Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

XX аср ўзбек адабиётида Бобур сиймоси

25.02.2014
66 марта ўқилди
XX аср ўзбек адабиётида Бобур сиймоси

ХХ аср иккинчи ярми ўзбек поэмачилигида шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурга бағишланган поэмалар алоҳида тизимни ташкил этади. А.Маҳкамнинг “Таважжуҳ”, И.Тўлаковнинг “Сўнгги кеча”, Т.Низомнинг “Уч сўз” асарлари шулар жумласидандир.

Асқар Маҳкамнинг “Таважжуҳ” поэмаси тасаввуфий мазмун-моҳияти билан алоҳида ажралиб туради. Шоир Бобур ҳаётининг миллат ва Ватан тақдиридаги ғоят муҳим нуқталарини, руҳий ҳолатларини қаламга олади. Хусусан, асарнинг “Мирзо Бобур тазарруси”, “Мирзо Бобурнинг муроқабаси”, “Мирзо Бобурнинг пири Шайх Ҳикматуллоҳ ибн Зиёдуллоҳга мактуби” фаслларида ана шу руҳ ёрқин сезилади. Поэма инсоннинг яшашдан мақсади, руҳ ва нафс муносабати масалаларини бадиий талқин этишни кўзлайди.

Поэма Бобурга бағишланган тарихий мавзудаги асарлардан фарқланиб туради. Чунки унда тарихий воқеалар тасвирига кенг ўрин берилмаган. Балки уларга баъзи ишоралар бор. Поэманинг “Мирзо Бобурнинг қазо ва қадар ҳақида ўйлаганлари” қисмида Иброҳим Лўдий билан Бобур муносабатига ишора қилиб ўтилган:

Иброҳим Лўдининг ёй ўқи янглиғ

жануб боди қолди сўнгагим аро.

Поэманинг яна бир муҳим жиҳати, бошидан охиригача ғазалнинг қофияланиш шакли сақланганлиги билан белгиланади. Буни мумтоз адабиётдаги анъананинг янгилангани сифатида ҳам баҳолаш мумкин. Чунки бутун бошли достонни бир хил шаклда – ғазал қофиясидан фойдаланган ҳолда яратиш шоир услубининг бетакрор хусусияти сифатида намоён бўлади.

“Таважжуҳ”даги мактубларда мурожаат руҳи устувор. Айни чоқда Бобурнинг ўз-ўзига қарата айтган фикрлари ҳам ўрин олган. Шу тарзда шоҳ ва шоир Бобурнинг қалб дунёси манзаралари, унинг она юртидан айрилгач, мусофирликда чеккан изтироблари, ўкинч ва армонлари талқин қилинган.

Шоир Бобур ҳаётининг миллат ва Ватан тақдиридаги ғоят муҳим нуқталарини, руҳий ҳолатларини қаламга олади. Мирзо Бобур мактублари орасида Алишер Навоийга йўлланган хат муҳим ўрин тутади.

Мазкур мактубда Бобур ўзининг пиру устози Алишер Навоийга дардларини, аламли кечинмаларини тўкиб солади. У улуғ шоирнинг миллат, Ватан олдидаги хизматларини эътироф этган ҳолда халқнинг фожиаларини ҳам қаламга олган:

Ҳазратим, саҳройи турк лисонини

самумдан самога элтди таъбингиз.

Эътибор берилса, хатда дастлаб Алишер Навоийнинг ўзбек тилини юксалтиришдаги хизматига урғу берилган.

Ҳазратим, Сиз илк бор саргашта туркнинг

Тўзонларин аста юздан артдингиз

Саҳройи гўрларда ётган ўликнинг

Томирига кириб борди байтингиз.

Алишер Навоий туркий тилнинг бой тил эканини исботлаб, ўз асарларини шу тилда битганлиги маълум. Шоир шунга асосланиб, ўзбек халқини “саргашта турк” дейди. А.Навоий эса пароканда халқнинг тилини юксакликка кўтариш орқали унинг юзидаги тўзонларни артди. Шу тарзда ғафлатда ётган – ўзбекнинг томирига Навоий байтлари синга борди.

