
Марғилон шаҳридаги 1-сонли “Меҳрибонлик” уйида улғаяётган 156 нафар ўғил-қизнинг келажак ҳақидаги орзу ўйлари бир дунё. Уларнинг эртанги кунга умид ва ишончи катта. Тарбиячилар эса бу йўлда болажонларга энг яхши ҳаммаслак ва қанотдир.
– Давлатимиз кўмаги ва ҳомийларнинг ёрдами туфайли “Меҳрибонлик” уйида тарбияланувчи болажонлар учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган, – дейди муассаса раҳбари Камолиддин Ёқубов. – Барча хоналар замонавий ахборот технологиялари ва маиший техника воситалари билан таъминланган. Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводи ҳомийлигида замонавий, шинам ҳаммом биноси қуриб берилди. Шукр, болаларимизнинг барчаси ақлли-ҳушли, одоби, иқтидори билан бошқаларга ўрнак бўлса арзийди. Қизиқарли бадиий ва илмий адабиётлар билан жиҳозланган кутубхоналар-у, турли тўгаракларда ўғил-қизларимизнинг фаоллигини кўриб қувонаман. Ҳаммаси ўз келажагини бунёд этишга киришган.
Ёзнинг иссиқ тафтидан киши соя-салқин жойлар, сув ҳавзалари бағрида ҳордиқ олишни хуш кўради. Бундай масканлар, айниқса, болаларнинг жон-у дили. Тарбияланувчиларнинг ёзги таътилни мароқли ўтказишлари учун муассаса ходимлари яхши тадорик кўриб қўйишган. Тарбияланувчилар “Меҳрибонлик” уйига қарашли Қувасой туман Лашкар қишлоғида ёзги соғломлаштириш оромгоҳига навбатма-навбат жўнатиляпти. Ҳозирда ўғил-қизлар баҳаво, манзарали гўшада мириқиб ҳордиқ олишмоқда.
Айни кунларда муассасада тарбияланувчиларнинг ҳам ҳордиқ, ҳам касбга йўналтириш ишлари яхши йўлга қўйилган. Уларнинг дам олишдан ташқари бўш вақтларини мароқли ўтказиш мақсадида “Меҳрибонлик” уйида тикувчилик, компютер, ”Болалар фолклори”, “Ёш мусаввирлар” каби тўгараклар фаолият юритяпти.
– Муассасамизда биз тарбияланувчиларни маданий-эстетик, табиий-илмий, техник, спорт ва бошқа йўналишларда ҳам билим олишимиз учун кенг имкониятлар яратилган, – дейди “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчиси Зуҳра Олимова – Мен шахмат ва шашкага қизиқаман. Жорий йилнинг январь ойида Фарғона шаҳрида спортнинг шахмат тури бўйича ўтказилган 18 ёшгача қизлар ўртасида вилоят биринчилиги мусобақаларида иштирок этиб, фахрли 3-ўринни қўлга киритдим. Ўйлайманки, асосий ютуқларим ҳали олдинда.
Бола рағбат ва эътибордан ўзига бўлган ишончи ортади. Буни инобатга олган муассаса раҳбарияти “Меҳрибонлик” уйида тарбияланувчиларнинг спорт билан доимий шуғулланишлари ва соғлом турмуш тарзига ошно бўлишларини таъминлаш мақсадида турли тадбир ва мусобақалар ўтказишга алоҳида эътибор қаратади. Марғилон шаҳар мудофаага кўмаклашувчи Ватанпарвар ташкилоти томонидан Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан спортнинг “Ҳаволи милтиқдан ўқ отиш” тури бўйича вилоят биринчилиги ўтказди. Унда муассасанинг бир қатор ўқувчилари иштирок этишди. Шунингдек, Ёзёвон туманида бўлиб ўтган ёзги “Биатлон” спорт тури бўйича вилоят биринчилигида ҳам муассаса тарбияланувчилари фаол иштирок этиб, тадбир ташкилотчилари томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Спортнинг шахмат тўгараги аъзолари Василиса Найпак ва Артур Храмсовга Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан спорт усталигига номзод даражаси берилди.
– Болаларимиз аҳил ва ташаббускор. Улар уюшқоқлик билан ҳамиша байрам ва мусобақаларга тайёргарлик кўришади, – дейди муассаса маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Собиржон Усмонов. – Турли тадбир тарбияланувчиларимизнинг биргаликда чиқиши ва иштирокисиз ўтмайди. “Эаст-ТЭЛЭCОМ” компанияси томонидан улар учун 53 номдаги ўйинчоқлар, ширинликлар ҳамда компютер жамланмаси тақдим этилди. Яқинда Жанубий Корея Республикасидан ташриф буюриб, ёш авлодга корейс тилидан сабоқ берган мураббий Чин Минг Ён хоним ва шу давлатнинг CОИCА ташкилотининг бир гуруҳ кўнгилли аъзолари билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Бу учрашув тарбияланувчиларда катта таассурот қолдирди.
Мухтасар қилиб айтганда Марғилон шаҳридаги “Меҳрибонлик” уйида болаларнинг таълим олишлари учун барча имкониятлар етарли. Аммо муассаса фаолияти билан яқиндан танишар эканмиз тарбияланувчиларининг бугунги кунда спорт билан шуғулланишлари учун спорт залига ҳамда Қувасой туманида жойлашган ёзги соғомлаштириш ва дам олдириш оромгоҳида сузиш ҳавзасига эҳтиёж сезаётганига гувоҳ бўлдик. Ўйлаймизки, ҳомийлар ва мутасадди ташкилотлар муассасанинг истакларини тез кунда инобатга олади.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
Тиббий сабоқларҚуёшнинг хавфли ультрабинафша нурларидан қандай ҳимояланиш керак?
Қуёшнинг юқори ультрабинафша нурлари нимаси билан хавфли? Ундан қандай ҳимояланиш керак? Бундай пайтда қуёш нури аллергик реакциялар келтириб чиқаришидан эҳтиёт бўлиш лозим. Хусуса
Жамият“Болалар ва ёшлар учун дўстона шаҳарлар” глобал ташаббуси Ўзбекистонда
Айни пайтда Республикамиз аҳолисининг 55 фоизини ёшлар ташкил этади. 20 йилдан сўнг бугунги болалар ва ёшлар Ўзбекистон тарихидаги энг катта ишчи кучига айланади. Бугун ёш авлоднин
Тиббий сабоқларҚирқ ёшдан кейин нега суяк емирилиши кучаяди?
Ёш ўтиши билан инсон суяклари мўртлашиб бораверади. Аксарият отахону онахонларимиз бел, оёқ, умуртқа, бўғим оғриқларидан тез-тез шикоят қилишининг сабаби шунда. Буни тиббиётда осте
ТабобатЗумрад фаслда аллергик касалликлар кучаядими?
Ён-атроф яшилликка бурканган. Аммо бундай ўзгаришлар айрим инсонлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Хўш, бунинг сабаби нима? Аввало айтиш лозимки, баҳор фаслида дарахтлар гу
