Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Ёруғ кунлар саодати

16.06.2016
50 марта ўқилди
Ёруғ кунлар саодати

Қиз болаларни оммавий спортга жалб этиш борасидаги кўрсатгичлар 2005-йилда 24 фоизни, жумладан, қишлоқ жойларда 22 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунги келиб уларнинг 47 фоизи, қишлоқ жойларда эса 44, 7 фоизи спорт билан мунтазам шуғулланиб келмоқда.

...Гавҳар опанинг икки фарзандидан сўнг кўрган болалари гўдаклигида бирин-кетин вафот этди. Навбатдаги чақалоқ туғилганида қайнонаси билан маслаҳатлашиб, қизалоққа Турдихон деб исм қўйишди. Гўдакни эҳтиётлаб, авайлаб, меҳр билан парваришлашди. Шунга қарамай, қизалоқ тез-тез касал бўлар эди. Гавҳар опанинг дадаси: “Қизингизни бирон спорт турига беринг.

Саломатлиги тикланади”, деб қайта-қайта таъкидлар эди...

2006-йил. Телевизор орқали йирик спорт тадбирини томоша қилиш пайтида 5 ёшли Турдихон спорт гимнастикаси бўйича қизларнинг дастур ижрочилигини кўриб, шу спорт турига қизиқиб қолди. Ота-она маслаҳатлашиб, фарзандини уйи яқинида жойлашган спорт мактабидаги спорт гимнастикаси бўйича сексияга олиб боришди. Турдихон ушбу спорт тури билан жиддий машқ қилишни бошлаб юборди. Аста-секин натижалар ҳам қўлга киритила бошланди. Бир йилдан сўнг Фарғонадаги республика турнирида у иккинчи ўринни эгаллади. Қозоғистонда ўтказилган чемпионатда ҳам совриндорлар сафидан жой олди. Саккиз ёшида катталар ўртасидаги иккинчи тоифада Республика чемпиони бўлди. Мураббийи Ирина Каримжонова қорамағизгина, қотмадан келган, интилувчан ва меҳнаткаш қизнинг қобилиятини тезда пайқади. Машғулотларда унга жуда катта талаблар қўйса-да, қобилиятли шогирдидан умиди катта эди. Турдихоннинг натижалари йил сайин яхшиланди. У 2011–2014-йиллар оралиғида Германия ва Қозоғистонда ўтказилган халқаро мусобақаларда ғолибликни қўлга киритди. 2014-йили юртимиз мезбонлик қилган спорт гимнастикаси бўйича Осиё чемпионатида Турдихон минтақадаги етакчи спортчилар қаторида шоҳсупага кўтарилиб, мадҳиямиз янграб, юртимиз байроғи юқорига кўтарилганда кўзларига ёш қалқиди. Уни минбардан кузатаётган онаси Гавҳар опа билан отаси Маъруф аканинг кўнглидан ўтганларини эса сўз билан ифодалаб бўлмайди. Қизлари учун фахр-ифтихор, юртимизда хотин-қизлар спортини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ижобий ишлардан шукроналик ҳисси бу ота-онани ниҳоятда бахтиёр қилди...

Бу – бирон кинофилм учун атайин ёзилган ссенарий ёки мақола учун тайёрланган материал эмас. Унинг қаҳрамонлари ҳам, уларнинг исмлари ҳам ҳақиқий. Воқеалари ҳам ҳаётий. Бу – спорт гимнастикаси бўйича Осиё чемпиони Турдихон Исломова ҳақидаги самимий ҳикоянинг дебочаси...

2016-йил бошида Турдихон Исломова Россия ҳамда Латвияда ўтказилган халқаро мусобақаларда одатдагидек ғолиб бўлиб қайтди. Бугунги кунда у спорт гимнастикаси бўйича терма жамоанинг етакчи атлети. Ўн беш ёшли бу қизчага катталар умид билан, ёш болалар ҳавас билан қарашади. Мураббийи Ирина Каримжонова унинг меҳнаткашлиги, сабр-тоқати, тартибли ва интилувчанлигини юқори баҳолайди. Тўғрироғи, шогирдининг бу фазилатларини, фақат бизга, журналистларга айтади. Спорт залида эса унга ниҳоятда катта талаблар қўйиб, спорт усталари ўртасида мусобақаларга чиқиши учун тайёрлайди.

10 см қалинликдаги ердан 125 сантиметр баландликда жойлашган спорт анжомида моҳирона элемент бажариш учун гимнастикачи йиллар давомида тинмай машқ қилиши керак. Мағлубиятли дамларида эса ўрнидан туришга куч топиб, танлаган йўлидан давом этиш учун ирода ва сабр-тоқат талаб этилади. Турдихоннинг спортчи сифатидаги ўзига хос хусусиятлари, гимнастика бўйича талаб этиладиган қобилияти борасида мураббийи Ирина Каримжоновадан сўрадик:

– Биласизми, таяниб сакраш бўйича юқори натижаларга эришиш учун атлетнинг туғма жисмоний қобилияти бўлиши зарур. Бундай истеъдоди бўлмаганлар халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эриша олмайдилар. 10 см қалинликдаги ғўла(бревно) анжомида яхши чиқиш қилиш учун эса авваламбор спортчи меҳнаткаш бўлиши керак. Айнан шундай хусусияти бўлгани учун Турдихон бу анжомда юқори кўрсаткичларга эришмоқда. Машғулотларда барча кўрсатмаларимни бажаради. Маромига етказиб ижро қилмагунича машқ қилишни тугатмайди.

