Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Юртимизда янги “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди

15.06.2018
48 марта ўқилди
Юртимизда янги “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди

Шу кунларда бутун мусулмон аҳли энг қувончли кун – Рамазон ҳайити айёмини нишонлаш арафасида турибди. Йилда бир маротаба нишонланадиган бу байрам кексаю ёш учун ўзига хос кун ҳисобланади. Бу кунда яқинлар ёд этилиб, гина-кудратлар унут бўлади. Бу каби амаллар ислом динининг ўзига хослигини ифодалайди. Шу боис ислом динига юртимизда катта эътибор қаратилиб, бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, байрам арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг ташкил этилиши бу борадаги яна бир муҳим ишлардан бири бўлди.

Нуриймон АБУЛҲАСАН,

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари:

– Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан диний-маърифий соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилгани фикримиз исботидир. Шуни қайд этиш керакки, амалга оширилаётган ушбу ишлар фармонда белгиланган вазифаларнинг бошланиши. Биргина ушбу фонднинг ташкил этилиши аҳолига катта қулайлик яратади. Яъни, инновацион технологиялар соҳага жорий қилинди. Авваллари фуқароларимиз диний мажбуриятларни бажариш чоғида кимга ва қандай тартибда закот бериш лозимлигини билмаган. Ҳозирда эса бу муаммоларни бартараф этиш учун алоҳида фонд ташкил этилди.

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,

“Вақф” хайрия жамоат фонди раиси:

– Аҳоли қулай электрон тизими орқали ҳам закот ва эҳсонларини кўрсатилган ҳисоб рақамига юбориши ва бу билан масжид, зиёратгоҳ, диний таълим муассасаларини қуриш ва таъмирлаш ишлари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш ҳамда кўплаб бошқа эзгу мақсадларга ўз ҳиссасини қўшиши мумкин. Фондга нақд пул, пластик карточкалари ва электрон тўлов тизимлари орқали тушаётган маблағлар махсус дастур ёрдамида ягона серверда тўпланиб, таҳлил қилинади. Фонднинг алоҳида ҳисоб рақамида тўпланган маблағларнинг мақсадли сарфланишида шаффофликни таъминлаш тўғрисидаги маълумотлар ҳам тақдим этиб борилади. Ушбу қутлуғ дамлар саховат, хайр-эҳсоннинг айни фурсати. Рамазон ойида ҳар бир амалнинг савоби 700 баробар зиёда қилиб берилиши ҳадиси шарифларда келтирилган. Шу сабаб мамлакатимизда динимизнинг устунларидан бири бўлмиш закот ибодатини йилда бир бор Муборак Рамазон ойида адо этишади. Зеро, Закот – поклик ва барака демак.

Вақф ўзи нима?

“Вақф” сўзи луғатларда “тутиб туриш”, “тўхтатиш” маъноларида келади. “Вақф – нарсани Аллоҳ мулки ҳисобида сақлашдир”. Яъни, вақф қилинган нарса вақф қилувчининг мулкидан чиқади ва Аллоҳ мулкига айланади. Ундан келадиган фойда вақф қилувчи уни вақф этишда тайинлаган жиҳатга (масалан, талабалар, мусофирлар, камбағаллар ва ҳоказо) сарф қилинади ва савоби вақф қилувчига абадий бўлади. Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос бўлмайди.

Фонднинг асосий мулки нималардан иборат?

Фонднинг маблағлари 3 қисмга бўлинади. Булар: хайрия, вақф бўлими ҳамда закот, ушр, фитр, фидя бўлимидан иборат. Ким қайси бўлимга маблағ ўтказса, ўтказилган маблағ ўша бўлимга бориб тушади. Яъни, шариатда айтилган ўринлар учун сарф қилинади. Бир сўз билан айтганда, фонд фақат вақф мулкидан иборат эмас.

Маблағлар қай тартибда йиғилади?

Ҳозирги вақтда фонд хайрия маблағлари одамларга қулайлик яратиш мақсадида электрон тўлов тизимларига уланмоқда. Жумладан, “сlick”, “payme” тизимлари орқали закот, вақф ёки хайрия маблағларини фондга ўтказишингиз мумкин. Шу билан бир қаторда, пойтахтимиздаги 12 та масжид ҳамда Тошкент вилоятидаги Зангиота мажмуасига инфокиоска ўрнатилган бўлиб, улар орқали фонднинг исталган бўлимига нақд ёки пластик карточка орқали пул ўтказиш мумкин бўлади. Шунингдек, хорижда истиқомат қиладиган фуқаролар ҳам ушбу тизимдан фойдаланишлари, валюта маблағларини фондга ҳеч қандай муаммоларсиз туширишлари учун ҳам бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.

Теглар:#2018/24

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241176
Бокуда Хуршидбону Натаван асарларининг ўзбек тилидаги китоби тақдим этилдиМаданият

Бокуда Хуршидбону Натаван асарларининг ўзбек тилидаги китоби тақдим этилди

Ўзбекистондаги Ҳайдар Aлиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази лойиҳасига кўра, Озарбайжоннинг машҳур шоираси Хуршидбону Натаван асарларининг ўзбек тилига таржимаси асосидаги янг

07.10.2022234
Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишидаЖамият

Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида

Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла

16.05.2022896
Йод етишмовчилиги жиддий муаммоЖамият

Йод етишмовчилиги жиддий муаммо

Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш

23.03.2023782