Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Танганинг иккинчи томони

20.04.2018
61 марта ўқилди
Танганинг иккинчи томони

Ўтган йили ижтимоий тармоқларда отанинг ўз қизига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлиги акс этган видео-тасвир кўпчиликнинг нафратини қўзғатган эди. Қолаверса, ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда, ОАВларида кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Буни қарангки, сўнгги пайтларда интернет орқали фарзандларига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлаётган ота-оналар “бот-бот” тилга олиняпти. Ачинарлиси, бу каби ҳолатларга биринчи бор гувоҳ бўлганимизда ҳайратга тушган бўлсак, бориб-бориб ажабланмай ҳам қўйдик.

Яқинда ҳамкасб опа-сингилларимиз тонгда ишхонага келибоқ, телеканалларнинг бирида 3 ёшли фарзандини бўғиб ўлдирган андижонлик аёл ҳақида кўрсатув берилганини хавотир аралаш сўзлай кетди. Барчасининг рангги бир аҳволда “уйдан қандай чиқиб, ишга қандай келганимни билмайман. Жуда ёмон аҳволга тушиб қолдим. Кўрсатувни охиригача кўришга юрагим бўлмади”, дея сўзлади улардан бири. Бу воқеа ҳамкасбларимнинг кун давомида тушкун кайфиятда юришига сабаб бўлгани рост. Қолаверса, ўзим ҳам ушбу мудҳиш қотиллик ҳақида эшитганимдан сўнг, унинг таъсиридан чиқиб кетишим жуда қийин кечди. “Наҳотки, она қотил бўлса?, “Наҳотки, 9 ой қорнида кўтариб юрган жигарбандига раҳми келмаса?” деган саволлар менга сира тинчлик бермасди.

Шу ўринда бир масала кишини ташвишга солади. Ёш авлодга нисбатан катталарнинг бундай муносабатини ойнаи жаҳон орқали кенг оммага маълум қилиш, балки аҳолини огоҳликка даъват этар, бироқ бу мавзуни ёритишда инсон руҳиятини ҳам ҳисобга олиш керак, назаримда. Чунки орамизда айрим инсонлар бундай воқеалардан жуда қаттиқ руҳий тушкунликка тушиши ёки айрим руҳий хаста инсонларга салбий таъсир қилиши мумкин. Бу борада психологлар ҳам эҳтиёткор бўлишни тавсия қилади.

– Бугун ахборот, янгилик тарқатадиган ташкилотлар руҳий жароҳат масаласига бундан 10 йил олдингига қараганда жиддий муносабатда бўлмоқда. Аммо бу борада кўрилаётган чораларни талаб даражасида дейишга ҳали эрта, – дейди психолог Азиза Тошходжаева. – Зеро, бобокалонимиз Абу Туроб ан-Нахшабий ҳам “Фикрингизга эҳтиёт бўлинг. Чунки барча нарса фикрдан ҳосил бўлади. Ҳар кимнинг фикрлари дуруст бўлса, унинг қилиқлари ҳам дуруст бўлгай” деган эди. Шунинг учун ҳам биз руҳшунослар ҳар бир маълумотни қайта-қайта текширувдан ўтказиб, сўнг оммага узатиш керак, деб ҳисоблаймиз. Сабаби инсон ваҳший кино фильмлар, воқеаларни қанча кўп кўрса, кўзи, дийдаси қотади. Натижада ўша жиноятни содир этиш улар учун оддий ҳолга айланиб қолиши мумкин. Ҳозирда ОАВларда юқоридаги каби воқеа тафсилотларининг тез-тез ёритилиши, одамларни огоҳликка чақириш, уларни бефарқ бўлмасликка ундаш, мудҳиш фожиаларнинг туб илдизини аниқлашга ёрдам берар, бироқ ана шу маълумотлар инсон онгига салбий таъсир этишини ҳам унутмаслик лозим. Сабаби одамлар ўзларининг феъл-атворига кўра бир неча тоифага бўлинади. Ўта таъсирчан ёки ҳис-ҳаяжонга берилувчи инсонларга бу каби воқеалар ижобий таъсир этади, деб бўлмайди. Улар анча вақтгача жиноят тафсилотларини хотирасидан чиқаролмайди. Қолаверса, турмушнинг паст-у баландликлари, унинг зарбаларидан безиган, руҳий тушкунликка тушган инсонлар ОАВда берилган бундай жиноят тафсилотларидан кейин ўзлари ҳам жиноят содир этишлари ҳеч гап эмас. Сабаби миямизга келган ҳар битта фикр ўзининг моддий кўринишига эга.

Табиийки, инсон ҳаёти давомида ўлим ҳолатлари, инсоний азоб-уқубатларнинг шоҳиди бўлиши ҳамда бошқа руҳиятга таъсир қилувчи салбий ҳолатларнинг гувоҳи бўлиши мумкин. Бундай шароитда руҳимизни жароҳатлаган воқеаларни ҳазм қилишнинг ўзи мушкул. Шу боис, қотиллик тафсилотларини кўп ҳам жамоатчилик билан муҳокама қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Яхшиси, бу масалани масъул ташкилот ходимлари зиммасида қолдирган маъқул. Уларга, энг аввало, жамиятимиздаги мавжуд қонунлар бўйича жазо тайинланади. Қолаверса, бундай кимсаларга охиратда ҳам Яратганнинг оғир жазоси бор.

Орамизда фарзандларини оқ ювиб, оқ тараб, юрт ривожи учун муносиб ҳисса қўшадиган комил фарзандларни тарбиялаётган меҳрибон оналар жуда кўп. Турмуши оғир бўлсада, борига бардош берган, ажралишни ор деб билган аёллар қанча. Гарчи, бева бўлсада, ёмон йўлга кирмаган, болаларини ҳалол меҳнат эвазига боқиб ўстирган оналаримиз бор. Айнан улар кўпроқ эътирофга ва ибратли ташвиқотга муносиб.

Теглар:#2018/16

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241176
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221031
Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишидаЖамият

Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида

Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла

16.05.2022896
Йод етишмовчилиги жиддий муаммоЖамият

Йод етишмовчилиги жиддий муаммо

Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш

23.03.2023782