Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Юз болали аҳил оила

20.02.2015
50 марта ўқилди
Юз болали аҳил оила

Қайси жамиятда маънавий ҳаёт барқарор, унинг таг замирида эзгулик, юксалиш ва яратувчанлик мужассам бўлса, ана ўша ерда инсоний қадриятлар қадр топиши муқаррар. Буни биз ўтмишга назар ташлаб тарихий жараёнлар натижасида билиб олишимиз мумкин.

Бугунги ўтаётган ҳар бир кунимиз келажак учун зарҳал ҳарфлар билан битиладиган шонли тарих бўлиб қолиши шубҳасиз. Зеро, мамлакатимизнинг танлаган йўли – ўзбек моделида инсон манфаати, қадр-қиммати кўзда тутилган. Буни биз бугунги кунда мамалактимизда юз бераётган иқтисодий, маънавий ва маърифий соҳалардаги юксалиш, юртимиз одамларининг турмуш тарзи мисолида, мустақил Ватанимиз жамолида кўришимиз мумкин. Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар 14-сонли “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчиларига яратилган шарт-шароитлар тимсолида мамлакатимизда амалга оширилаётган кучли ижтимоий ҳимоя ўз ифодасини акс эттиради.

– Муассасамизда 100 нафар болажон тарбияланмоқда, – дейди “Меҳрибонлик” уйи директори Фарида Кенжаева муассаса фаолияти билан таништирар экан. – Улардан 52 нафари ўғил бола бўлса, 48 нафари қизлардир. Уларнинг маънавий дунёқарашини юксалтиришга педагогларимиз алоҳида эътибор беради. Тарбияланувчиларнинг тўлақонли равишда психологик реабилитациядан ўтишлари, ижтимоий мослашувлари, сифатли таълим ва тарбия олишлари ҳамда уларнинг ижодий ва интеллектуал қобилиятларини ривожлантириш, ҳаёти ва саломатлигининг муҳофазаси, психологик ва жисмоний ривожланишларини таъминлашга кўмаклашувчи уй шароитларига яқин бўлган муҳитни яратиш устида иш олиб боради.

Дарҳақиқат, тарбия масканида 6 та оилавий гуруҳ мавжуд. Улар тарбиячилар билан оилавий юмушларни биргаликда бажаришади, рўзғор борасида фикрлашишади. Натижада эса бола ва тарбиячи ўртасида меҳр-муҳаббат, бир-бирини тушуниш, каби маънавий ва ҳаётий ҳиссиёт ривожланиб, қарор топиб боради.

Муассасада “Мен ва менинг келажагим” дастури асосида 4 йўналишда иш олиб борилиши белгиланган. Булар, “Мен соғлом турмуш тарзи тарафдориман”, “Ўзингга ишон”, “Қонун – ҳаётим мезони”, “Турмуш чорраҳалари”. Мазкур дастурларнинг асосий мақсад ва вазифаси тарбияланувчиларнинг замонавий муҳитда мустақил ҳаётга тайёрлашга йўналтирилган.

Муассасада яна бир эзгу анъана мавжуд. Болалар мамлакатимизнинг бебаҳо моддий-маънавий бойликларидан баҳраманд бўлишлари ва шу орқали буюк аждодларимизнинг узвий давомчиси эканлигини ҳис қилишлари учун тарихий шаҳарларга саёҳатларга олиб борилади. Шу мақсадда қадимий ва навқирон Бухоро, Нукус, Хива ва Самарқанд каби шаҳарларга саёҳатлар уюштирилди.

“Сен ёлғиз эмассан” Республика болалар жамоатчилик жамғармаси ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар ҳомийлигида 2013-йилда “Меҳрибонлик” уйида тўлиқ қурилиш ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Тарбияланувчилар учун қулай ва шинам ётоқхона, маънавият ва маърифат хонаси, компютерхона, ўқув зали, қиз ва ўғил болалар учун алоҳида дам олиш хоналари тўлиқ таъмирланиб, замонавий талаблар асосида барча зарурий жиҳозлар билан таъминланди. Спорт мажмуида болалар дарсдан бўш вақтини кўнгилли ўтказиб, ўзларини чиниқтиришмоқда. Бу ерда тренажёр зали мавжуд. Спортнинг бокс, футбол ва волейбол турлари бўйича шуғулланиш имконияти яратилган. Шунингдек, тарбияланувчиларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш борасида шарт-шароитлар муҳайё. Болаларни доривор гиёҳлар, соғломлаштириш гимнастикаси ва уқалаш йўли билан даволаш ишлари йўлга қўйилган. Жамоатчилик жамғармалари ҳамда қатор ҳомий ташкилотларни жалб қилинган ҳолда муассасага қарашли дала ҳовли тўлиқ таъмирланди. Дала ҳовлини таъмирлаш ҳамда моддий техника базасини мустаҳкамлаш учун 146 миллион сўмдан зиёд маблағ жалб этилди. Ҳозирги кунда дала ҳовлида 100 нафар тарбияланувчининг мазмунли дам олиши ҳамда соғломлашитирилиши учун барча қулайликлар ҳозир қилинди. Мазкур даргоҳнинг мўжазгина боғи ҳам бор. Бу ердаги турли хил мевали дарахтларнинг тотли ҳосиласи болаларнинг дастурхонига тортилади. Мазкур боғда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш учун икки миллиард сўмдан кўпроқ маблағ жалб этилди. Натижада муассаса ҳудудига мевали дарахтлар экиш билан бирга, 1 минг 500 метр жойга манзарали газон ётқизилди ва ҳайвонот оламидан иборат тирик бурчак ташкил этилди.