Якқалам қилдингиз, эй пири фано,

Сиз дарвиш сийрати ила Карбало

Даштида топдингиз сўфий туркларни.

Алишер Навоий байтлари етиб бормаган бирорта туркий хонадон йўқ. “Турк назмида мен тортиб алам, айладим ул мамлакатни як қалам”, – деб ёзади шоир. А.Маҳкам юқоридаги мисраларда худди шунга ишора қилади.

Пирим, Сиз якқалам қилган бу юртлар

якка-якка бўлиб сўйди бир-бирин.

қонга ботди девон ичра сурудлар

оёқ ости бўлди Қошғарий тили.

Бу сатрлар тарих саҳифаларидан сўзлайди. Навоий яшаган даврда ўзаро тахт талашишлар авж олди. Шоир “қонга ботди девон ичра сурудлар” дер экан, туркий тилда яратилган назм дурдоналарини назарда тутади. М.Қошғарий ўзбек тили луғатини тузиб, халққа тақдим этган. Шунинг учун шоир “Қошғарий тили” – туркий тилнинг оёқ ости бўлганлигидан ўкинади.

Ёки:

Қирғий кўзларида ёнди жаҳолат,

Томирларин ёрди саҳройи қони.

Бунда ҳам тарихий воқеликка ишора мавжуд. Яъни қирғий кўз дейилганда Шайбонийхон назарда тутилмоқда. У – саҳройи ўзбеклардан.

Шунингдек, поэмада Бобурнинг ўз Андижонига садоқати ифода этилган:

Бизни азал зулмпарвар демишлар,

мен-да бу ойинга амал қилмайман.

Бунда Бобур феъл-атворига хос муҳим жиҳат юзага чиққан. Золим шоҳларга нисбатан зулмпарварлик қўлланган. Бобур адолатсизликларга гувоҳ бўлгани учун шоирона қалб ва юксак ақл билан уларнинг олдини олишга, халқпарвар бўлишга ҳаракат қилган. Шу жиҳатга кўра у ўзини шоҳ Шайбоний билан бир қаторда кўрмайди.

Умуман олганда, А.Маҳкам мактуб усули орқали Бобурнинг миллатпарвар, ватанпарвар сифатидаги сиймосини ва унинг ўз замондошларига муносабатини ифода этади. Бобурнинг ўкинч ва аламларга тўла мактубларида тарихий шахсларга мурожаат этиш орқали миллатнинг фожиаларга тўла мураккаб даврларини қаламга олади. Асарнинг тасаввуфий мазмун-моҳияти ҳам шу монологларда акс этган.

Теглар:#2014/7

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
ЎЗБЕКИСТОНДА МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТДИМаданият

ЎЗБЕКИСТОНДА МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТДИ

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ва ОАВ миллий ассоциацияси томонидан ташкиллаштирилган Маданий мерос ҳафталиги ўз якунига етди

22.09.2021362
ТУРКСОЙ ўзбек журналистларини тақдирладиМаданият

ТУРКСОЙ ўзбек журналистларини тақдирлади

Ўзбекистондаги Ҳайдар Aлиев номидаги Озарбайжон Маданият Марказида ўзбек журналистларига ТУРКСОЙнинг мукофотлари топширилди.       Тадбирда ТУРКСОЙ ташкило

12.09.2022309
Бокуда Хуршидбону Натаван асарларининг ўзбек тилидаги китоби тақдим этилдиМаданият

Бокуда Хуршидбону Натаван асарларининг ўзбек тилидаги китоби тақдим этилди

Ўзбекистондаги Ҳайдар Aлиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази лойиҳасига кўра, Озарбайжоннинг машҳур шоираси Хуршидбону Натаван асарларининг ўзбек тилига таржимаси асосидаги янг

07.10.2022234
Ўз саломатлигингизни ва келажагимизни асранг!Тиббий сабоқлар

Ўз саломатлигингизни ва келажагимизни асранг!

Инсон саломатлиги ҳар недан қиммат. Уни асраш ҳар биримизнинг энг муҳим вазифамиздир. Унутмаслик керакки, танага юқумли ёки юқумсиз касаллик зарар ёки шикаст етказса, бу саломатлик

08.08.2024230