Орзубек сурат чизишни жуда яхши кўради. Камалак рангли қаламларни атрофига қаторлаштириб териб олади-да, бир-биридан чиройли, ранг-баранг расмларни чиза бошлайди. Бор саховати билан заррин нурларини қизғанмай сочаётган бобо қуёш, сархад билмас само узра учиб бораётган қушлар, мевалари ғарқ пишган боғ-у роғлар, гуллари қийғос очилган чаманзорлар унинг суратида акс этади. Ҳозир у бутунлай ўзга мавзуга қўл урган. Қаламни қатъият билан тутганча ижод қилишга киришган... Аста оқ қоғозда она ва бола сиймоси гавдалана бошлади. Жажжи нуридийдасини қучиб, уни суйиб, алқаб турган ўзбек аёли сиймоси. Орзубек онанинг юз қиёфасини шу қадар аниқ тасвирлаяптики, унинг чеҳрасида акс этган ифодани осон илғаш мумкин: Она тўкин ва осойишта ҳаётидан масрур, хушқилиқ фарзандининг жажжи қўлларидан тутиб, унга мамнуният ила хотиржам боқиб турибди. Атрофда қалдирғочларнинг самода учаётгани-ю, лайлакларнинг саф тортиб виқор билан туришлари расмдан жой ола бошлади. Орзубекни кузатар эканмиз, уни ижодга қалб қўри билан киришганини англаймиз. Гоҳ қиёфаси жиддий тус олади, гоҳ нигоҳларидан ҳайратни илғайсиз. Ёш ижодкор йигитча қалб розларини ифода этаётган бўлса, не ажаб.
Кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрида жойлашган 1-сонли “Меҳрибонлик” уйида тарбияланаётган болажонларнинг ижодидан намуналарни кўздан кечирар экансиз уларнинг чизган суратларида бахтиёр турмуш, фаровон ҳаёт, энг муҳими кўнглидан жой олган она Ватаннинг меҳр-муҳаббати акс эттирилганига гувоҳ бўласиз. Бу бежиз эмас. Зеро, юртимизда ижтимоий ҳимоянинг мустаҳкам амалий тизими яратилгани, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, яқинларидан жудо бўлган болажонлар ҳам эътибор ва ғамхўрликда улғаяётгани фикримизнинг тасдиғидир. Буни биз 1-сонли “Меҳрибонлик” уйидаги болажонлар ҳаёти мисолида кўришимиз мумкин.
Мазкур “Меҳрибонлик” уйи жорий йилда “Сен Ёлғиз Эмассан” республика жамоатчилик болалар фонди томонидан қурилган бўлиб, 176 нафар тарбияланувчилар учун мўлжалланган, жаҳон андозаларига мос, замонавий кўринишдаги бино муассаса ҳовлисида қад кўтарган: Маъмурият биноси, ўғил-қизлар учун алоҳида ётоқхоналар, икки қаватли мактабгача ёшдаги тарбияланувчилар бўлими, замонавий, қулай, кенг ва ёруғ ошхона, барча жиҳозлар билан жиҳозланган спорт зали, кир ювиш бўлими, икки қаватли ўқув бўлими мавжуд бўлиб, қурилиш чоғида бинолардан биноларга ўтиш қулайлиги, ёнғин хавсизлигининг олдини олиш каби жиҳатлар эътиборга олинган.
– Муассасамизнинг ташкил этилганига эндигина икки ой бўлди, – дейди муассаса раҳбари Мавжуда Фахрутдинова. – Болажонларимизнинг бир-бирини яхши билиб, мавжуд шароитга кўникиб кетишлари учун ҳам бу кам фурсат саналади. Шунга қарамай улар худди опа-сингил, ака укалардек, аҳил ва иноқ. Тарбияланувчиларнинг бир-бирига бўлган меҳр-оқибати ва ғамхўрлигини кўриб жуда қувонаман. Биз болаларимизни юртимизга нафи тегадиган таниқли бастакор, тажрибали архитектор, етук журналист каби қатор мутахассислар этиб камол топтириш билан биргаликда энг аввало уларни меҳрибон, садоқатли, ватанпарвар қилиб тарбиялашимиз лозим. Бағримизга олган болаларни ана шу фазилат билан камол топтиряпмизми, демакки биз олдимизда турган вазифани қайсидир маънода уддалаяпмиз, дея оламан.
“Меҳрибонлик” уйида сартарошлик, рассомчилик, меҳнат, мусиқа, тикувчилик, рақс каби тўгараклар ташкил этилган. Тўгаракларга болаларимиз юз фоиз қамраб олинган. Бу эса уларни машғулотларга биргаликда, уюшқоқлик билан ёндашишга, келажакда ҳаёт йўлини, ўз истеъдодини белгилаб олишига хизмат қилиши шубҳасиз.
– Ҳар бир ўқитувчи, тўгарак раҳбарининг ўзига хос услуби, йўналиши бор, – дейди муассаса тарбияланувчиси Жасур Зокиров. – Муассасамизнинг ҳар бир тўгарак раҳбари, тарбиячиларнинг машғулотларни олиб бориш услуби ўзига хос. Айниқса, рассомчилик тўгараги раҳбарининг қунт билан ўргатишлари менга жуда ёқади.
Айни ёз кунларида болалар очиқ ҳавода ҳордиқ олишга, чиниқиб машғулотлар ўтишига, спорт билан шуғулланишга кўпроқ мойил бўлади. Бу эса уларнинг жисмонан бақувват, руҳан тетик бўлиб улғайишларига замин яратади. Галдаги ёз 1-сонли “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчилари учун жуда мазмунли ўтяпти. Болажонлар учун яратилган чўмилиш ҳавзаси (бассейн), замонавий кўринишдаги футбол, баскетбол, воллейбол ва болаларнинг ўйин майдончалари, ёзги саҳна фикримизнинг ёрқин исботидир.. Шунингдек, муассасадаги бир гуруҳ болалар “Меҳрибонлик”, “Дўстлик”, “Ситора” каби ёзги оромгоҳларга жўнатилиб, саломатлигига ғамхўрлик кўрсатилиши ҳам уларни келажакда дуркун ва соғлом бўлиб улғайишига хизмат қилади.
Ёзнинг поёни кўриниб, ҳадемай куз фасли табиатга ўз сепини ёя бошлайди. Ёзги таътилда ҳордиқ олиб тиниққан болажонлар каби “Меҳрибонлик” уйи фарзандлари ҳам мактаб остонасига қадам босиш кунларини интиқлик билан кутишмоқда. Зеро, Самарқанд шаҳридаги 10-умумтаълим мактаби муассаса болажонлари учун севимли маскан саналади. Мактаб ва муассаса ўртасида ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган бўлиб, бу болалар билан янада яқин бўлишга, улар билан ишлашга, болаларнинг ўй хаёллари, қийнаётган муаммоларини бартараф этишга туртки беради.
Тарбиячиларга аталган мактаб формалари, ўқув қуроллари хона жавонларида тахт. “Меҳрибонлик” уйи жамоаси айни вақтда Ватанимизнинг 24 йиллик тўйини қизғин кутиб олиш тадоригида. Болажонлар ҳам катта қизиқиш билан муассасадаги байрам тадбирига тайёрланмоқда.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
ЖамиятГендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик
Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр
Карьера кунида нималарга эришилди?
Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту
ЖамиятЎқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида
Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла
ЖамиятЙод етишмовчилиги жиддий муаммо
Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш
