Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

УСТОЗ – ҲАЁТИМИЗ ЧАРОҒБОНИ

20.02.2015
45 марта ўқилди
УСТОЗ – ҲАЁТИМИЗ ЧАРОҒБОНИ

Устозни бежиз маёққа қиёслашмайди. У таратган ёруғлик одамларнинг йўлини бир умрга ёритади. Узоқ йиллар ўтса ҳам устозлар қолдирган мероснинг оҳори тўкилмайди. Ана шундай ижод оламининг фидокорларидан бири Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Ҳафиз Абдусаматов бугунги кунда табаррук 90 ёшни қаршиламоқда. Устознинг шу кунга қадар босиб ўтган ҳаёт йўлларини сарҳисоб қиладиган бўлсак, ундан деярли 70 йили илм-фан ривожи, ижтимоий фаолиятга бағишланди. Эътибор бериб қаралса, бу кичик фурсат эмас. Бир инсон умридек йўл.

Ушбу олимнинг бутун ҳаёти ва фаолияти адабиётнинг энг мураккаб тури – драматургия ва унинг саҳнавий талқинлари тарихи ва назарияси, замонавий муаммолари тадқиқига бағишланди. Ҳафиз Абдусаматов ҳар иккала соҳада ҳам ўз имкониятларини намоён эта олди. Асосийси, ижтимоий ҳаётнинг қайси йўналишида бўлмасин, ўз ишига масъулият билан ёндошиш, касбига, қилаётган ишига ҳамда атрофдагиларга ҳурмат ва меҳр туфайли, халқ ҳурматига сазовор бўлди.

Мен устозимнинг бир хислатига доимо ҳавас билан қарайман. У киши замонавий жараён билан танишишга интилади. Маданий ҳаёт ичида бўлиб, ҳар бир бадиий ҳодисада фаол иштирок этади. Кузатганлар билади, спектакллар қабули анча мураккаб жараён ҳисобланади. Чунки саҳналаштирилган асарни кўрибоқ, фикрни зудликда жамлаган ҳолда сўзга чиқишга тўғри келади. Мана шундай жараёнларда ҳам устоз жўяли, дадил фикрларни ўртага ташлашга ҳаракат қилади.

Устозим ишлашдан чарчамайди. Шу маънода ўзбек драматургиясининг бугунги кун даражасига етишида унинг хизматлари чексиздир. Мана, ярим асрдан ортиқ вақтдан бери ўтган катта давр ичида яратилган салмоқли китоблар, кенг қамровли мақолалар нафақат адабиётшунослигимиз, шу билан бирга театршунослигимизнинг ривожига катта ҳисса бўлиб қўшилгани сўзимнинг ёрқин исботидир. Бугунга қадар олимнинг драматургия муаммолари ёритилган 20дан ортиқ монографиялари, рисолалар, 500га яқин мақолалари нашрдан чиққан. “Абдулла Қаҳҳор”, “Традиция ва новаторлик муаммоси”, “Эстетика ва ҳаёт”, “Театр – танқид кўзгусида” , “Танқидми, тош отиш”, “Тарих ва бадиий талқин”, “Алп Жамол – драматург”, “Драма назарияси”, “Саҳна сардори”, “Шошма, қуёш!”, “Илм менинг қуёшим”, “Замон садоси” шулар жумласидан.

Олимнинг Абдулла Қаҳҳор, Ўлмас Умарбеков, Зикир Муҳаммаджонов ижодий фаолиятига бағишланган китоблари кенг жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинган. Айниқса, сатира, драма назарияси ҳақидаги назарий йўналишдаги тадқиқотлари алоҳида ажралиб туради. Танқидчи учун энг зарур бўлган ҳозиржавоблик хислати у кишини саҳна санъатидаги содир бўлаётган ҳар бир янгилик билан вақтида танишиб боришга ундайди. Ушбу жараёнда нафақат қаттиқ принципиаллик билан ёндошиш, адабиёт ва санъатга бўлган меҳр, одамийлик, асосийси, томошабин ва китобхон қизиқишларини эътиборга олган ҳолда ёндошишни кузатиш мумкин.

Устознинг яна бир фазилатини чексиз ҳурмат қиламан ва ўрнак оламан. Илмий қарашларимиз, бадиий ижодий жараёнга муносабатимиз ҳамма вақт ҳам мутаносиб келавермайди. Лекин бирор марта фикримдан қайтаришга, ўз қарашларини сингдиришга уринмайди. Ҳамма вақт фикримда қолишга имкон яратганди. Устознинг оталарча меҳрини туйиб улғайдим. Бугун ўзим ҳам устозман. Баъзан ўзимга “мен ҳам шогирдларимга устоздай карамли бўляпманми”, дея савол бераман. Бу мени сергаклантиради. Айнан мана шу ҳолатда ҳам устозлик қилаётганларини туйиб, уларга меҳрим янада ортади. Устозларимиз ҳамиша умр боғининг навқирон дарахти бўлиб, ёш ниҳолларни униб-устиришда ҳормай меҳнат қилсинлар!

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241176
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221031
Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишидаЖамият

Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида

Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла

16.05.2022896
Йод етишмовчилиги жиддий муаммоЖамият

Йод етишмовчилиги жиддий муаммо

Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш

23.03.2023782