Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Тишим сиздамасми?

04.11.2013
54 марта ўқилди
Тишим сиздамасми?

Ҳали хўроз қичқиришга улгурмай, ташвишли чақириқ уйқумизни бузди.

– Баҳром ака, ҳов, Баҳром ака.

Овоз бутун кўча, эҳтимол, қишлоқ бўйлаб ёйилди.

Отам уйқусираб ғимирлади.

– Ким бўлдийкин-а? Тилласини йўқотганми нима бало?!

– Тинчликмикин ўзи? – хавотирланди онам. – Онангиз ё...

– Э, нафасингни ел олгур. Нималар деяпсан, чиқай-чи?! – деди отам, аммо ўзи ҳам ташвишланаётгани овозидан билинди. – Тинчлик бўлсин-да.

Қулоғимиз дарвоза томонга “динг” бўлди. Миядан ўтмаган ёмону яхши фикрлар қолмади, бувимни кўмиб келдик, касал ётган тоғам билан видолашдик...

– Э, Сотимбой, сенмисан, нима гап? Эшагинг ҳаром ўлдими?

– Э, ака, нимасини айтасиз, бошимга ташвиш тушди, тишим йўқ, тишим.

– Шунга уйқумни бузишинг шартмиди, номард.

– Тилла эди, нақ олтитаси. Йўқ. (Бироз сукутга чўмди.) Мободо, тишим сиздамасми?

– Ё тавбангдан кетай. Ёнимда омбур олиб юрармидимки, тишингни суғуриб олсам. Ҳали кайфинг тарқамаган, шекилли.

Жиддий айтяпман, ака, тиш йўқ. Яқинда қўйдиргандим.

Кеча қўшни қишлоқда тўй бўлганди. Сотимбой ака роса “оқ пошшо”нинг “малай”и. Тўйда яна ҳаммаси текин бўлса. Хуллас, акамизнинг бир ёмон одати бор: давра икки айланар-айланмас, кайфи ошади-қолади. Бировни уриб-сўкиб юрмайди-ю, мазза қилиб ўйнайди. Тирноғидан сочининг учигача чангга бўялиб уйига қайтмаса, тўй татимайди. Бироқ, ичгани бировга юк бўлмайди. Тўй эгасини ҳар беш дақиқада қучоқлаб қутлайверади. Хуллас, тўйнинг эгасидан кўра у кўпроқ севинади. Кеча отам билан бир столда ўтирган. Уйигача қўлтиқлаб олиб келиб қўйган отам – энди балогардон.

– Йўлда уч-тўрт жойда қўлимдан чиқиб кетиб, ағанаб тушгандинг. Балки тушиб қолгандир...

Сотимбой домла кетди, аммо отамнинг томоғидан сув ўтмай қолди.

– Яна мендан гумон қилмасин, кўчага чиқайчи, – дея отам қишлоқ гузарига отланди.

Отам борса, ҳамманинг оғзида шу гап. Биров уни “Товуққа ўхшаб, Қаюмбойнинг уйи олдидаги тут тагини титкилаб ётибди”, деса, бошқаси “Ўз кўзим билан кўрдим. У муюлишдаги ёнғоқнинг тагини титиб ётганди”, дейди. Отам ҳам эрталаб уйқусини бузганини айтиб қолди. Хуллас, у юрган жойларини қўли билан титиб чиқибди. Тиш йўқ. Тўйхонага бориб, ўтирган столи атрофидан ҳам тополмабди. Бир дастурхонда ким бўлса, ҳаммасидан сўраб чиқибди, улар ҳам тилини тиёлмади. Шу пайт итнинг арвоҳидай сездирмай Сотимбой домла қора берди. Давра сукутга чўмди. У оғир уҳ тортганча чопонини, қайириб, ўтирди. Усти-боши чанг. Тупроқ тўлганидан пойабзали қайси рангдалигини билиб бўлмайди.

– Ҳа, Сотимбой тишингни топдингми? – сўради отам. – Сувга тушган мушукдай ўтирибсан.

– Фиғонимдан ўт чиқяпти, ака. Йўқ, тиш йўқ. Ўзи тўй ёшларникида, ака. Менга бало бормиди? Яна роса ўйнаганман. Тишим тушиб қолган бўлса, анор донасидай оёқлар остида эзилиб кетган. Ичмай ўлай, энди умуман ичмайман. Одамларга ҳам ҳайронсан: тўй қиляпман деб, ароқни дарёси билан оқизишади. Ўзичи, шу бола олифтароқ. Ўзини кўрсатгиси келади. Нима, битта у тўй қиляптими? Битта унинг боласи борми, тавба. Ўзичи, шуни тўйига бормайман дегандим-а! – Сотимбой домла гапиргани сари гапида нолиш кучайиб борарди.

– Оғирроқ бўл, Сотимбой, ҳалол бўлса топилар, – таскин берди отам.

– Ҳалол бўлса, эмиш, ҳалолда. Нима бировнинг эшагини ўғирлаб тиш қўйдирганмидим, а, – дея юзини ўгирди домла.

Ҳамма унга термулар, таскин бергиси келарди. Аммо унинг дардига шерик бўлишга, бир оғиз сўз айтишга журъат қилолмасди. Баъзилар эса “Баттар бўл, мендан кўрдия”, дея пичирлашарди.

Домла охири тақдирига тан берди чоғи, пойабзалини ечиб, тошга урганча ичидаги тупроғини қоқишга тушди. Бор кучи билан калишини ураверди. Бир маҳал бир нарса “чақ” этганча, тошга тегиб сакраб кетди.

– Келса, қўш келармиш, деб шуни айтишса керак-да, калишимнинг ҳам учи узилиб кетдиёв, – минғирлади Сотимбой домла.

Қараса, худди ўзидек тупроққа бўялиб, чанг-тўзон остидан олтита тилло тиш унга тиржайиб турибди. У ўрнидан қўзғалдию, на туришини, на ўтиришини билмай бир зум букчайиб турди. У майин кулганча довдирлигидан уялиб, бошини кўтаролмай турарди.

Теглар:#2013/44

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Ҳомиладорликда тишларни даволатиш мумкинми?Саломатлик

Ҳомиладорликда тишларни даволатиш мумкинми?

Ҳомиладорлик – аёл организмида катта ўзгаришлар юз берадиган палла. Хусусан, бу даврда тишлар ва милк билан боғлиқ айрим муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Хўш, бундай пайтда аёллар ти

29.11.20241681
Ўқувчилар таомномаси  қандай бўлиши лозим?Саломатлик

Ўқувчилар таомномаси қандай бўлиши лозим?

Соғлом фарзанд оила қувончи, ота-онанинг бахти, ҳаёт давомчиси ҳисобланади. Шу боис ҳар бир оилада бола парваришига, унинг соғлом таомланишига алоҳида эътибор қаратилади. Ўғил-қизл

24.01.20251417
Ортиқча вазнли  инсонлар  учун соғлом  овқатланишнинг 5 та муҳим қоидасиСаломатлик

Ортиқча вазнли инсонлар учун соғлом овқатланишнинг 5 та муҳим қоидаси

1-қоида. Кунда 3 маҳал асосий овқатланиш шарт: – нонушта; – тушлик; – кечки овқат. Асосий таомни имкон борича, қорин очмасдан бир вақтда истеъмол қилиш керак. Шунингдек, асосий овқ

10.09.20241132
Эрталаб нонушта қилишга одатланинг, акс ҳолда…Саломатлик

Эрталаб нонушта қилишга одатланинг, акс ҳолда…

Баъзилар ишга ёки ўқишга шошилиб, эрталаб тамадди қилишни унутиб қўйса, айримлар нонушта қилишни хоҳламайди. Аммо бу ҳолат мунтазам давом этса, инсон организми учун жиддий оқибатла

15.11.20241122