Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Ҳунарда ҳалол насиба бор

17.05.2016
45 марта ўқилди
Ҳунарда ҳалол насиба бор

Мансуржон ота-бобосининг касби – ёғоч ўймакорлигининг сир-асрорларини Мурод бобосидан қунт билан ўрганди. Сирдарё туманидаги “Зиёкор” маҳаллада яшовчилар ушбу авлод вакилларини уста ҳунармандлар сифатида яхши билишади.

Йўлингиз тушиб маҳалладаги бу ҳунармандлар хонадонида бўлсангиз, стол-курсилар, хонтахта, нафис ишланган кўплаб нақшинкор қутича каби ҳунармандчиликнинг беқиёс намуналарини кўриб, ҳайратингиз ошади. Улар ёнғоқ, чинор, қайрағоч каби дарахтлардан ишланган бўлиб, қаттиқ ва чидамли буюмлар сирасига киради.

Яқинда биз ҳам Мурод отанинг устахонасида бўлдик. Эгнида иш кийими ўзига ярашиб турган Мансуржоннинг ишларини кузатдик. Унинг бутун диққат-эътибори навбатдаги буюртмани ниҳоясига етказишга қаратилганди. Устахона саҳни саранжом-саришта, токчаларга зарур асбоб-ускуна ва ҳунармадчилик буюмлари тартиб билан терилган. Ўртада ёнғоқ дарахти бир неча бўлакларга ажратилиб, рандалаб чиқилган. Тайёр буюмларни кўрганингизда ёғоч ўймакорлигининг барча машаққатларини ҳис қилавермайсиз. Аслида бу жуда нозик, ўта эътибор талаб ишдир. Ҳунармандчиликнинг бу тури билан шуғулланувчи ҳам рассом, ҳам уста бўлиши керак. Замонавийлик ва қадимийлик уйғунлашиб ажиб манзара касб этган бежирим буюмларни кузата туриб, забардаст қўлларга тасаннолар айтасиз.

Пиру бадавлат отахон Мурод Ражабов ёғоч бўлакларини силлиқлаб рандалашдан то бирор буюм тайёр бўлгунча фарзандлари Баҳром, Маъмуржон ва Умиджон Ражабовлар ёнидан кетмайди. Ҳам ота, ҳам талабчан устоз сифатида бўш вақтларида ёғоч ўймакорлигининг ўзига хос миллий анъаналаридан сўзлайди, уларни асрашга ундайди. Ўғилларини ўз ҳаётларига мазмун киритиши ва турмушининг фаровон бўлиши учун бу ҳунарни эъзозлаб-қадрлаб, мунтазам шуғулланиб келишларига даъват этади.

Ёғоч ўймакорлиги сулоласининг учинчи авлоди вакили, Гулистон давлат унверситети педогогика факултетининг 3-босқич талабаси Мансуржон Ражабов мана олти йилдирки, касбини эъзозлаб, ёшларга ҳам ҳунармандчилик сир-асрорларини ўргатишдан, тинимсиз изланишдан чарчамайди. Шогирдлари билан бирга тайёрлаган безак учун ишлатиладиган кошинлар, нақшлар, кичик ҳажмдаги ўйинчоқлар, турли қутича ва шу каби буюмлари билан республика ҳамда вилоят миқёсида ўтказиб келинаётган турли савдо кўргазмаларида иштирок этиб келмоқда. Мансуржоннинг ўзи эса “Ташаббус – 2016”республика кўрик-танловида қатнашиб, у ясаган буюмлар кўпчиликнинг эътиборига сазовор бўлди. Шунингдек, ўтган йили “Халқаро туризм” республика кўргазмасида фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

– Ҳунар хонадон тўкинчилигини таъминлайди, – дейди Мансуржон. – Ҳунармандчилик буюмлари қадр-қимматини ҳеч қачон йўқотмайди. Қалб қўри билан яратилган бу санъат асарлари умрбоқийдир.

Эндигина йигирма уч баҳорни қаршилаётган сулола давомчиси Мансуржон Ражабов ҳунармандчилик буюмлари, чизган суратларини болажонларга совға қилишни ёқтиради. Ўқувчилар ҳам вақти-вақти билан “Мурод ота”номли уста-шогирд мактабида бўлиб, ҳунармандчилик касбини ўрганишга ҳаракат қилишмоқда. Мансуржон ўзини ҳали шогирд мақомида ҳис қилса-да, ундан ҳунармандчиликнинг сир-асрорларини ўрганганлар сони бугун 20 нафардан ошди. Қувонарлиси, улар ҳозирда мустақил равишда иш олиб боришмоқда.

Теглар:#2016/19

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
«Доктор, тиззамда туз борми?»Табобат

«Доктор, тиззамда туз борми?»

Тизза бўғими оғриқларининг асосий сабабчиси бўлган артроз касаллиги кенг тарқалган ортопедик патологиялардан бири бўлиб, халқимиз орасида «бўғимимда туз бор экан», «бўғимимда емири

03.05.2024318
Тонгги бадантарбия машқларининг саломатлик учун қандай фойдаси бор?Спорт

Тонгги бадантарбия машқларининг саломатлик учун қандай фойдаси бор?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, кам ҳаракатлик оқибатида ҳар йили дунё бўйича 5 миллион киши ҳаётдан кўз юмади. Ана шу рақамларнинг ўзиёқ соғлом турмуш тарзи нақа

26.01.2024243
Нафас қисиши: унинг қандай сабаблари бор?Тиббий сабоқлар

Нафас қисиши: унинг қандай сабаблари бор?

Нафас олиш – ҳаётни таъминловчи муҳим жараён. Аммо баъзан инсонларда нафас қисиши билан боғлиқ турли муаммолар юзага келади. Нафас қисишини келтириб чиқарувчи бир қанча сабаблар бо

14.06.2024194
Чақалоқнинг бош соҳасини эҳтиёт қилишда нималарга эътибор бериш зарур?Тиббий сабоқлар

Чақалоқнинг бош соҳасини эҳтиёт қилишда нималарга эътибор бериш зарур?

Янги туғилган боланинг суяги мўрт бўлади. Озгина эҳтиётсизлик ҳам унда тузатиб бўлмас асоратларга сабаб бўлиши мумкин. Айниқса, жазирама кунларда чақалоқнинг бош соҳаси жиддий эъти

08.09.2023156