Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Ёзги оромгоҳ – энг завқли даргоҳ

16.06.2014
121 марта ўқилди
Ёзги оромгоҳ – энг завқли даргоҳ

Ёз болаларнинг севимли фаслидир. Боиси айни шу пайтда боғларда мевалар ғарқ пишади. Тилни ёрар шафтолию, ўриклар танга қувват беради. Қолаверса, уч ой таътил мароқли ҳордиқ чиқариш учун имкониятдир. Юртимизда жажжи авлоднинг соғлом ва маънан камол топиши йўлида қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир боланинг вақти унумли ўтишини таъминлаш йўлида махсус режалар ишлаб чиқилган. Хусусан, ёзда ҳам болалар таълим-тарбиядан узилмайди. Улар ёзги оромгоҳларда ҳордиқ чиқаради. Дўстлар орттиради, билим ва кўникмасини оширади.

Мана, бу йил ҳам соғломлаштириш оромгоҳлари минглаб болаларни ўз бағрига чорлади. Бу муассасалар дам олиш маскани вазифасини ўтаса-да, у ерда ўтказиладиган тадбирлар, таълим-тарбия жараёнлари ёш авлоднинг дунёқарашини бойитишга, ижодий қобилиятларини шакллантиришга, уларни ҳар томонлама камол топишига кўмаклашувчи тарбия манбаи бўлиб хизмат қилади.

Ҳа, ёзги таътилни сермазмун, қизиқарли ўтказиш учун нафақат боланинг ўзи, ота-онаси, балки таълим муассасаси педагог-ходимлари, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар бўйича раҳбар ўринбосари, синф раҳбари, болалар етакчилари, фан тўгараги раҳбарлари, маҳалла, ота-оналар қўмитаси, “Камолот” ЁИҲ, “Камалак” болалар ташкилоти аъзолари ҳамкорликда иш олиб бормоқдалар.

Маълумки, оромгоҳда болалар ва ўсмирларнинг бадиий-эстетик, адабий, жисмоний тарбияси шакллантирилади. Бу эса миллий урф-одат ва анъаналар руҳини бола онгига сингдира боради. Баҳс ва мунозаралар нутқни равон қилса, қувноқлар ва зукколар мусобақаси тезкорликни ўргатади. Турли спорт ўйинлари, фан тўгаракларининг фаолият юритиши эса болаларнинг соғлом ва маънан камол топишида муҳим рол ўйнайди. Қизиқарли ўйин ва саёҳатлар, болаларбоп машғулотлар ўқувчиларни уч ой давомида таълим жараёнидан узоқлаштирмасликка хизмат қилади.

Бундай тадбирлар ёшлар қалбида ватанпарварлик ва байналминал тарбияни, сайёҳлик ва ўлкашуносликка ҳурматни, янги дўстлар орттириш, тил ўрганиш ва дўстлик клубларини ташкил этиш имкониятини юзага чиқаради. Қолаверса, жисмоний тарбия ва спорт йўналишида соғломлаштириш, оммавий спорт мусобақаларида ёшлар билимини янада оширишга эришилади.

Қарши шаҳридаги 29-умумтаълим мактабида ташкил этилган “Камалак” номли кундузги оромгоҳ ҳам 1-июньданоқ юздан ортиқ дам олувчиларни ўз бағрига чорлади. 1-синфдан то 8-синфгача бўлган болаларни қамраб олган оромгоҳда ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Мавжуд чўмилиш ҳавзаси, спорт майдончаси тайёр ҳолга келтирилди. Фан тўгараклари, зардўзлик, чеварлик, устачилик, моҳир қўллар, чет тили тўгараклари қизғин фаолиятини бошлади.

Тарбиячи ва етакчилар, синф ва тўгарак раҳбарларининг навбатчилиги асосида болаларнинг мириқиб дам олишлари учун экскурсия ва саёҳатлар ташкил этиш, чўмилиш, спорт мусобақалари орқали уларни жисмоний чиниқтириш, тил ўрганиш, касб-ҳунар эгаллаш, кашфиётчилик ва маданий-маърифий ҳамда маънавий тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди.

Тўрт нафар кам таъминланган оила фарзандларига касаба уюшмаси томонидан бепул йўлланма берилиб, дам олувчиларга бир маҳал иссиқ овқат ташкил этилди. Мактаб қошидаги ёрдамчи хўжаликда етиштирилган полиз маҳсулотлари, мактаб ҳовлисида ғарқ пишган мевалардан шарбат тайёрланиб, болажонлар чанқоғини қондиришда фойдаланилмоқда.

Асосийси, мактаб маъмурияти томонидан ёзги оромгоҳда ўқувчиларнинг дам олиш самарадорлигини ошириш мақсадида кун ва ҳафта режасининг ишлаб чиқилгани эътиборга молик. Яъни, душанба – истиқлол ва тадбирлар куни, сешанба – ҳуқуқий маданият, чоршанба – тиббий маданият, пайшанба – камолот куни, жума – маънавият ва ораста қизлар, шанба – тил ўрганиш ва якшанба – меҳр куни, деб белгиланди. Меҳр кунида дам олувчилар ёлғиз қария ва меҳнат фахрийлари, ногиронлар ҳолидан хабар олишади. Уларнинг оғирини енгил қилиш ва уй ишларига кўмаклашиш эса болаларни миллий қадрият ва анъаналаримизни ёш қалбларга сингдиришда замин яратиши, шубҳасиз.

Теглар:#2014/24

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241176
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221031
Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишидаЖамият

Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида

Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла

16.05.2022896
Йод етишмовчилиги жиддий муаммоЖамият

Йод етишмовчилиги жиддий муаммо

Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш

23.03.2023782