Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Тутак ота ривояти

06.05.2015
69 марта ўқилди
Тутак ота ривояти

Соҳибқирон Амир Темур ўз қадами етган ҳар бир манзилда дастлабки ишни бу жойларда ўтган азиз авлиёлар қабрини зиёрат қилишдан бошлаган. Бобокалон ўз “Тузуклар”и ва “Таржимаи ҳол”ида саййидлар, уламо, шайхлар ҳамда фозилларни доимо чуқур эҳтиром этганлигини кўп таъкидлайди. Соҳибқироннинг дуогўй пири Абу Бакр Тоёбодий жуда кўп масалаларда унга хат орқали ўгитлар берган. Ана шу маслаҳатларга кўра, у салтанатини ўн икки тоифага бўлиб, энг дастлабки тоифаларга юқоридаги ҳурматли зотларни ва дуогўйларни киритган. “Улар билан хилватда суҳбат қуриб, кўнглимдаги мақсадимни айтиб, дуо тилардим. Мажлисларда, базмларда, жанг майдонларида улардан кўп барокотлар топдим”, – деб ёзади Соҳибқирон ўз “Тузуклар”ида.

Амир Темур ҳаётидаги илк мустақил қадамини ўзига маънавий устоз – пир излашдан бошлаган. Унинг ҳаётида улкан из қолдирган уч забардаст пир – Хожа Шамсиддин Кулол, Абу Бакр Тоёбодий ва Мир Саййид Барака ҳақида кўпгина тарихий манбаларда маълумотлар бор.

Яккабоғ туманидаги Тутак қишлоғида яшовчи Салой бобо Сиддиқов Соҳибқирон номи билан боғлиқ қуйидаги ривоятни сўзлаб берди:

– Бир замонлар бу манзилда яшаган шайхнинг илми камолга етиб, теварак-атрофдаги қишлоқларнинг аҳолиси унга мурид тушган эдилар. Шайхнинг довруғи Кеш, Кифти-об ва ундан олисларга ҳам таралган эди. Иттифоқо, бир куни Соҳибқироннинг йўли шу қишлоққа тушди. Амир Темур, агар шайхнинг кароматлари рост бўлса, унинг иззатини ўрнига қўйиб, вақф белгиламоққа қарор қилди. Ўшанда қишнинг аёзли чилласи эди. Соҳибқирон ўз чопарини шайхга йўллаб дедики, шайх бизни узум ва тут билан сийласин, отларимизни янги ўрилган ўт билан боқсин, сўнгра биз ул зотнинг кароматларига ишонурмиз. Шайх бу сўзлардан аввалданоқ воқиф эди, тезда муридларини меҳмонга пешвоз йўллади. Яна айтдики, Амир Темур қирқта отлиқ йигити билан келяпти, дарҳол отларни боғлаш учун қирқта қозиқ ҳозирланглар!

Соҳибқиронни иззат-икром билан кутиб олдилар. Отларни қирқта қозиққа боғлаб, олдига қучоқ-қучоқ кўк ўт ташлаётганларини кўриб, амирнинг ҳамроҳлари лол қоладилар. Шайх меҳмонни ватани (ҳужра)га таклиф қилди. Сўнгра бир муридга айтди: бизга узум билан тут келтиргил! Мурид чорбоққа чиқиб қараса, ҳаммаёқ қор, аммо бир шох ҳусайни узум, бир шох тут ғарқ пишиб, товланиб турибди. Буларни келтириб меҳмоннинг олдига қўйдилар. Соҳибқирон билдики, шайхнинг валийлиги аён. Унга ихлоси ортиб, кўп иззат-ҳурмат кўрсатди, ўзи миниб келган учқур отини ҳам шайхга назр қилди. Аммо шайх хизматкорларига отни сўйишни буюрди. Амир Темур ҳайратланиб кузатиб турар эди. Дарҳол отнинг оёқларини боғлаб, ерга қулатдилар, қонини оқизиш учун бўйнини кичик чуқурчага тўғрилаб, тиғ тортдилар.

Шундоқ учқур тулпорнинг сўйилганини кўриб, амирнинг юраги куйди, ичида: “бошқа жонлиқ сўйилса тузукроқ эди”, – деб ўйлади.

