Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Таассуроти унутилмас саёҳат

03.06.2016
58 марта ўқилди
Таассуроти унутилмас саёҳат

Кўҳна ва боқий Самарқанд шаҳри ўзининг қадим иншоотлари, асори атиқалари билан бутун дунёни ҳайратга солиб келмоқда. Асрлар силисиласидан бугунги кунга қадар етиб келган биноларни кузатар экансиз, қалбингизда аждодларимизга нисбатан чексиз ғурур ҳисси жўш уради.

Бу каби иншоотлар қаршисида турган, оламга ҳайрат кўзи билан боқувчи, жажжи фарзандлар нигоҳидаги ҳайратни эса сўз билан таърифлаш мушкул.

Яқинда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, “Ўзбекистон темир йўллари” аксиядорлик жамияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилди. Рўйи замин сайқали саналмиш ушбу шаҳарни Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли ва Бўка туманидаги 15-сонли “Меҳрибонлик” уйларининг тарбияланувчилари саёҳат қилишди.

Юртимизда ҳар бир ўғил-қизга меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларни руҳий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, интеллектуал салоҳияти ва маънавиятини юксалтириш, орзу-интилишларини рўёбга чиқариш давлатимиз томонидан доимий эътиборда. Ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий анъана ва қадриятларга эҳтиром руҳида тарбиялаш бу йўналишдаги ишларнинг узвий давоми саналади. Болалар учун ташкил этилган ушбу саёҳатдан ҳам ана шу мақсадлар кўзда тутилган.

– Самарқандни ҳар гал телевизор орқали томоша қилганимизда дўстларим билан биргаликда у ерга боришни орзу қилардик, – дейди Чирчиқ шаҳридаги 14-”Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчиси Феруза Аҳмедова. – Бу орзуимиз ушалганидан ниҳоятда хурсандмиз. Амир Темур мақбараси, Регистон майдони каби тарихий обидаларни кўришдан бахтиёрмиз.

Саёҳат давомида болажонлар кўздан кечирган қадимий ва ноёб меъморий обидалар ҳамда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан истиқлол йилларида шаҳарда барпо этилган маданий-маърифий иншоотлар, сайилгоҳлар ва боғлар уларнинг ҳайратига ҳайрат қўшди. Ёш ўғил-қизларнинг саёҳатдан ўзлари учун бир олам таассурот олишганини ёниб турган кўзларидан билиш мушкул эмас.

– Ушбу саёҳатдан кўплаб таассуротлар олдик, – дейди Бўка туманидаги 15-”Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчиси Шаҳзод Ҳамидов. – Кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳар дея таъриф бериладиган Самарқанднинг ўтмиши қанчалик буюк бўлса, кейинги йилларда бу ерда амалга оширилган ўзгаришлар унинг шуҳратини янада оширганига гувоҳ бўлдик. Тарихи бой, келажаги буюк Ўзбекистонимизнинг фарзанди, юксак ақл-заковати ва бунёдкорлик салоҳияти билан дунёга машҳур аждодларнинг вориси эканимиздан фахрланамиз.

Самарқандга келган меҳмон, сайёҳ борки, шаҳарнинг тарихий обидалари, бетакрор меъморлик намуналарини томоша қилиш, улардан завқ олишни истайди. Саёҳатдан сўнг уларнинг таассуротлари билан қизиқсангиз, аввало, ўрта асрларда шунчалар улуғвор, маҳобатли бино ва иншоотлар қурган аждодларимиз ақл-заковатига тан бериб, орадан неча юз йиллар ўца-да, уларнинг безавол сақланаётганидан ҳайратда эканликларини яширмайди.

Бу каби саёҳатлар ёш авлодни халқимизнинг бетакрор маданий меросига ҳурмат ва эҳтиром руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.

Ушбу саёҳат, шубҳасиз, болаларга дарсларда олган билимларини кенгайтиришга ёрдам беради ҳамда Ватанимиз тарихининг салмоқли қисмини ташкил этадиган кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқандга саёҳат улар хотирасида абадий муҳрланади.

Теглар:#2016/22

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241178
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221032
Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишидаЖамият

Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида

Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла

16.05.2022897
Йод етишмовчилиги жиддий муаммоЖамият

Йод етишмовчилиги жиддий муаммо

Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш

23.03.2023783