Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Улғаясиз, бир кун: соғлом ва дуркун

07.08.2015
55 марта ўқилди
Улғаясиз, бир кун: соғлом ва дуркун

Ўзбек халқининг болажонлиги, меҳрпарвар ва аҳиллиги ҳақида дунё ҳамжамияти, мамлакатимизга ташриф буюраётган хорижлик сайёҳлар тўлқинланиб гапиради. Бу бежиз эмас. Мустақиллик элимизнинг дунёқараши, турмуш шароити, яшаш маданиятини тубдан ўзгартирди. Ўтган йигирма тўрт йиллик шонли тарихимиз давомида бой тарихимиз, ўлмас обидаларимиз, маънавиятимиз, қадимий урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Азалдан дунё илм-фани бешигини тебратган юрт фарзанди эканимизни англадик.

Бир сўз билан айтганда, ўзимизни, ўзлигимизни қайта кашф этдик. Кексаларни эъзозлаш, улар билан ҳамиша кенгашиб иш кўриш, панд-насиҳатларига амал қилиш муқаддас вазифамизга айланди. Қолаверса, болаларни асраб-авайлаш, уларни Ватанпарвар ва кенгфикрли этиб тарбиялаш, истеъдоди ва қизиқишларини рўёбга чиқариш учун қулай муҳит яратилди. Бу хислатлар эса халқимизнинг қон-қонига сингиб улгурган боқий қадрият эканини халқаро ҳамжамият ҳам англади, тан олди.

Мамлакатимизда истиқлол йилларида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларининг ҳар томонлама етук ва баркамол бўлиб улғайиши учун кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Уларнинг билим олиши, даволаниши, иқтидорини намойиш этиши, илмий ва жисмоний салоҳиятини рўёбга чиқариши учун барча шароитлар муҳайё этилди. Биргина Болалар уйига “Меҳрибонлик” дея ном берилиши халқимизнинг болажон ва меҳридарё эканинининг амалий ифодаси сифатида қалбларни илиқ орзу-ниятлар оғушига чорлади. Тарбияланувчилар учун замон талабларига ҳар томонлама мос келадиган шароитлар муҳайё этилди.

Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги 4-сонли “Меҳрибонлик” уйи фаолияти билан яқиндан танишар эканмиз, юқоридаги фикрларнинг тасдиғини топамиз. Айни вақтда муассасада 69 нафар бола тарбияланмоқда. Уларнинг 61 нафари мактаб ёшидаги болалардир.

– Тарбия – мураккаб ижтимоий жараён, – дейди муассаса директори Гулбаҳор Ҳамидова. – Бу эса барчамиздан катта масъулият талаб этади. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, биз соғлом авлодни тарбиялашимиз, соғлом авлод деганда фақат жисмоний бақувватликни эмас, балки шарқона ахлоқ-одоб ва умумбашарий ғоялар руҳида камол топган инсонни тушунишимиз керак. Бу борада “Меҳрибонлик” уйи тарбиячисига катта масъулият юклатилган. Тарбияланувчилар онгига миллий истиқлол ғояси, умуминсоний қадриятларни сингдириш, уларни маънан ва жисмонан соғлом кишилар қилиб вояга етказиш, Ватан тараққиёти, халқ фаровонлиги йўлида фидойи меҳнат қиладиган одамлар сифатида тарбиялаш шу осойишта, бетакрор юртимиз олдидаги энг улуғ фарзимиз ҳисобланиши зарур. Бу масъулиятни ёш авлод ҳам дилдан ҳис этиб камолга етмоқда. Қаранг, болалар учун яратиб берилаётган имкониятларнинг чек-чегараси йўқ. Улардан унумли фойдаланаётган муассасамиз тарбияланувчилари ҳам турли соҳаларда ўз иқтидорларини намойиш қилмоқда.

Дарҳақиқат, мазкур “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчилари ўз иқтидори ва қизиқишига қараб турли тўгараклар ва спорт машғулотларида мунтазам иштирок этиб келмоқда. Хусусан, “Мусиқа”, “Моҳир қўллар”, “Спорт”, “Ёш рассомлар”, “Ёш табиатшунослар”, “Гулчилик”, “Футбол”, “Шахмат” каби тўгараклар шулар жумласидандир. Сўнгги йилларда муассаса тарбияланувчилари спорт соҳасида кўплаб ютуқларни қўлга киритдилар. Улар республика ва вилоят миқёсидаги мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, 3 та олтин, 14 та кумуш, 8 та бронза медалларига, 10 та биринчи, 8 та иккинчи даражали дипломларга сазовор бўлишди ва кўплаб қимматбаҳо совғалар ва фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар. Жорий йилнинг май ойида “Биз гиёҳвандлик ва терроризмга қаршимиз” шиори остида ўтказилган Карате спорт тури бўйича вилоят биринчилигида тарбияланувчиларимиздан 1 нафари олтин, 6 нафари эса кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлди. “Меҳрибонлик” уйи болалари нафақат спортда, балки бошқа йўналишларда ҳам талайгина ютуқларни қўлга киритмоқда.

– Жорий йилнинг май ойида Ракета моделини учириш бўйича республика кўрик-танловида иштирок этиб иккинчи ўринни қўлга киритдим, – дейди муассаса тарбияланувчиси Ҳусан Сайфуллаев. – Бу ютуқларимизнинг замирида биз ёш авлодга яратиб берилаётган имкониятлар ётибди. Қолаверса, бу каби кўрик-танловларнинг ташкил этилаётгани ҳам руҳимизни кўтаради, ўзимизга бўлган ишончимиз ортади. Энг муҳими, янги-янги дўстлар топамиз. Улар билан фикр алмашамиз. Соҳага бўлган қизиқишимиз ривожланади. Мен ҳам келажакда ушбу йўналишда етук мутахассис бўлмоқчиман. Бунинг учун менда ҳамма нарса етарли. Муассасада ҳам “Баркамол авлод” болалар маркази томонидан “Ёш авиамоделчилар” тўгараги ташкил этилган. Унда қатнашиб, соҳанинг нозик томонларини қунт билан ўзлаштиряпман. Ютуқларим самараси ҳам устозларимнинг берган таълимлари маҳсулидир.

Ҳа, тарбияланувчиларнинг муваффақиятларида ўқитувчи ва тарбиячиларнинг ҳам ўрни муҳим. Бугунги тезкор замон тарбиячилардан ҳам илғор техника-технологияларни билишни, билимли ва дунёқараши кенг бўлишини талаб этмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, юртимиз ёшлари халқаро мусобақаларда ҳам муносиб иштирок этиб, мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилишаётир. Албатта, бу ютуқларда меҳнати сингган устоз-педагоглар ҳам муносиб рағбатлантириб келинмоқда. Қамаши туманидаги 4-“Меҳрибонлик” уйида 30 нафар тарбиячи-педагоглар таълим-тарбия ишларини олиб боришмоқда. Улар орасида “Шуҳрат” медали соҳиблари, “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 20 йил” эсдалик нишони билан тақдирланганлари бор.

– “Меҳрибонлик” уйи жамоаси аҳил-иноқ, – дейди муассасанинг маънавий маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Рўзибой Абдиев. – Улар болаларга жуда меҳрибон. Ўз навбатида болалар ҳам ақлли-ҳушли. Билим олишга, ҳунар эгаллашга жуда қизиқади. Ўз навбатида замонавий синфхоналар, шинам ётоқхоналар тарбияланувчилар ихтиёрида. Фақат, уларнинг замонавий технологиялар билан ишлашини, билим кўникмаларини янада чуқурлаштиришини истардик. Шу мақсадда муассасамизда ҳам компютерлар тўплами берилиши умидидамиз. Беш йилдан бери тегишли ташкилотларга мурожаат қилсакда, ҳалигача натижа бўлмаяпти. Аммо, кўриб турибсиз, болажонларнинг иқтидори яхши, ютуқлари ҳам талайгина. Қолаверса, улар касб-ҳунар коллежлари ёки академик лицейлардаги таълим жараёнида ҳам муаммога йўлиқишмайди.

Дарҳақиқат, муассаса жамоаси болалар тақдири учун жонкуяр. Битирувчиларнинг касб-ҳунар коллежларида ўқишини давом эттиришини ҳам кузатиб боришади. Уларни туғилган ҳудудига қараб, ўқув муассасаларига ўқишга жўнатишади. Қарши шаҳри, Қамаши, Муборак, Ғузор туманларидаги ўрта махсус таълим масканларида кўпгина тарбияланувчилар касб-ҳунар сирларини пухта ўрганишмоқда. Бир сўз билан айтганда, мазкур “Меҳрибонлик” уйи болалари соғлом дунёқараши, ўз заковати билан келажакда юртимиз тараққиётига албатта ўз ҳиссасини қўшади. Зеро, улар жонажон Ватанимизнинг мустақиллигини кўз қорачиғидек асрайдиган, мард ва жасур фарзандлар бўлиб камол топаётир.

Теглар:#2015/32

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241178
Ортиқча вазнли  инсонлар  учун соғлом  овқатланишнинг 5 та муҳим қоидасиСаломатлик

Ортиқча вазнли инсонлар учун соғлом овқатланишнинг 5 та муҳим қоидаси

1-қоида. Кунда 3 маҳал асосий овқатланиш шарт: – нонушта; – тушлик; – кечки овқат. Асосий таомни имкон борича, қорин очмасдан бир вақтда истеъмол қилиш керак. Шунингдек, асосий овқ

10.09.20241132
ХОТИН-ҚИЗЛАР БИЛАН ИШЛАШ ЁХУД ИСТИҚБОЛ ОДИМЛАРИЖамият

ХОТИН-ҚИЗЛАР БИЛАН ИШЛАШ ЁХУД ИСТИҚБОЛ ОДИМЛАРИ

Оила ва гендер илмий тадқиқот институтининг истиқболдаги фаолияти тўғрисида тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Оила ва хотин қизлар қ

07.03.2024782
Ўқувчилар таомномаси  қандай бўлиши лозим?Саломатлик

Ўқувчилар таомномаси қандай бўлиши лозим?

Соғлом фарзанд оила қувончи, ота-онанинг бахти, ҳаёт давомчиси ҳисобланади. Шу боис ҳар бир оилада бола парваришига, унинг соғлом таомланишига алоҳида эътибор қаратилади. Ўғил-қизл

24.01.20251419