
ёхуд халқаро форумда оммалаштирилган тажриба
Ўтган йили ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни тарбияловчи Хива “Меҳрибонлик” уйи ташкил топганига 90 йил тўлди. Бу даргоҳ ўз қадриятлари ва анъаналарига эга. Мустақиллик йилларида бу ерда тарбияланувчи болалар ҳаётида юксак ўзгаришлар рўй берди. Бу нафақат уларга яратилган шарт-шароитларда акс этади, балки ўзаро муносабатларида ва билим олишга бўлган интилишларида ҳамда уларни қўллаб-қувватлашда ўз ифодасини топади.
Ўзига хос қадриятлар
“Энг яхши “Меҳрибонлик” уйи”, “Энг яхши “Меҳрибонлик” уйи тарбиячиси” кўрик-танловларининг республика босқичи ғолиби бўлишга эришган. “Энг меҳмондўст “Меҳрибонлик” уйи”, “Энг яхши таълим-тарбия дастурини ишлаб чиққан “Меҳрибонлик” уйи” каби йўналишларда ҳам совринлар олишга муяссар бўлган. Уларнинг битирувчилар билан олиб бораётган ишлари, ўқувчиларнинг коллеж ва лицейларга ўқишга кириши, янги жойга мослашиши, касб танлаши, уларнинг ижтимоий интеграцияси масалалари 2009-йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган халқаро форумда оммалаштирилди.
Бугунги кунда жаҳонда ижтимоий ҳимояга муҳтож, қаровсиз қолган болаларни тарбияловчи масканларни оилавий шароитга яқинлаштириш масаласи ижобий деб тан олинмоқда. Шунинг учун бу ернинг тарбияланувчилари 2007-йилдан бошлаб ҳар бирига ўн етти нафардан бола тўққизта оилавий гуруҳга уюштирилиб таълим-тарбия олмоқдалар. Ҳар бир гуруҳнинг ўз рамзи, шиори мавжуд. Ўзбек оилаларида опа-сингил, ака-укалар бир-бирига таълим-тарбияда кўмаклашганидек улар ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Ҳар бир оилавий гуруҳга хонадонлардагидек барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Ётоқхоналар, дарс тайёрлаш хоналари, маънавият хонаси ва тарбиячилар хоналари мавжуд. Шунингдек, масканда мусиқа ижроси хонаси, компютер синфи, тез тиббий ёрдам хоналари, кутубхона, мажлислар, тикувчилик, спорт заллари ишлаб турибди. Йил давомида тарбияланувчилар тиббий кўрикдан ўтказилади. Руҳшунос, врач ва тўрт нафар ҳамшира уларнинг хизматида. Физиотерапия бўлими фаолият кўрсатмоқда.
Дарҳақиқат, давлатимиз томонидан уларга барча шарт-шароитлар яратилган. Тарбияланувчилар учун автобус ва икки “Дамас” машинаси ҳам ажратилган.
Айни кунда улар учун 18 коттеждан иборат янги замонавий бино қад ростлаяпти. Ҳар бир коттежда 6-8 бола тарбияланади. Шунингдек, бу ерда маъмурий бино, замонавий спорт зали, сув ҳавзаси қурилмоқда.
Педагогларнинг қанотлари
Тарбияланувчилар “Меҳрибонлик” уйига яқин жойлашган 3– ва 5-сонли умумтаълим мактабларида таҳсил олмоқда. Болага ўзига бўлган ишонч ва масъулият туйғусини сингдириш мақсадида муассасада ўз-ўзини бошқаришга катта эътибор берилади. Ҳар бир ўқув йили бошланишида оилавий гуруҳларнинг фаоллари сайланади. Болалар ўзларининг ичидан етакчиларни аниқлайдилар. Бири сардор, бири ёрдамчи тарбиячи, бири экоклуб аъзоси, яна бири ўқув сектори аъзоси, жумладан хўжалик, спорт, тозалик ва дам олиш ишларига масъуллар белгиланади. Уларга ўқув йили давомида олиб борилиши лозим бўлган ишлар режаси ва уларни амалга ошириш йўллари тушунтириб борилади. Сардорлар кенгашида турли муаммоларни педогоглар билан бирга болаларнинг ўзлари ҳал қиладилар. Фаоллар кенгашда вақти-вақти билан ҳисобот ҳам берадилар. Бу усул болаларнинг ҳаётга мослашишига кўмаклашади. Сардорлар ва ёрдамчи тарбиячилар педагогларнинг қанотларидир. Шу билан бирга улар директорнинг ҳамкори ҳисобланади. Тарбияланувчилар номидан “Меҳрибонлик” уйи кенгаши йиғилишларида қатнашади. Болага ишонч унинг истеъдодини тарбиялайди, топширилган ишга бўлган масъулиятини оширади. Ўз-ўзини бошқариш тизимида 11та кенгаш ва клуб фаолият юритяпти.
