Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

ҲАЁТИ ИБРАТ, СЎЗИ ҲИКМАТ

25.08.2015
50 марта ўқилди
ҲАЁТИ ИБРАТ, СЎЗИ ҲИКМАТ

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Дархон маҳалласида яшовчи Муборак Юнусхўжаева хонадони доимо гавжум. Маҳалладаги ҳеч бир тадбир онахоннинг иштирокисиз ўтмайди. Оила қураётган ёшлар, илм йўлида изланаётган олималар Муборак аянинг дуосини олишга интилади. Боиси, унинг ҳамиша ёшларга айтар сўзлари, панд-насиҳатлари бор.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида бебаҳо миллий қадриятларимиз, умуминсоний анъаналарнинг бардавомлигини таъминлаш, ёши улуғ нуронийларнинг жамият ва оила ҳаётидаги ўрнини ошириш, уларнинг бой ҳаётий тажрибасидан ёш авлодни ҳар томонлама баркамол вояга етказишда оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ҳар қандай жамиятнинг ёши улуғ одамларга бўлган эътибори ва ғамхўрлиги унинг маданий даражасини белгилайди.

Саксон икки ёшни қаршилаётган онахон жамиятимизнинг фаол аёлларидан. У Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Республика “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан ўтказиладиган барча тадбирларда иштирок этади.

Оилада тўнғич фарзанд бўлган Муборак аяга отаси Йўлдошбек Холбоев “Укаларингга ўрнак бўл, улар сен босган йўлни босади”, деган эди. Бу сўзлар Муборак аянинг бир умрлик шиорига айланди. Ҳозирги Тошкент давлат шарқшунослик институтини тамомлаб, илм йўлини танлади. Номзодлик ишини ҳимоя қилди.

Муборак ая болалиги ҳақида эслар экан, отасининг Иккинчи жаҳон урушининг илк кунларидаёқ ҳарбий хизматга кетгани, онасининг етти фарзанд билан кўрган қийинчиликлари, бувисининг юпатганларини кўзида ёш билан эслайди.

“Умр – оқар дарё. Бу йўлни босиб ўтиш жараёнида ортга боқиб, нималарга эришганинг, орзу-армонларинг ва эзгу амалларинг сарҳисобини қиласан. Бу хайрли ишларинг сафи кенгайишига, бор имкониятингни сафарбар этиб меҳнат қилишга ундайди. Бунинг самарасини кўрганингда эса қувонасан”. Бу сўзлар Муборак Юнусхўжаеванинг кундаликларидан олинган дил сўзлари, ҳаётий сабоқлари, набираю эвараларига бувилик насиҳати.

Инсон хотираси кино тасмасига ўхшайди. Зийрак онахоннинг воқеаларни йилма-йил, санасигача ёдга олиши кишини ҳайратлантиради. Ажабланганимизни кўриб, “Китоб ўқиш хотирани мустаҳкамлайди. Ўқиганларни такрорлаш ва уни атрофдагиларга етказишнинг фойдаси кўп”, дейди.

Тарихчи олима монографиялар, юздан зиёд илмий мақола, ўндан ортиқ рисола муаллифи. Инглиз ва форс тилларини мукаммал биладиган олима узоқ йиллар таржимонлик ҳам қилди. Унинг меҳнатлари муносиб баҳоланиб, “Ўзбекистон Респуб­ликасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони ва “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланди.

Турмуш ўртоғи билан бирга фарзандларини жамиятга нафи тегадиган инсонлар қилиб тарбиялади. Набираси Дилшод ва келини Дилноза бувисининг издоши. Улар Шарқшунослик инс­титутини тамомлаб, илм билан машғул.

– Бувим бизга нафақат илмда, балки турмушда ҳам доим тўғри йўлни кўрсатади, – дейди Дилноза. – Тарих, адабиётни севгани боис ҳар бир ишда мисоллар, алломалар ҳаёти, уларнинг ҳикматларидан айтиб вазиятга баҳо беради. Бу бизга ҳар бир масалада тўғри хулоса чиқаришимизда ёрдам беради.

– Бу замин буюк алломалар, олиму фузалолар, донишмандлар юрти. Қайси соҳа бўлмасин, унинг ривожида аждодларимизнинг ҳиссаси катта. Фарзандларимизга шу масъулиятни ҳис этиш, илмли, касб-ҳунарли, жамиятга керакли инсон бўлишни таъкидлашдан чарчамайман, – дейди Муборак ая. – Бундай жаннатмонанд юртни бошқа жойдан топиш қийин. Буни хорижий мамлакатларга бўлган сафар чоғларида кўп ҳис этганман.

Бугунги глобаллашув даврида ёшларга таълим-тарбия бериш, уларни эркин фикрли, ўз сўзида собит авлод қилиб тарбиялаш мураккаблашмоқда. Ота-онасига ғамхўрлик қилиб, кексайганида уларга суянч бўлган, уларнинг ҳаётий тажрибаларидан фойдаланиб, яхши турмуш кечирган авлод ўз фарзандларига ҳам ибрат бўлади. Муборак ая каби пиру бадавлат онахонларимизнинг ҳаёти бунга мисолдир.

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Йод етишмовчилиги жиддий муаммоЖамият

Йод етишмовчилиги жиддий муаммо

Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш

23.03.2023783
Она сутининг бола ҳаётида аҳамияти қанчалик муҳим?Саломатлик

Она сутининг бола ҳаётида аҳамияти қанчалик муҳим?

Пойтахтимизда сақлаш вазирлиги ва ЮНИСЕФ ташаббуси билан “Она сути билан озиқлантириш бўйича ахборот бериш салоҳиятини кучайтириш” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди. Унда Қор

26.07.2024327
Инсон ҳаётига таҳдид соладиган хасталикТиббий сабоқлар

Инсон ҳаётига таҳдид соладиган хасталик

Она ва бола саломатлиги соғлом жамиятни яратишда муҳим ўрин тутади. Бу, аввало, оиланинг мустаҳкам бўлиши ва она-боланинг саломатлиги билан боғлиқдир. Афсуски, ҳозирги пайтда, ҳаёт

04.12.2023285
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241179