– Болаларимизга бўлган ҳукуматимиз ва жамоатчилигимизнинг эътибори билан амалга оширилган ишлар салмоқлидир, – дейди Фарида Кенжаева. – Ана шундай қулай шарт-шароит яратилгани, болаларнинг ўзлари ҳам бу гўзалликни яратишга ўз кучлари, меҳнатлари билан муносиб ҳисса қўшаётгани уларнинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Буни биз болаларимизнинг турли ютуқлари мисолида кўришимиз мумкин. Тарбияланувчиларимиз шаҳар, вилоят, республика миқёсида ўтказилган тадбирларда фаол иштирок этиб фахрли ўринларни эгаллаб келмоқдалар. Жумладан, Республика халқ таълими вазирлиги, “Сен ёлғиз эмассан” жамоатчилик жамғармаси томонидан ташкил этилган “Энг яхши “Меҳрибонлик” уйи” кўрик танловининг Республика босқичида фахрли 2-ўринни, “Саломатликнинг ёш дўстлари” вилоят кўрик танловида фахрли 1-ўринни, “Соғлом авлод учун” республика жамғармаси томонидан ташкил этилган “Камалак жилоси” расмлар кўрик танловида фахрли 1 ва 2-ўрин-ларни эгалладилар. 2014-йил мини футбол бўйича жамоамиз Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри “Меҳрибонлик” уйлари ўртасида ўтказилган мусобақада фахрли биринчи ўринни эгаллади. Спортнинг бокс тури бўйича тарбияланувчиларимиздан Р.Тулегенов, В.Дмитриев, А.Эшмановлар ўз вазни бўйича шаҳар, вилоят республика беллашувларида фахрли ўринларни эгаллаб келмоқдалар. Ўтган йили спортнинг бокс ва футбол турлари бўйича шаҳар, вилоят босқичида ўтказилаётган турнирларда “Меҳрибонлик” уйимизнинг 12 нафар боласи медаллар билан тақдирланди.

“Меҳрибонлик” уйида таълим тарбия олиб бораётган ёшларнинг яшаш тарзи ва шарт-шароити билан биргаликда уларнинг кейинги мустақил ҳаётида ўз ўрнини топиши ҳам муҳим ва долзарбдир. Шунинг учун муассасада ҳар бир боланинг қизиқиши ва қобилиятини инобатга олиб, уларни касбга йўналтирилади. Битирувчилар ўзлари танлаган касблари бўйича таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ жалб қилинди. Собиқ тарбияланувчилардан И.Мокейчик, В.Дмитриева ҳозирги кунда касб-ҳунар таълим муассасаларини тамомлаб, “Меҳрибонлик” уйида ишлаб келмоқдалар. Ҳарбий йўналишдаги коллежлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги натижасида болалардан 2 нафари Тошкент шаҳар ҳарбий академик лицейга ўқишга киришга муваффақ бўлди. Айни вақтда муассасада таълим олганлар орасида олий ўқув юртлари талабалари ҳам бор. Тарбияланувчилардан Севара Ҳайитметова, Кристина Игошева, Анатолий Стрелцов, Алина Полуектоваларнинг миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимиз асосида муассаса оталиғида никоҳ тўйлари ўтказилди. Ҳозир уларнинг бахтли, тинч ва тотув оиласи бўлиб, жажжи фарзандларини вояга етказишмоқда.

Ўтган йилнинг октябрь ойида “Генерал моторс поwертраин Узбекистан” ташкилоти томонидан “1,5 миллион копток жаҳон болаларига” шиори остида муассасада мусобақа ташкиллаштирилди. Тадбирда корхона бошқаруви директори Кахер Казем, халқаро тоифадаги ҳакам Равшан Эрматов иширок этди. Тадбир давомида муассаса футбол жамоаси ҳамда меҳмон жамоаси ўртасида ўртоқлик учрашув ўтказилди. Ўртоқлик учрашувини халқаро тоифадаги ҳакам Р.Эрматов бошқариб борди. Мусобақада “Меҳрибонлик” уйининг “Меҳржон” жамоаси ғолиб деб топилди. Тадбир сўнгида “Генерал моторс поwертраин Узбекистан” корхонаси томонидан болаларга футбол тўплари совға қилинди.

Теглар:#2015/8

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
ХОТИН-ҚИЗЛАР БИЛАН ИШЛАШ ЁХУД ИСТИҚБОЛ ОДИМЛАРИЖамият

ХОТИН-ҚИЗЛАР БИЛАН ИШЛАШ ЁХУД ИСТИҚБОЛ ОДИМЛАРИ

Оила ва гендер илмий тадқиқот институтининг истиқболдаги фаолияти тўғрисида тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Оила ва хотин қизлар қ

07.03.2024781
Эзгулик йўлиЖамият

Эзгулик йўли

«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди аҳоли генофондини сақлаш ва яхшилаш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни тарбиялашда оила рол

31.05.2021327
Болажонлар мароқли дам оладиЖамият

Болажонлар мароқли дам олади

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларининг таътил вақтларини мароқли ўтказиш мақсадида бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда соғломл

01.07.2021143
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241176