Ана шундай етакчилардан бугунги кунда Анвар Рўзметов моҳир мутахассис ишчи, Евгения Нижник “Асакабанк”нинг Урганч шаҳар филиалида мутахассис, Марям Рўзметова – ҳамшира, Темур Тилавов ҳарбий қисмда зобит, Жамолбек Абдуллаев ва Амир Тилавов Урганч давлат университети талабаларидир.
Ҳар бир педагогнинг қўшимча вазифалари ҳам мавжуд. Масалан, маънавий– маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Ленинза Оллоберганова раҳбарлигидаги ўқув сектори аъзолари мактабда ўқиётган болаларнинг ўзлаштиришини ва интизомини назорат қиладилар.
Хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Леонид Каримов ҳамширалар ва экоклуб раҳбари бўлиб, улар тозаликка масъулдирлар. Ижтимоий муҳофаза бўйича директор ўринбосари Гавҳар Ниёзметова раҳбарлигидаги маънавият ва маърифат гуруҳи болаларни мамлакатимиз ва жаҳон янгиликларидан хабардор қилиб туради. Шунингдек, барча тадбирларни уюштириш ва тарбияланувчиларнинг фаол иштирокини таъминлаш ҳамда “Менинг оилам – менинг ғурурим” клубининг фаолияти ҳам улар зиммасида бўлиб, ушбу жамоанинг асосий вазифаси ўғил-қизларни мустақил ҳаётга тайёрлашдир.
“Камалак” оилавий гуруҳ раҳбари Замира Солаева тарбия масканидаги етакчи педагоглардан бўлиб, бу ерда ўттиз бир йилдан буён ишлайди. Болалар унга ўхшашга ҳаракат қилишади. У “Энг яхши “Меҳрибонлик” уйи тарбиячиси” кўрик-танловининг республика босқичи ғолиби бўлган. Педагоглар “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчилари ўқийдиган коллеж ва лицейларга бириктирилган. Улар ушбу ўқув даргоҳида тез-тез бўлиб болаларнинг билим олиши ва ўзлаштиришини назорат қилади.
Муассаса ходимларининг меҳнати ҳукуматимиз томонидан доимий эътирофда. Меҳрибонлик уйи директори Ўзбекистон Қаҳрамони Вера Пак 2004-2009-йилларда Олий мажлис сенати аъзоси сифатида фаолият олиб борган бўлса, ижтимоий муҳофаза бўйича директор ўринбосари Гавҳар Ниязметова иккинчи даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланган.
Таълим ва самара
Йилдан йилга муассаса тарбияланувчилари орасида олий таълим муассасаларида таҳсил олишни истовчи болалар сони ортиб бормоқда. Бу эса таълим-тарбия тўғри йўлга қўйилганлигини англатади. У нималарда кўринади?
“Меҳрибонлик” уйи шароитига мослаштирилган кўрик танловлар низоми, шартлари ишлаб чиқилди. “Тарбиячи – ота, тарбиячи – она”, “Муқаддассан, муқаддас аёл”, “Мен ва тарбиячим, акам-укам, ўқитувчим, опа-синглим билан бирга – спортчи оиламиз”, “Обод маҳаллам менинг” ва бошқа шиорлар остида гуруҳлараро кўрик-танловлар ўтказилмоқда. Бу тадбирларга маҳалла фаоллари, мактаб ўқитувчилари, педагогика коллежи талабалари, ҳарбий қисм аскарлари, собиқ тарбияланувчилар ҳам жалб қилинади. Энг асосийси, муассаса тарбияланувчилари беллашувда фаол қатнашадилар. Ҳар йили Наврўз байрами арафасида тарбияланувчи болаларнинг мучал ва суннат тўйлари ўтказилади.
Бу ерда йигирмадан ортиқ тўгарак ва клублар фаолият кўрсатиб келмоқда. Хива санъат мактабининг устозлари кўмагида мусиқа синфлари, Хива қўғирчоқ театри ёрдамида кичик қўғирчоқ театри ташкил қилинди. Ҳар йили вилоят ҳокимлиги раҳбарлигида “Меҳрибонлик” уйининг битирувчилари учун шаҳар ва туманлардаги академик лицей ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари директорлари билан учрашувлар ташкил қилинади. Болалар учун ўқув масканларига саёҳатлар уюштирилади.
