Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Юмшоқ ўйинчоқларнинг жўяли ва ножўя хусусиятлари

19.09.2016
60 марта ўқилди
Юмшоқ ўйинчоқларнинг жўяли ва ножўя хусусиятлари

Кўпчилик болажонлардан севимли ўйинчоғингиз нима деб сўрасангиз, шубҳасиз, юмшоққина “айиқполвон” деб жавоб беради. Гарчи, юмшоқ ўйинчоқлар бола ақлий фаолиятининг ривож­ланишига у қадар таъсир қилмаса­-да, улар фарзандингизни жуда хурсанд қилиши, шубҳасиз.

Кичкинтой учун юмшоқ ўйинчоқ илиқ муносабат ва ҳимояланиш ҳиссини намоён қилишдан иборат. Шу сабабли, болакайлар ўзлари учун севимли бўлган “айиқча” ва “қуёнвой”ларни жон диллари билан бағирларига босиб, ухлашни хуш кўришади.

Болажонингизга биринчи юмшоқ ўйинчоқни қачон харид қилган маъқул?

Қачонки, фарзандингиз ўзи истаган вақтда ҳамда қуйида санаб ўтилган танлов шартларига амал қилган ҳолатларда харид қилганингиз мақсадга мувофиқ. Агар у мушукни танласа, унга юмшоқ мушуквой, вафодор итни танласа, унинг кичкина боласини харид қилинг.

Мутахассисларнинг фик­рига кўра ўйинчоқ танлашнинг ўзига хос шартлари мавжуд. Улар қуйидагилардан иборат:

– ўйинчоқнинг асосий деталларига диққат билан эътибор қаратинг. Агарда “қуёнвой”нинг кўзлари ғилай тасвирланган бўлса, яхшиси бу каби овунчоқни фарзандингизга илинмаганингиз маъқул.

– ўйинчоқ сифатли тикилиши билан бир қаторда, бурун ва кўзлари унга мустаҳкам қилиб бириктирилганига ҳам аҳамият беринг;

– ўткир кимёвий ҳид­лардан холи бўлган ўйин­чоқ танланг;

– танлов жараёнида маҳсулотнинг қайси фирма томонидан ишлаб чиқарилганига эътибор қаратинг. Аксарият сифатсиз матодан ясалган ўйинчоқлар туфайли болада аллергик ҳолатлар юзага келиши тез-тез учраб туради;

– ўйинчоққа бириктирилган қўллаш бўйи­ча кўрсатмалар сизга яқиндан ёрдам бера олади. Унда боланинг неча ёшдан бошлаб мазкур ўйинчоқни ўйнаши ёзилган бўлади.

– мусиқали юмшоқ ўйин­чоқларни танлашда эҳтиёт бўлинг. Унинг овози кичкинтойни қўрқитиб юбориши мумкин. Қолаверса, батареяси бор ўйинчоқларни ювиш ҳам анчагина мушкул.

– узун юнгли ўйинчоқларни харид қилмаганингиз маъқул. Чунки, у боланинг нафас олиш йўлига тушиш эҳтимоли юқори;

– жуда улкан бўлган ўйин­чоқ уйингизнинг катта қисмини эгаллашини унутманг. Агар сиз бунга тайёр бўлмасангиз, яхшиси уни харид қилманг.

Юмшоқ ўйин­чоқларни ювиш мумкинми? Албатта, буни доимий равишда амалга ошириш керак. Шифокорлар юмшоқ ўйин­чоқлар ўзига чанг йиғиши ва натижада кичкинтой хасталаниб қолиши мумкинлигини кўп бора таъкид­лашади.

Юмшоқ ўйинчоқнинг зарар етказмасдан, ўз ҳолича қолишини истасангиз, уни кир ювиш машинасида махсус қопга солиб, кейин ювинг. Ана шунда унга зарар етмайди. Ювиш жараёнида болалар кир ювиш кукунидан фойдаланинг. Агар қўлда ювишни истасангиз, уни эҳтиёткорлик билан тозаланг.

Теглар:#2016/37

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241178
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221032
Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишидаЖамият

Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида

Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла

16.05.2022897
Йод етишмовчилиги жиддий муаммоЖамият

Йод етишмовчилиги жиддий муаммо

Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш

23.03.2023783