таълим тизимининг барқарор ривожланишида имконияти чекланган болаларнинг қонуний манфаатларини таъминлайдиган муқобил таълим-тарбия турларининг ўрни беқиёс. Шундай таълим-тарбия турларидан бири инклюзив таълимдир. Инклюзив таълим имконияти чекланган болаларни соғлом болалар билан бирга ўқитиш шаклидир. Бугунги кунда бу таълим тури изчиллик билан ривожланиб бормоқда. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ЮНИСеФ, ЮНЭСКО, Япония маданий маркази, Осиё тараққиёт банки, Европа Иттифоқи, Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш Фонди, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази, Ўзбекистон махсус олимпиадаси ташкилоти ҳамкорлигида инклюзив таълимни жорий этиш, имконияти чекланган болаларни ижтимоий реабилитация қилиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Теглар:#2014/44

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241176
Болажонлар мароқли дам оладиЖамият

Болажонлар мароқли дам олади

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларининг таътил вақтларини мароқли ўтказиш мақсадида бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда соғломл

01.07.2021143
Бола тишларини кариесдан қандай ҳимоя қилиш мумкин?Тиббий сабоқлар

Бола тишларини кариесдан қандай ҳимоя қилиш мумкин?

Кариес хасталигининг келиб чиқишига нималар сабаб бўлади? Тишларни бу касалликдан қандай ҳимоялаш мумкин? Бир марталик пломболар қанча вақтгача хизмат қилади? ССВ Матбуот хизматини

23.08.2022242
Қуёшнинг хавфли ультрабинафша нурларидан қандай ҳимояланиш керак?Тиббий сабоқлар

Қуёшнинг хавфли ультрабинафша нурларидан қандай ҳимояланиш керак?

Қуёшнинг юқори ультрабинафша нурлари нимаси билан хавфли? Ундан қандай ҳимояланиш керак? Бундай пайтда қуёш нури аллергик реакциялар келтириб чиқаришидан эҳтиёт бўлиш лозим. Хусуса

03.07.2023195