Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

ҲАЁТ – ДОВОН: Довон йўли равон бўлмайди

10.03.2016
49 марта ўқилди
ҲАЁТ – ДОВОН: Довон йўли равон бўлмайди

Юртимизда баҳор нафаси уфурмоқда. Табиат уйғониб, дарахтлар турфа хил рангдаги гулларга бурканганини кўрган ҳар бир инсон борки, кўнглида ажиб ҳисни туяди. Ушбу фаслни бежиз аёлга қиёс этишмайди. Унинг бор таровати аёл сийратида намоён бўлади.

Бугунги кунда хотин-қизларимиз ҳар соҳада пешқадам. Уларнинг маънавият, санъат, спорт соҳасида эришаётган ютуқлари таҳсинга сазовор.

Инсон маънавиятини юксалтиришда санъатнинг ўрни беқиёс. Айниқса, театр санъати инсон руҳиятига ижобий таъсир қилиб, унга эстетик завқ бағишлайди.

– Ўзимга топширилган ҳар бир ролни маромига етказиб ижро этишга ҳаракат қиламан. Театр ва кинонинг инсон маънавиятини юксалтиришда тарбиявий аҳамияти беқиёс, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева. Томошабин асарлардаги мавзуни комедия орқали “қалампирли” гаплар билан, ҳазиломуз тарзда яхши қабул қилади. Инсон маънавиятини юксалтириш учун китоб ўқийди, устозларидан билим олади. Театрга келганда эса ҳаётда бўлаётган воқеаларни жонли тарзда ҳис этади. Саҳна асарини кўриб нотўғри қадам босмасликка, ижобий қаҳрамонларга ўхшашга ва салбий қаҳрамонларнинг хатоларини такрорламасликка ҳаракат қилади.

Ҳеч бир инсон ўзича шаклланиб қолмайди. Бунга халқимизнинг “Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар” деган мақолини мисол тарзида айтиб ўтмоқчиман. Мактабда, олий ўқув юртидаги устозларимизнинг ўгитлари мени ҳаётнинг ўнқир-чўнқирларидан безавол ўтишимда суянч бўлган. Бевосита устозим Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Саъдуллаеванинг “Қисмат” номли видеофильмдаги ролини кўриб актриса бўлишга аҳд қилганман. Қолаверса, Ўзбек Миллий академик драма театрида биринчилардан мени қўллаган устозим Ўзбекистон халқ артисти Рихси Иброҳимованинг хизматларини жуда қадрлайман. У киши Чўлпоннинг “Ёрқиной” драмасида рол ижро этишимда жуда катта ёрдам берган. Актёрликка йўл очиб, менга имкон яратиб берган устозларимдан Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов, Тўти Юсупова, Турғун Азизовдан алоҳида миннатдорман. Ҳар бир ролимизни у кинода бўладими, театрда бўладими хато ва камчиликларини айтиб маслаҳат бериб туришади. Ҳозирда етишиб чиқаётган ёш актёр ва актрисалардан кўнглим тўқ. Айниқса, олийгоҳни битириб келаётган ёшларимиз иқтидорли, маъсулиятли. Уларнинг ижро маҳоратини кузатар эканман, ижодий салоҳиятларидан қувонаман. “Санъатнинг нонини ейиш учун темирдан тиш керак, пўлатдан тирноқ”, дейишади. Бу дегани ижоддан ташқари оила, уй-рўзғор ташвишлари, фарзанд тарбияси, оталик ёки оналик масъулиятини унутмасдан барчасига улгуриш керак дегани.

Раъно Ярашева кўплаб кино ва театр саҳнасида ижро этган такрорланмас роллари орқали томошабинлар қалбидан ўрин эгаллаган. Актриса яратган ҳар бир образда қаҳрамон ҳарактерининг энг нозик нуқталари ҳам эътибордан четда қолмайди. У хоҳ драматик, хоҳ комедик жанрда рол ижро этишидан қатъий назар асар мазмунини томошабинга етказиб бера олади. Театр саҳнасида “Бевалар”, “Тонг отган тарафларда”,“Чимилдиқ”,“Қаллиқ ўйин” сингари кўплаб спектаклларда турли образларни ижро этган. “Менинг акам бўйдоқ”, “Оқ падар”, “Сароб”, “Қабрдан қайтган умр”, “Севинч”, “Макрли дунё” фильмлари актрисани кино санъатида ўзига хос ўринга эга эканлигини кўрсатади.

Гўзалликка интилиш барча аёлларга хос. Бу ажойиб хилқат эгалари қайси соҳада фаолият юритмасин, доимо латофатли, назокатли кўринишга интилади.

– Ташқи кўриниши билан бир қаторда саломатликка ҳам эътибор қаратиш ҳар бир инсон учун жуда муҳим деб ўйлайман, – дейди Раъно Ярашева.

Президентимиз томонидан 2016-йил “Соғлом она ва бола” йили деб номланди. Оилада соғлом турмуш тарзига қатъий риоя қилинса, келажакда вояга етаётган кичкинтойларимиз ҳам бундан ўрнак олади. Жисмоний машқлар билан доимий равишда шуғулланиб турадиган актрисамиз, ҳар бир соҳа вакиллари учун ҳам бунинг аҳамияти катта эканлигини алоҳида таъкидлайди. “Қуш уясида кўрганини қилади” деганларидек, ҳозирда Раъно опанинг шириндан-шакар неваралари ҳам севимли бувижонларидан ўрнак олишмоқда. Бу бежиз эмас, зеро ўзбек аёли оила, турмуш ташвишлари билан ҳамиша банд бўлсада гўзаллигига ва саломатлигига доимо вақт топишга уринади. Мухтасар қилиб айтганда гўзал, дилбар ва ҳар жабҳада фаол аёл миллатнинг шаъни ва ифтихорини белгилаб беради. Ўзининг беқиёс образлари орқали аёлнинг латофати, иродаси, вафо-ю садоқатини тараннум этиб келаётган Раъно Ярашева каби истеъдодли актрисамизнинг ижоди ҳамиша гуллаб яшнайверсин.

Теглар:#2016/10

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241179
Инсон ҳаётига таҳдид соладиган хасталикТиббий сабоқлар

Инсон ҳаётига таҳдид соладиган хасталик

Она ва бола саломатлиги соғлом жамиятни яратишда муҳим ўрин тутади. Бу, аввало, оиланинг мустаҳкам бўлиши ва она-боланинг саломатлиги билан боғлиқдир. Афсуски, ҳозирги пайтда, ҳаёт

04.12.2023285
Йод етишмовчилиги жиддий муаммоЖамият

Йод етишмовчилиги жиддий муаммо

Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш

23.03.2023783
Она сутининг бола ҳаётида аҳамияти қанчалик муҳим?Саломатлик

Она сутининг бола ҳаётида аҳамияти қанчалик муҳим?

Пойтахтимизда сақлаш вазирлиги ва ЮНИСЕФ ташаббуси билан “Она сути билан озиқлантириш бўйича ахборот бериш салоҳиятини кучайтириш” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди. Унда Қор

26.07.2024327