Шунда шайх: – Эй Амир Темур, Сизнинг фикрингиз бизга аёндур! – деди. Отга яқинлашиб, ҳассасини унинг бўйнидан юргизган эди, қонлар қайта йиғилди, териси бирлашиб, жароҳат ўрни буткул йўқолди. Яна ҳассаси билан уч марта уриб, “Чуҳ” деган эди, от пишқирди-да, сакраб ўрнидан туриб кетди. Буни кўрган Амир Темур шайхнинг пойига камоли ихлос билан бош урди. От бозори, Қоратош, Ўрта ва яна бир қанча қишлоқларнинг хирожини шайхга назр қилди. Ўшандан буён ҳар йили рўза намозида бу қишлоққа бир қўй, бир неча қоп гуруч, мутавалли ва имом учун иккита тўн узлуксиз етказиб турилган.

Энди икки оғиз сўз Тутак ота зиёратгоҳида Соҳибқирон Амир Темур қолдирган ёрлиқ – “чак” хусусида. Ёрлиқда зиёратгоҳ учун белгиланган вақф, ҳар йили келтириладиган хирож миқдори ва бу жойга қаровчи руҳонийларнинг шажараси келтирилиб, Соҳибқирон муҳри билан тасдиқланган. Ушбу ёрлиққа неча юз йиллар давомида ўтган ҳар бир ҳукмдор амал қилиб, талабларини сўзсиз бажарганлар. Мазкур кўҳна анъана шўролар замонасига келиб барҳам топди. Дин аҳлларига зуғум кучайган даврларда бу ердаги имомлар мазкур шажара-ёрлиқни ишончли жойга беркитиб, асрашга мажбур бўлганлар. Фақатгина ҳар йили рўза намозида ёрлиқ келтирилиб, жамоа қаршисида ўқиб эшиттирилган. Кексаларнинг айтишларича, ёрлиқ худди мойлангандек ялтироқ ва пишиқ Самарқанд қоғозига ёзилган бўлиб, узунлиги икки қулочча келаркан. Баъзи бир гапларга кўра, бу бебаҳо тарихий ёрлиқ ҳозир ҳам Ҳотам эшоннинг Яккабоғ шаҳрида яшовчи авлодларида сақланади.

Хўш, соҳибкаромат зот – Тутак ота ким бўлганлар? Бу ҳақда ҳозирча аниқ маълумот учратолмадик. Яна, қишлоқ кексаларининг ривоятларига қулоқ туцак, ул зотнинг асл исмлари Бобойи Валий бўлиб, Хожа Баҳовуддин Нақшбандийнинг жияни эканлар. Тақдир тақозоси билан Бобойи Валий Бухородан ҳозирги Яккабоғ қишлоғининг юқорисидаги Ғаччон деган манзилга келиб, бир бадавлат одамга чўпонликка ёлланади. Қиш кунларининг бирида қўйларни янтоқзорга ёйиш учун ҳайдаб чиқади. Бироз вақтдан сўнг бу ердан ўтаётган хизматкорлардан бири қарасаки, чўпон йўқ, қўйлар атрофидан эса иккита бўри айланиб, боқиб юрибди. Қорда бир кишининг излари жарликдаги ғор томон кетган эмиш. Хизматкор ўша из билан ғорга кирса, ҳалиги янги чўпон хушрўй йигитлар ва нуроний кексалар билан суҳбатлашиб ўтирган экан. Шунда Бобойи Валий хизматкорга қараб, бу ерда кўрганларини ҳеч кимга айтмаслигини сўрайди. Аммо ҳалиги киши қишлоққа қайтган заҳоти барчага ғорда кўрганларини гапириб беради. Шундан сўнг Бобойи Валий бу ердан кетиб, ҳозирги Тутак қишлоғидан манзил топган экан. Бу қишлоқ номи эса Шайхнинг Соҳибқиронга кўрсатган каромати – тут ва ток (узум билан тут) воқеасидан сўнг келиб чиққан, дейишади.

Теглар:#2015/16

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241178
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221032
Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишидаЖамият

Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида

Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла

16.05.2022897
Йод етишмовчилиги жиддий муаммоЖамият

Йод етишмовчилиги жиддий муаммо

Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш

23.03.2023783