Шогирдим болалигидан тартиб интизомли, иродаси кучли бўлган. Мана бир неча йилдирки, у билан биргамиз. Турдихон худди ўз қизимдек бўлиб қолган.

Спортчи юқори натижаларга эришиши учун мураббийини тушунадиган, уни қўллаб-қувватлайдиган оиласининг бўлиши ҳам ниҳоятда муҳим. Бу борада Турдихоннинг ота-онаси ҳаммага ўрнак бўла олади. Бундай аҳил, фарзандига меҳр-муҳаббатли оилани барчага ўрнак қилса арзийди.

Бугунги кунда Турдихоннинг натижаларига ҳавас қилиб, унинг укаси Хумоюн ҳам спорт гимнастикаси билан шуғулланмоқда. Гавҳар опа аввалига қизини, кейинчалик ўғлини ҳам спорт залига етаклаб борди. Ҳозирда она иккала фарзандининг ҳам ютуқларидан хурсанд.

– Турдихоннинг халқаро мусобақалардан доим медаллар билан келишига ўрганиб қолганмиз, – дейди Гавҳар опа. – Қизимнинг ҳар бир ғалабаси мени бахтиёр қилади. Турдихон спорт билан шуғулланиб, саломатлигини тиклаш баробарида, ўзига бўлган ишончи ҳам шаклланди.

Қизлар – бўлажак оналар. Шунинг учун уларнинг саломатлигини болалигидан асраб-авайлаш лозим. Бугунги кунда касалликни даволагандан кўра уни олдини олиш афзаллигини шифокорлар таъкидлашади. Касалликларнинг олдини олишда эса спортга етадигани бўлмаса керак.

Гавҳар опа билан суҳбатимиз чоғида қизининг ҳар бир медалини қўлга олганида кўзларида фахр-ифтихор туйғуси акс этганини кўрдик. Самимий, камтар бу онанинг меҳру муҳаббати қизини шоҳсупа сари йўлнинг қийинчиликларига бардошли бўлишида ёрдам берган бўлса, ажаб эмас. Турдихоннинг ўзини ҳам суҳбатга тортиб, унинг энг катта орзуси ҳақида сўрадик.

– Келажакда Олимпиада чемпиони бўлишни орзу қиламан. Афсонавий спортчи Оксана Чусовитинага ҳавасим келади. Келажакда худди унга ўхшаб дунё спорти тарихида муносиб из қолдирмоқчиман.

Самимий, содда, камтар ва камгап Турдихонни келажакда янада катта зафарларга эришишига ишонамиз... Шундай қизни тарбиялаб, вояга етказаётган онасига ҳавасимиз келади. Қобилиятли шогирдига сабоқ бераётган мураббийига куч-қувват, сабр-тоқат тилаб қоламиз. Юртимизда болалар спортини ривожлантириш, жумладан, хотин-қизларни спортга жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ижобий ишлар натижасини кўриб, шукр қиламиз. Шу юртда, тинч-осуда ҳаёт кечириб, фарзандаларимиз камолини кўраётганимиздан ниҳоятда бахтиёр бўламиз...

Теглар:#2016/24

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
БОКС БЎЙИЧА ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИСпорт

БОКС БЎЙИЧА ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИ

Боксчиларимиз Жаҳон чемпионатига жўнаб кетиши олдидан ўтказилган матбуот анжумани таассуротларга бой ҳолда ўтди. Маълумки, 25 октябрь – 6 ноябрь кунлари Сербиянинг Белград шаҳрида

22.10.2021267
Чарчоқ билан кураш:  қайси озиқ-овқатлар сизни тетиклантиради?Спорт

Чарчоқ билан кураш: қайси озиқ-овқатлар сизни тетиклантиради?

Кўплаб одамлар иш ва шахсий ҳаётдаги мажбуриятлар, етарли уйқунинг йўқлиги ва нотўғри овқатланиш туфайли чарчоқни бошдан кечиради. Бу фақат жисмоний ҳолсизлик билан чекланмайди, ба

25.10.20241105
Бола неча ёшдан спорт билан шуғулланишни бошлагани маъқул?Спорт

Бола неча ёшдан спорт билан шуғулланишни бошлагани маъқул?

Фарзандлар соғлом ўсиши учун уларнинг тўғри овқатланиши билан бирга, жисмоний фаоллиги муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ота-оналар ўғил-қизлари учун спорт тўгараги танлашда уларнинг ёш

04.10.2024974
Юртимизда халқаро бадиий гимнастика турнири ўтказилдиСпорт

Юртимизда халқаро бадиий гимнастика турнири ўтказилди

Пойтахтимиздаги Гимнастика федерациясида бадиий гимнастика бўйича халқаро турнир бўлиб ўтди. Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон гимнастика федерац

18.04.2022332