Синглим битирувчи бўлгани боис ундан мактаб ва имтихонлар ҳақида сўраганимда "Вой қаранг, мактабни тугатиб қўйганимни ҳам пайқамай қолибман-да, опа", – дея аста хўрсиниб жавоб берди. Аваллари мактаб мавзусида сўз очганимда эринибгина "бўляпти", деб қўядиган сингилчам эндиликда унинг йўллари қадрдон даргоҳидан айро бўлаётгани учун бироз маъюс тортиб қолганди.
Шунда беихтиёр Аҳмад исмли синфдошим ёдимга тушди. Дарсларга кун ора келиб-кетиб турадиган, синф ишларига унчалик ҳам бош қўшмайдиган, йигитча битирувимизнинг беш йиллигида мактаб хотиралари ҳақида шундай тўлқинланиб, ҳаяжонланиб сўзлар эдики, қалбини эгаллаган содда, самимий энтикишни кўриб, мактаб чоғлари соф ва беғубор хотира бўлиб қалбга муҳрланибди, дейсан. Мактабда ўтган кунлар шундай чақмоқки, киши хотирида ялт этади. Унинг қиммати ҳам шунда, қиймати ҳам...
Йил якуни... Ҳамма дарсга жам бўлган. Дарсдан сўнг ҳам ҳеч ким уйга кетгиси келмас, синфдошларимиз билан давра қуриб нималарнидир суҳбатлашдик. Ана шунда ўша лаҳзалар қанчалик азиз ва ғаниматлигини дилдан ҳис этасан, киши.
Баъзида устозларимиз битирувчи бўлганимиз туфайли кўнгилимизга қарар, гоҳида беозоргина урушиб имтиҳонларга тайёргарлик кўришга ундарди. Барча битирувчиларнинг кўнгли парвоз олди ҳаяжонида. Сўнгги қўнғироқ ҳаяжонлари бизларни бир оила фарзандидек яна ҳам жипслаштиргандек.
Баъзида ҳар биримиз алоҳида-алоҳида, мустақил учирма бўлишимизни ўйлаб бироз ҳадиксирардик. Дугона ва дўстларимизнинг суҳбатисиз, далдасисиз ёлғиз қолаётгандекмиз, гўё.
Мен ҳам режа ва орзуларимнинг бир бўлагини дугонамга ҳам тортиқ этгандекман. Сирдош дугонам билан бир олийгоҳда ўқишни, бирга талаба бўлишни дилдан ният қилардик. Бу лаҳзалар бўсағасида билдирилган ниятлар пок бўлгани туфайлидир, кунлар келиб, ана шу ниятлар ўз ижобатини кўрсатди.
Мактабни битираётган чоғимизда устозимиз бизга юзланиб, йигирманчи қалдирғочларим дея фахрланиб қўйганди. Қирқинчи, эллигинчи учирма... Қалдирғочлар яна қайтади. Сўнгги қўнғироқ арафасида ўсмирлик даврида бир умр дилга муҳрланиб қолган нигоҳларни яна қўмсаб собиқ ўқувчилар жам бўлишади. Ана шунда дийдор, ширин висол тантана қилади. Тўйга тўёнадек, устоз ва мактабга ёднома қилиб уларга ташаккурнома сифатида совғалар тортиқ этишади.
Сўнгги қўнғироқ – умри мактабда ўтган ҳар бир инсонинг қалбида бонг урган хотиралардир. Сўнгги қўнғироқ – энг эзгу тилаклар ва ниятлар изҳори бу. Сўнгги қўнғироқ бир умр инсонни эзгуликка чорловчи, вақтнинг ғаниматлигини ёдга солувчи бонгдир.
Дилфуза МАЛИКОВА
Дилда ҳаяжон... Сўнгги қўнғироқ саси... Бир олам ойдин орзулар оғушида бўлган йигит-қизлар мустақил ҳаёт сари йўл олишади. Кечагина устозининг қўлидан тутиб қадрдон синфи сари йўл олган ўқувчилар бугун битирувчи. Бўйлари узун елкадор йигитлар, қошлари камонни эслатувчи мафтункор қизларнинг ўй хаёллари поёнсиз. Пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган 28-умумтаълим мактабининг 9-синфини тугатаётган ана шундай 241 нафар битирувчилар бугун мустақил ҳаёт сари йўл олишади.
Уларни келажакда етук мутахассис бўлиб етишишига замин тайёрлаш мақсадида замонавий жиҳозларга эга шинам академик лицейлар, турли соҳага ихтисослашган касб-ҳунар коллежлари ўз бағрига чорламоқда.
Айни вақтда 1832 нафар ўқувчини ўз бағрига олган таълим масканида 96 нафар ўқитувчилар меҳнат қилишади. Битирувчиларни катта ҳаёт сари кузатаётган мактаб жамоаси янги ўқув йилига ҳам қизғин ҳозирлик кўришни бошлаб юборган. Янги ўқув йилида илм маскани 210 нафар болажонларни биринчи синфга қабул қилади. Мактаб директори Малика Азимова таъкидлаганидек, ўқувчиларга яратилган шароитлар боис улар турли фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида ғолибликни эгаллаб келишмоқда. 9-синф ўқувчиси Жавоҳир Музаффаров география фанидан Республика олимпиадасида И ўринни эгаллаб, жаҳон олимпиадасига қизғин ҳозирлик кўраётган бўлса, Козим Азимжонов, Жасур Муҳаммаджоновлар белбоғли кураш бўйича шаҳар миқёсида ИИИ ўринни қўлга киритишган. Мактабнинг волейболчи қизлари ҳам шаҳар мусобақасида совринли ўринларни қўлга киритган бўлса, футболчи йигитлар ҳам улардан ортда қолмай ИИИ ўринни эгаллашди.
– Биз Муҳаммадқодир билан "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жамғармаси тадбирида иштирок этдик, – дейди 1-синф ўқувчиси Робия Собитжонова. Берган саволларимизга бурро-бурро жавоб қайтарган қизалоқ барча фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириши баробарида рақс сирларини ҳам қунт билан ўрганаётган экан.
Мактаб қошида бошланғич синф ўқувчилари учун ташкил этилган "Табиатни ўрганамиз" тўгараги болажонларни флора ва фауна билан дўстлашишига хизмат қилмоқда. Устозлари бошчилигида Ўзбекистон Давлат Табиат музейи, Ўзбекистон Тарихи Давлат музейига саёҳатга борган ўқувчиларнинг таассуротлари бир олам. Ўқувчиларнинг ўз қўллари билан ясаган гербарийлари "Саломатлик бурчаги"дан ўрин олган бўлса, "Моҳир қўллар" тўгараги аъзоларининг турли безакдаги қўл ишлари кўзни қувонтиради. "Ораста қизлар" тўгараги аъзоларининг мактаб ҳаётидаги жонбозлиги боис теварак-атроф тоза-озода. Тўгарак аъзоси Гулноза Баратова Зулфия номидаги Давлат мукофоти танловининг туман босқичида И ўринни қўлга киритган бўлса, Лобар Хўжаева информатика фани бўйича ўтказилган олимпиаданинг туман босқичида И ўринни эгаллаган.
Назокат Дўстмуродова, Умида Анорқулова, Дилфуза Одилова, Маҳмуда Нурмуҳаммедова каби ўқитувчиларнинг изланувчанлиги боис таълим маскани нафақат туманда, балки шаҳарда ҳам ўзига хос ўринга эга. Мавжуд тиббиёт хонасида ўқувчиларнинг соғлиги мунтазам назорат қилиб борилса, барча қулайликларга эга бўлган мактаб спорт зали чемпионларни тарбиялаш билан биргаликда ўқувчиларнинг соғлиғини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда. Ҳар бир дарс бир имтиҳон, ҳар бир бола бир дунё эканлигини сидқидилдан англаб меҳнат қилаётган таълим маскани ўқитувчилари ўқувчиларнинг пухта билим эгаллашлари учун барча имкониятларни ишга солишган. Кўргазмали воситалар, мавжуд компютер, лингофон хоналарида болажонлар фан сирларини қунт билан эгаллашаяпти.
Ҳа, мактаб муқаддас даргоҳ. Бугун унинг бағридан учирма бўлаётган битирувчилар, берган сабоғи учун устоздек мўтабар зотга чексиз раҳматлар айтаётган бўлса, келгусида ака-опаларининг ўрнини эгаллашга чоғланаётган мурғак қалблар уларнинг изларини босиши тайин. Биз эса эртамизнинг муносиб ворисларига омадлар тилаймиз.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
Тиббий сабоқларЮрак хуружи оғриқларсиз келса...
Статистика маълумотларига кўра, барча ўлим ҳолатларининг 56 фоизи юрак қон-томир касалликлари оқибатида юзага келар экан. Охирги пайтларда юрак хуружи билан вафот этиш ҳолати кўпай
Тиббиёт оламиЮрак нуқсони билан туғилиш: сабаб нимада?
Маълумотларга кўра, бугун жаҳонда ҳар минг чақалоқдан саккиз-ўн нафари туғма юрак нуқсони билан дунёга келмоқда. Уларнинг қарийб 72 фоизи ҳаётининг илк йилида жарроҳлик амалиётига
Тиббиёт оламиЧақалоқ нега туғма юрак нуқсони билан дунёга келади?
Шу кунларда туғма юрак нуқсонидан азият чекаётган 2 минг нафар бола давлат томонидан ажратилган 64 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига юқори технологик операциялар орқали оғир дард
Тиббий сабоқларТахикардия ёки юрак уришининг тезлашиши
Юрак уриш тезлашиши ёки ортиши юракка тушаётган зўриқишдан далолат беради, лекин ЙҚС (юрак қисқаришлар сони)ни меъёрлаштириш учун аввало, бу ҳолатга сабаб бўлаётган муаммони бартар