– Муассасамизда тарбияланаётган болаларнинг барчаси мен учун ҳудди ўз фарзандимдек бўлиб қолган, – дейди “Меҳрибонлик” уйи директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Вера Пак. – Уларнинг ютуғи бизнинг ютуғимиз деб ҳисоблайман. Катта ҳаётга қадам қўйган шогирдларимизнинг барча ишларида ҳамкор ва ҳаммаслак бўлишга, улар билан доимий алоқаларни сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз.
Турар-жой билан таъминлаш масаласи
Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига мувофиқ “Меҳрибонлик” уйини битириб чиққан ҳар бир тарбияланувчи барча имтиёзлардан фойдаланишга ҳақлидир. Ана шу Фармон асосида Хива “Меҳрибонлик” уйи жамоаси томонидан тегишли ташкилотлар кўмагида ҳар бир тарбияланувчига алоҳида эътибор берилади. Иш ва турар-жой билан таъминлаш масаласи доимо назоратда бўлади. Масалан, 2004-йили Ҳазорасп туман ҳокимлиги томонидан Рустам Болтаевга, 2005-йил Хива шаҳар ҳокимлиги томонидан Умарбек, Сафарбой, Бахтиёр Юсуповларга, 2006-йили ёш зобит Бобомурод Ўрозовга турар жойлар ажратилди. 2009-йили Хива шаҳар ҳокимлиги томонидан Ўктам Болтаевга турар жой қуриш учун ер майдони, опаси Гулистон Болтаевага оиласи билан яшаш учун турар жой берилди. Олга Халиловага 2005-йили Урганч туман ҳокимлиги томонидан уй қуриш учун ер майдони ажратилди. Янгиариқ туман ҳокимлиги томонидан 2007-йили Яраш Расуловга турар жой қуриш учун ер майдони берилди. Шу йили Фароғат Саитназаровага яшаб турган вилоят қўғирчоқ театри тассаруфидаги уй хусусийлаштирилди. 2008-йилда вилоят ҳокими томонидан Валентина Косивченконинг оиласи икки хоналик уй билан таъминланди. 2009-йили “Асакабанк”нинг Урганч шаҳар филиалида ишлаётган Евгения Нижникка Урганч шаҳрида қурилаётган замонавий икки хонали турар-жой ажратиб берилди.
Инсонийликнинг гўзал намунаси
Муассасада амалга оширилаётган инсонийликнинг яна бир гўзал намуналаридан бири бу совчилик ва тўйлар масаласидир. Тарбиячиларнинг ўзи тарбияланувчилар учун ота-она вазифасини бажариб уларнинг никоҳ тўйларида совчилик вазифасини ҳам уддалашмоқда. Радик Шамғунов учун Фарғонадан, Бобомурод Ўрозов учун Бухородан қадимий Хоразм қадриятларига асосан совчи бўлиб бориб Хивага келин олиб келишди. Шунингдек, Қудрат Абдуллаевга Самарқанд шаҳридан, Азамат Бакиевга Урганч шаҳридан, Бахтиёр Юсуповга Хива шаҳридан келин олишди. Тўйларни ўтказишда беминнат кўмак берган ҳомий ташкилотлар доимо ёрдамга шай.
“Меҳрибонлик” уйи биносининг таъмирланиши, ҳар йили юзга яқин боланинг Тошкент вилояти оромгоҳларида дам олишини ташкил қилиш, суннату мучал тўйларини ўтказиш, уларнинг ўқишга киришлари, мустақил ҳаётга қадам қўйганларидан кейин турар-жой билан таъминлаш, никоҳ тўйларни ўтказиш масалалари ҳомийлар ёрдамида ҳал этилмоқда. Бу гўзал қадриятлар бағрикенг халқимизнинг саховатпеша анъаналарини акс эттиради.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
ЖамиятCалоҳиятли кадрлар тайёрлаш – давр талаби
Таълим масканига кирарканман бир гуруҳ оқ халатли ўқувчи қизлар салом беришиб, раҳбарият биноси томонга бошлашди: – Юринг, сизга йўлни кўрсатиб юборамиз. Биз ҳам дарсга киряпмиз.
СаломатликСоғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси: «Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!» шиори остида саломатлик акцияси бошланди
Мамлакатимизда олиб борилаётган ҳар бир янгиланиш ва ўзгаришларнинг туб мазмун-моҳиятига эътибор берсак, уларнинг барчаси шу муқаддас Ватанда азиз саналган инсон учун эканлиги яққо
ЖамиятГендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик
Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр
Карьера кунида нималарга эришилди?
Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту
