Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Спорт: нафосат ва жозиба

31.07.2014
60 марта ўқилди
Спорт: нафосат ва жозиба

Нафис, гўзал ҳаракатлар уйғунлигини мужассам қилувчи, қизларнинг нафақат юриш-туриши, қоматининг чиройли бўлишига, қолаверса, эстетик диди шаклланишига ёрдам берувчи спорт турларидан бири бадиий гимнастикадир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, соғлом авлод – соғлом насл деганидир. Спортни ўзига дўст билган ёшларимиз мунтазам равишда машғулотларга қатнашни канда қилмайди. Айниқса, ёзги таътилда бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида гимнастика тўгаракларига бораётган қизалоқларнинг сафи тобора кенгаймоқда.

Юртимизда спортнинг қизларга мос бадиий гимнастика, синхрон сузиш, теннис, стол тенниси, енгил атлетика каби турларини жадал ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида фаолият кўрсатаётган 600 дан ортиқ спорт тўгаракларининг ўзида 10 минг нафардан зиёд қиз малакали мураббийлар қўл остида бадиий гимнастика билан мунтазам шуғулланмоқда.

Пойтахтимизнинг Миробод туманида жойлашган 14-сонли гимнастика мактабида, малакали мураббия Анна СЭРГЭЕВНА мураббийлигида йигирма нафардан зиёд қизалоқ бадиий гиманастика сир-асрорларини ўрганмоқда.

– Ушбу спорт тури билан қизлар уч-беш ёшидан бошлаб шуғулланишлари мумкин, – дейди мураббия. – Чунки бу ёшда болалар гимнастика учун зарур ҳатти-ҳаракатларни осон ўзлаштиради. Бадиий гимнастиканинг бошқа спорт йўналишларидан ажралиб турадиган жиҳати ҳам шунда. Бу спорт тури билан шуғулланган қизларда кучли ирода, эпчиллик, ҳаракатчанлик сезилиб туради.

Дарҳақиқат, спортнинг бу тури ўсиб келаётган авлоднинг гармоник ривожланишига ҳисса қўшади, улар қадди-қоматининг текис, тўғри ўсишига, мускулларининг ривожланишига катта ёрдам беради. Қизларни қатъий кун тартибини бузмасликка, вақтида тўғри овқатланишга ўргатади. Гўзаллик, нафислик, соғлиқни тиклаш, мусиқийлик, дидни тарбиялаш, ижодий баркамолликни камол топтириш, ана шуларнинг ҳаммаси бадиий гимнастикада жамланган.

Машғулотлар залини кузатар экансиз, шуғулланаётган болалар учун барча қулайликлар яратилганига гувоҳ бўласиз. Гимнастика гилами, тасма, ҳалқа, арғамчи, тўп ва яна шу каби замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Қизларнинг эпчиллиги, ҳаракатларни маҳорат билан ижро этаётгани, юз-кўзларида ўзига бўлган ишонч ва қатъиятни кўриб “офарин” дейсиз. Эндигина тўққиз ёшни қарши олган Севара Ризаева тенгдошларидан анча илдамлаган. Ёш бўлишига қарамай, мамлакатимизда ўтказилган кўплаб мусобақаларда фахрли ўринларни эгаллаган. Устозининг айтишича, Севара илк бор машғулотлар залига келганида кўзларида қўрқув бўлган. Секин-асталик билан иродаси тобланиб, қунт билан машқ қилишга одатланган. Мусобақаларда қатнашиш орқали қатъиятлик, мақсад сари дадил интилиш каби хусусиятлари шаклланган.

– Телевизор орқали гимнастикачи қизларни кўриб спортга қизиқишим ортди, – дейди Севара. – Буни дадамга айтганимда, улар ҳурсанд бўлиб мени гимнастика мактабига олиб келди. Машқлар бироз қийин бўлса-да, қизиқишим ва орзуларим ҳаёли билан бу мушкулотни енгганман. Кўплаб мусобақаларда иштирок этяпман, фахрли ўринларни эгаллаб, дўстларим, ота-онам ёнида ўзимга бўлган ишончим ортмоқда.

Бадиий гимнастика катта спорт. Унинг чўқиссини забт этиш менинг орзуим. Бунинг ўзига яраша қийинчиликлари бор, аммо ҳеч бир нарсага осонлик билан эришилмайди. Мен ва менинг тенгдошларим юрт истиқболимиз. Президентимизнинг, халқимизнинг нигоҳи бизга қаратилган. Шуни ҳис қилган ҳолда билдирилаётган ишончни оқлашимиз лозим.

Юртбошимизнинг 2002-йил 24-октябрьда “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ҳамда 2004-йил 29-августда “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларининг қабул қилиниши эртанги кун эгаларини чинакам соғлом этиб тарбиялаш борасидаги юксак эътибор намунаси бўлди. Барча вилоятларда спорт мажмуалари барпо этилди, улар энг замонавий спорт инвентарлари билан жиҳозланди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг хабар беришича, бугунги кунда бадиий гимнастика қизлар ўртасида энг жадал оммалашаётган спорт турига айланди. Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маълумотларига кўра, бадиий гимнастика билан шуғулланувчи ўқувчилар сони 2003-йилда 1646 нафарни ташкил этган бўлса, айни пайтда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган қизларнинг 35 минг нафардан ортиғи ушбу спорт тури бўйича машғулотларга мунтазам қатнашмоқда.

2005-йили Ўзбекистон гимнастика федерациясининг ташкил этилиши ушбу спорт турини изчил ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Айни пайтда мамлакатимизнинг қарийб барча шаҳар ва туманларида федерация бўлимлари, кўплаб бадиий гимнастика марказлари ишлаб турибди. Бу, албатта, келажаги буюк давлатимизнинг фарзандлари соғлом, баркамол, теран фикрли бўлиб вояга етишида амалга ошириладиган эзгу ишларнинг узвий давомидир.

Теглар:#2014/31

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Бола неча ёшдан спорт билан шуғулланишни бошлагани маъқул?Спорт

Бола неча ёшдан спорт билан шуғулланишни бошлагани маъқул?

Фарзандлар соғлом ўсиши учун уларнинг тўғри овқатланиши билан бирга, жисмоний фаоллиги муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ота-оналар ўғил-қизлари учун спорт тўгараги танлашда уларнинг ёш

04.10.2024974
ОЛИЙ ТАЪЛИМДА СПОРТ СОҲАСИДА ЯНГИ ЙЎНАЛИШЛАР ОЧИЛДИСпорт

ОЛИЙ ТАЪЛИМДА СПОРТ СОҲАСИДА ЯНГИ ЙЎНАЛИШЛАР ОЧИЛДИ

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига янги йўналишлар бўйича ҳам абитурентлар қабул қилиниши масаласида тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда ўқи

29.06.2021197
Бодибилдинг ва жисмоний спорт турлари бўйича жаҳон чемпионатиСпорт

Бодибилдинг ва жисмоний спорт турлари бўйича жаҳон чемпионати

Тошкентдаги «Ҳумо Арена» спорт мажмуасида бодибилдинг бўйича ХII жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. Мусобақада 150 дан ортиқ делегация вакиллари иштирок этаяпти. – Юртбошимизнинг спор

05.10.2021165
Юртимизда халқаро бадиий гимнастика турнири ўтказилдиСпорт

Юртимизда халқаро бадиий гимнастика турнири ўтказилди

Пойтахтимиздаги Гимнастика федерациясида бадиий гимнастика бўйича халқаро турнир бўлиб ўтди. Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон гимнастика федерац

18.04.2022332