Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

У – ЎН САККИЗ ҚИЗНИНГ ОНАСИ

15.12.2014
57 марта ўқилди
У – ЎН САККИЗ ҚИЗНИНГ ОНАСИ

Замира иш кунини дастлаб қизларининг ётоқхонасига кириб, бир-бир кўздан кечиришдан бошлайди. Хона тоза-озода, чойшаблар чиройли қилиб ёпилган. Бу ерда қиз болаларнинг яшаши шундоққина сезилиб туради.

Зум ўтмай мактаб томондан қўнғироқ овози эшитилади. Демак, дарс тугади. Замира ўша томонга юради, ўқитувчилардан қизларини қабул қилиб олиши керак. Мактабга кириши билан бирин-кетин қизларига дуч келади: Наргиза, Мадина, Умида, Лайло, Озода... Улар оналарини кўришлари билан қучоқлаб оладилар, худди бир ой ёки, бир йилми кўрмагандай. Сўнг атрофини ўраб чуғурлай бошлашади: “Онажон, мен математикадан “5” баҳо олдим”, “Онажон, менга устозим “3” баҳо қўйдилар. Энди нима бўлади?”, “Онажон, ҳув анави бола сочимдан тортди”...

Хуллас, қизларининг бири қўйиб, бири гапиради. Қувончини ҳам, ташвишини ҳам у билан баҳам кўради, енгил тортади. Билишадики, Замира онажонлари уларнинг шодлигига шерик бўлади, муаммоларини ҳал қилиб беради.

Она-болалар тўғри ётоқхонага йўл олишади. Боягина ҳувиллаб ётган хонага бир зумда файз киради. Тушликдан кейин эса бирови мусиқа, бошқаси спорт, яна бири тикувчилик ёки пазандачилик тўгарагига йўл олади. Замира уларнинг ҳар биридан хабардор бўлади, вақтларини бекор ўтказишларига йўл қўймайди. Дарсларини тайёрлатади, машғулотлар ўтади. Машғулотларининг мавзуси ҳам хилма-хил: бир кун маънавият-маърифат ҳақида тушунча берса, бошқа куни ватанпарварлик, одоб-ахлоқ масалаларига тўхталади. Этика, эстетика, касбга йўналтириш, ҳуқуқий, экологик тарбия, соғлом турмуш тарзи мавзулари ҳам унинг иш режасидан ўрин олган.

Замира Аҳмедованинг ҳар бир иш куни ана шундай ўтади. Китоб туманидаги 5-”Меҳрибонлик” уйида унинг ўн саккиз нафар “қиз”и бор. Улар 7-, 8-, 9-синфларда ўқийди. Замира кечгача қизлари орасида бўлади. Ўзини ҳам меҳрибон, ҳам қаттиққўл, ҳам талабчан она каби тутади. Қизлари ҳақида бирор ножўя гап эшица, юраги оғрийди. Бирортаси хасталаниб қолса, бошида парвона бўлади. Уларнинг ҳар бир ҳаракатини, хулқ-атворини кузатади, маслаҳат беради, насиҳат қилади. Шу тариқа у қизлари юрагига кириб борган, энг яқин дўсти, сирдоши, маслаҳатгўйига айланиб қолган. Ўн саккиз қиз унга бирдай “Онажон” деб мурожаат қилади.

“Онажон!”. Бундай улуғ мартабага эришганида Замира эндигина 24 ёшга кирган эди. Ўша пайтдаги “Меҳрибонлик” уйи директори Шоҳиста Қодирова истаралигина бу қизни етакчиликка ишга қабул қилди. Унинг юриш-туриши, кийиниши, одоби, хулқ-атворини кўриб, икки йил ўтар-ўтмас тарбиячиликка ўтказди. Икки қизнинг онаси бўлган Замира бир йўла 20 нафар боланинг онасига айланди-қолди. Шу-шу Замиранинг ҳаёти “Меҳрибонлик” уйи билан боғланди...

Замира оналик қилаётган ўн саккиз қизнинг ўн саккиз хил феъл-атвори бор. Айниқса, балоғат ёшига етаётган ўсмир қизлар билан муомала қилишнинг ўзига яраша мураккабликлари бўлади. Уларнинг ҳар бири билан қандай гаплашишни, кўнглига қандай йўл топишни яхши билади. Бир қарашданоқ қизларининг кайфиятини билиб олади.

Шу йил Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Замира Аҳмедова Президентимизнинг фармонига кўра, “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

– Буларнинг ҳаммаси устозларимнинг меҳнати туфайли, – дейди унинг ўзи. – “Меҳрибонлик” уйи собиқ директорлари Шоҳиста Қодирова, Тоштемир Сатторовдан жуда миннатдорман. Илк бор ишга келганимда Шаҳло Обидова, Тожинор Зайниева каби устоз-педагогларнинг машғулотларини соатлаб кузатиб, уларга ҳавас қилганман. Улардан педагогик маҳорат сирларини ўрганганман. Бугун бир нарсага амин бўлдимки, сидқидилдан қилинган меҳнат, албатта, ўзининг самарасини берар экан.

Юқорида Замира Аҳмедовани ўн саккиз қизнинг онаси деган эдик. Аслида унинг яна уч фарзанди – Мадина, Нигина ва Муҳаммаджони бор. У фарзандларининг ҳаётда ўз муносиб ўринларини эгаллашлари учун асло тиним билмайди.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети бошланғич таълим факултетини тугатган Замира Аҳмедованинг Китоб туманидаги 5-”Меҳрибонлик” уйида иш бошлаганига 15 йил бўлди. Шундан буён унинг мураббиялигида 200 дан ортиқ бола тарбияланди. Улар орасида ўғиллар, қизлар бор. Энг муҳими, Замира Аҳмедова болаларига, у ўғил бўладими ёки қизми, меҳрини беради. Меҳрдан сув ичган ниҳолларнинг вақти келиб ўз ҳосилини беришига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.

Теглар:#2014/50

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241176
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221031
Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишидаЖамият

Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида

Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла

16.05.2022896
Йод етишмовчилиги жиддий муаммоЖамият

Йод етишмовчилиги жиддий муаммо

Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш

23.03.2023782