Mактабни битирар чоғларим кўзимнинг кўриш қобилияти анча пасайиб, устозларим ёрдамида ўқишни аранг тамомлаган эдим. Сўнгра ота-онамга, фақат уй юмушларидагина қарашиб, бўш вақтим бўлди дегунча телевизор кўрардим. Турли кино ва кўрсатувларни томоша қиларканман, ўзимни улардаги қаҳрамонларга таққослаб, ҳаётимдан мазмун қидирардим.
Қўлимдан бирон иш келмаслигини ўйлаб сиқилардим. Келажагимга қарасам бўм-бўшдек кўринарди. Ўзимни кераксиздай ҳис қилардим. Шу зайлда орадан олти йил ўтди. Кунлардан бир куни телевизорда кўзи ожиз бир аёл чиқиб қолди. У Низомий номидаги педагогика университетида ўқиганини ва ҳозирда ўз мутахассислиги бўйича фаолият юритаётгани ҳақида гапирарди. Шу пайт хаёлимга “ярқ” этиб кўзи ожизлар ёзувини ўрганишим зарурлиги, кейин мен ҳам олий ўқув даргоҳида ўқишим мумкинлиги ҳақидаги ажойиб фикр келиб қолди. Бу ёзувни ўрганиш учун нима қилиш керак, қаерга мурожаат этиш зарурлиги ҳақида эса билмасдим. Кўп жойлардан бу ҳақида сўраб-суриштира бошладим. Охири Сирдарё вилояти Кўзи ожизлар жамиятини топганимдан сўнг у ердаги ходимлар мени ўша махсус касб-ҳунар коллежига юборишди. Шундай қилиб кўзи ожизлар учун махсус Луи Брайль ёзувини ўргандим. Бу ёзувдан ташқари устозларимиз бизга тўқувчиликни ҳам ўргатишган эди. Коллежни битиргач, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети фалсафа факультетида психология йўналиши бўйича ўқидим. Ҳозирги вақтда пойтахтимизнинг Миробод туманидаги 125-умумтаълим мактабида психолог бўлиб ишлаяпман. Ҳа, озми-кўпми одамларга нафим тегаётганидан, жамиятда ўз ўрним борлигидан хурсандман.
Ҳозирги вақтда имконияти чекланган ўқувчилар қандай ўқиётгани ва уларнинг шарт-шароитлари билан танишиш мақсадида Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Имконияти чекланган шахслар учун ихтисослашган республика касб-ҳунар коллежига йўл олдим. Илгари мен ўқиган пайтда бу коллеж Чилонзор тумани “Чўпонота” маҳалласида жойлашган эди. Бу муассасани қандай излаб топганим-у, у ерга қандай қилиб келиб қолганим ҳақида эслар эканман, бирин-кетин кўз олдимда ўша дамлар кинолентадай жонлана бошлади.
Коллеж дарвозасидан кираётиб қоровулдан устозларим Насиба опа Cанъатова, Бахтиёр ака Эшалиев ҳамда Ғофур ака Назаровни сўрадим. Уларнинг дарслари тугаб, уйга кетишган экан.
– Унда директорнинг ёнига кирсам бўладими? – деб сўрадим қоровул амакидан.
– Ҳа, албатта.
Директор Икром ака Бобоқулов ёнига кириб ўзимни таништирганимдан сўнг нима мақсадда келганимни айтдим.
– Психолог бўлсангиз ҳамкасбингиз билан таништираман. У сизни қизиқтирган барча саволларингизга жавоб беради.
Коллеж психологи Манзура Мирзаҳамидова менга ўқув даргоҳи ҳақида сўзлаб берди:
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига қарашли Имконияти чекланган шахслар учун ихтисослашган республика касб-ҳунар коллежи 1935 йилнинг декабрь ойида собиқ билим юрти негизида ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йилдаги қарорига асосан коллежга Имконияти чекланган шахслар учун ихтисослашган республика касб-ҳунар коллежи мақоми берилди.
Коллежга Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан турли даражадаги ногиронлиги бўлган вилоят, туман бандликка кўмаклашув, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳудудий марказларининг йўлланмалари ва ТМЭК – тиббий меҳнат эксперт комиссияси хулосалари асосида умумий ўрта маълумотга эга бўлган имконияти чекланган шахслар ўқишга қабул қилинади. Коллеж битирувчиларига давлат аттестация комиссиясининг қарорига биноан ўрта махсус касб-ҳунар таълимини эгаллагани тўғрисидаги диплом берилади. Ушбу масканда Ўрта Махсус касб-ҳунар таълими маркази томонидан ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув дастури ва режалар асосида ёшларга етти хил йўналиш бўйича касб малакалари ўргатилади.
Кенг турдаги кийимлар услубчи конструктори, радиоэлектрон ускуналарни монтаж қилиш, созлаш ва таъмирлаш бўйича техник, компьютер ва компьютер тизимларини созлаш ва таъмирлаш техники, бухгалтер, якка буюртмали пойабзал буюмларни тайёрловчи ва таъмирловчи, маиший хизмат машиналари ва асбобларини таъмирлаш, тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш техник-технологи (кўзи ожизлар учун).
– Кўзи ожизлар ва заиф эшитувчиларга тўқувчилик, тикувчилик, пойабзал таъмирлаш ва махсус овозли компьютер йўналиши бўйича таълим берилади. Қолган соҳалар бўйича таянч ҳаракати суст бўлган имконияти чекланган йигит-қизлар ўқишади, – деди М. Ҳамдамова.
Ўқувчиларнинг яшаш шароити билан танишиш мақсадида уларнинг ётоқхоналарига йўл олдик. Ётоқхонанинг киравериш жойлари кенг, иккала томонга ҳам диванлар қўйилган. Йўлаклар ҳам шинам ва ёруғ бўлиб ҳар бир хона икки ва уч киши учун мўлжалланган ҳолда жиҳозланган эди. Кутубхона, айниқса, психологик тренинг ўтказиш учун ажратилган хона, ошхона, ювиниш хоналари ҳам озода ва чиройли.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
ЖамиятCалоҳиятли кадрлар тайёрлаш – давр талаби
Таълим масканига кирарканман бир гуруҳ оқ халатли ўқувчи қизлар салом беришиб, раҳбарият биноси томонга бошлашди: – Юринг, сизга йўлни кўрсатиб юборамиз. Биз ҳам дарсга киряпмиз.
ЖамиятГендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик
Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр
Карьера кунида нималарга эришилди?
Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту
ЖамиятЎқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида
Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла
