“Билимлар беллашуви”нинг мамлакат босқичидан шундай таассурот билан қайтдик
Ёшликда олинган билим, тошга ўйилган нақш кабидир. Чиндан ҳам, инсон ҳаётининг айнан ёшлик даврида ўрганилган ҳар қандай билим, кўникмалар у улғайгач эришган барча ютуқларининг калити бўлиб хизмат қилади.
Ёшлик – киши умрининг баҳор даври, унда ҳаётнинг бўлғуси йиллари учун уруғ экилади. Илм эса инсоннинг ҳаёт йўлида йўлчи юлдуз сингари маёқ вазифасини ўтайди.
Қадим-қадимдан олим-у донишлар юрти ҳисобланган бу замин фарзандларининг бугунги кундаги илм-фан, техника, санъат, спорт соҳасида қўлга киритаётган ютуқлари сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Давлатимиз томонидан ёшларнинг билим чўққиларини эгаллаши учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар ана шу ютуқларнинг пойдевори бўлиб хизмат қилаётир.
Пойтахтимиздаги Р. Глиер номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида “Билимлар беллашуви”нинг республика босқичи очилиш тадбирини кузатиб, ёшларга қаратилаётган юксак эътиборга яна бир бор гувоҳ бўлдик. Унда давлат мукофотлари билан тақдирланган фидойи устозлар, олимлар, ўқувчилар, ота-оналар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Тадбирда сўзга чиққанлар мустақиллик йилларида мамлакатимизда эришилган ютуқлар, таълим тизимини ислоҳ қилиш йўналишида амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталиб ўтишди. Ватанимиз мадҳиясининг янграши бутун дилларга фахр ҳиссини жо этди. Қўли кўксида турган ҳолда мадҳиямизни баралла куйлаётган, кўзларида шижоат, билим балққан илм соҳибларига назар солар эканмиз, Ўзбекистон келажаги буюк бўлишига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. “Билимлар беллашуви” очиқ деб эълон қилингач, иштирокчи ўқувчилар ҳакамлар ҳайъати аъзолари бошчилигида математика, физика, информатика, кимё, биология, география йўналиши бўйича синф хоналари томон тарқалишди.
– Униб-ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий юксалиши йўлида кўрсатилаётган юксак эътиборни кўриб, ўзимни ҳам ёшликка қайтгим келди, – дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси Фозилжон Асқаров. – Илк бор мазкур беллашувнинг республика босқичида ҳакамлик қилмоқдаман. Тўғрисини айцам, таассуротларим бир олам. Мен мана шу ёшларимиз мамлакатимизнинг фидойи фарзандлари сифатида келажакда она Ватанимиз обрўсини кўкларга кўтарадилар деб бемалол айта оламан.
Бу йил “Билимлар беллашуви” 5-8 синф ўқувчилари ўртасида 16 та фан бўйича ташкил этилиб, унда 2 миллиондан ортиқ ёшлар иштирок этди. Улардан 500 нафари республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
– Йилдан йилга беллашувда иштирок этаётган ўқувчиларнинг билим даражаси юксалиб бораётганининг гувоҳи бўлиш мумкин. Бир қанча ўқувчиларнинг нафақат республика, балки жаҳон миқёсида эришган ютуқларини кўриб, уларга тасаннолар айтгингиз келади, – дейди ҳакамлар ҳайъатининг яна бир аъзоси Сурайё Мейлиева.
– Мен мазкур беллашувга Бухоро вилоятидан ташриф буюрдим. Август ойида математика фани бўйича Таиландда ўтказиладиган халқаро олимпиадада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдим. Бу натижага эришишимда устозларимнинг ҳиссаси катта деб ўйлайман, – дейди Пешку туманидаги 18-умумтаълим мактаби ўқувчиси Жаҳонгир Норбоев. – Келажакда бунданда катта марраларни қўлга киритиб, Ватаним номини бутун дунёга танитмоқчиман.
Жаҳонгирнинг сўзларига қулоқ тутиб, аждодларга муносиб авлодларнинг вояга етиб келаётганидан кўнглимиз тоғдек кўтарилди.
Навоий вилояти Навоий шаҳридан ташриф буюрган Севара Ҳамроқулованинг қувончи ҳам бир олам.
– Мазкур беллашувда учинчи бор иштирок этишим. Икки марта биринчи ўринни қўлга киритганман. Бу йил ҳам устозларим билан қилган меҳнатларим бесамар кетмади ва яна ғолиб бўлдим. Ўқитувчиларим ва ота-онам бундан жуда хурсанд. Бу каби беллашувларнинг ташкил этилиши биз ўқувчилар ўртасида билимга бўлган интилишни янада кучайтиради деб ўйлайман.
Беллашувларнинг иккинчи куни тарих, ҳуқуқ, иқтисодий билим асослари фанлари бўйича баҳслар ўтказилди.
– Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидаги 68-ИДУМдан иқтисодий билим асослари фани бўйича ҳакам сифатида таклиф этилганман. Бу йилги беллашувдан жуда яхши натижаларни кутмоқдамиз. Сабаби ўқувчиларнинг билимга бўлган интилиши йилдан йилга ортиб бормоқда, – дейди Марғуба Ғуррамова. – Президентимиз томонидан ўқувчи-ёшларга яратиб берилаётган шароитлар уларнинг илм чўққиларини забт этишига замин яратмоқда. Мисол тариқасида шуни айта олманки, мен фаолият олиб бораётган таълим маскани республика мактаблари орасида таълим сифати бўйича иккинчи ўринда туради. Мазкур беллашувда ўтган йил мактабимиздан 5 нафар ўқувчи иштирок этган бўлса, бу йил уларнинг сони 7 нафарга етди. Бу жуда юқори натижа саналади.
Билимлар баҳсида куч синашаётган ўқувчилар ўртасидаги соғлом рақобатни кўриб, уларнинг устозларига “балли” дегингиз келади. Чунки, шогирдининг юксак марраларини забт этишида устознинг хизматлари беқиёсдир.
– Тарих фанига қизиқишимда Ёлқин Туробов, Санжар Ҳамдамов, Йўлдош Раҳмонов сингари устозларимнинг ҳиссаси катта бўлган, – дейди Бегзод Орзиқулов. – Ҳозирда Бухоро вилояти, Ғиждувон туманидаги 65-ИДУМнинг 8-синфида таълим олиб келмоқдаман. “Билимлар беллашуви”нинг республика босқичида иккинчи бор иштирок этишим. Қувонарлиси, бу йил фахрли 1-ўринни қўлга киритдим. Устозларим ишончини оқлаганимдан жуда ҳам хурсандман. Келгусида ҳуқуқ соҳасининг етук мутахассиси бўлишни ният қилганман.
Ўтмишсиз келажак йўқ, дейди доно халқимиз. Чиндан ҳам, ўз ўтмиши, тарихини чуқур билган инсон ҳеч қачон ўзлигини йўқотмайди. Унинг миллий ғурури, ўз Ватанига бўлган муҳаббатини ҳеч ким, ҳеч қачон сўндира олмайди.
– Ўз ҳуқуқини яхши билган инсон жамиятда муносиб ўринга эга бўлади, – дейди Жиззах вилоятидан келган Мадина Шаҳобова. – Шу сабаб ҳуқуқ фанига қизиқишим кучли. Вилоят босқичида биринчи ўринни қўлга киритгач, Республика босқичида қатнашиш имкониятига эга бўлдим. Мақсадим бу натижалар билан тўхтаб қолмасдан фақат ва фақат олға интилиш ва менга билдирилган юксак ишончни оқлаш.
Беллашув натижасида нафақат ўқувчиларнинг, балки Давлат таълим стандартларида белгиланган талабларнинг бажарилиш ҳолати ҳам таҳлил қилинади ҳамда таълим сифати кўрсаткичлари орқали таълим муассасалари, ҳудудий халқ таълим бошқармаси фаолияти баҳоланиб, республикадаги 194 та туман (шаҳар)ларнинг рейтинги аниқланади.
Беллашувда юқори натижа кўрсатган 500 нафар ўқувчи учун Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида жойлашган “Қуёшли” оромгоҳида ўқувчиларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун барча имкониятлар яратилган. Мазкур дам олиш масканида ўқувчиларни соғломлаштириш ишларини ташкил этиш билан биргаликда, ҳар бир фан бўйича мамлакатимизнинг етакчи фан арбоблари, маданият ва санъат ходимлари иштирокида фан кечалари, маҳорат дарслари, викториналар, турли танлов ва мусобақалар ўтказилади. Бу йилги “Интеллектуал-ривожлантириш оромгоҳи” “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилади.
29-30 июнь кунлари Р. Глиер номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида “Билимлар беллашуви” республика босқичининг филология фанлари йўналишида ўқувчилар она тили ва адабиёт, инглиз, франсуз, немис, ўзбек ва рус тили бўйича беллашишади.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
Табобат«Доктор, тиззамда туз борми?»
Тизза бўғими оғриқларининг асосий сабабчиси бўлган артроз касаллиги кенг тарқалган ортопедик патологиялардан бири бўлиб, халқимиз орасида «бўғимимда туз бор экан», «бўғимимда емири
СпортТонгги бадантарбия машқларининг саломатлик учун қандай фойдаси бор?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, кам ҳаракатлик оқибатида ҳар йили дунё бўйича 5 миллион киши ҳаётдан кўз юмади. Ана шу рақамларнинг ўзиёқ соғлом турмуш тарзи нақа
Тиббий сабоқларНафас қисиши: унинг қандай сабаблари бор?
Нафас олиш – ҳаётни таъминловчи муҳим жараён. Аммо баъзан инсонларда нафас қисиши билан боғлиқ турли муаммолар юзага келади. Нафас қисишини келтириб чиқарувчи бир қанча сабаблар бо
Тиббий сабоқларЧақалоқнинг бош соҳасини эҳтиёт қилишда нималарга эътибор бериш зарур?
Янги туғилган боланинг суяги мўрт бўлади. Озгина эҳтиётсизлик ҳам унда тузатиб бўлмас асоратларга сабаб бўлиши мумкин. Айниқса, жазирама кунларда чақалоқнинг бош соҳаси жиддий эъти
