
Амир Темур ва темурийлар даври, мана бир неча асрларки дунё аҳлининг ҳайратига сабаб бўлиб келмоқда. Бу даврда фан ва санъатнинг турли соҳалари юксак даражада ривожланди, ҳамда тараққий этди. Салкам икки асрлик тарихда етишиб чиққан олиму шоирларни санаб адоғига етолмаймиз. Ана шундай даврда ўсиб улғайган “Сўз мулкининг султони” Низомиддин Мир Алишер Навоийдир.
У “Мажолис-ун нафоис” – (Нафис таъблар мажлиси) номли асарни тартиб этиб, унда, шеъриятга бефарқ бўлмаган Темурий ҳукмдордан тортиб, аҳолининг барча қатламига мансуб бўлган шоиру адибларни санаб ўтади. Мазкур асарнинг яна бир эътиборли томони борки, кишининг беихтиёр диққатини ўзига тортади. Бу “Хуросоннинг ва баъзи ернинг мирзодалари ва сойир озодалари зикридаким, табъ саломати ва зиҳи истиқомати аларға боиси назм бўлур, аммо мудовамат қилмаслар”, деб номланувчи бешинчи мажлисидир. Унда шоир Амир Темур ва Темурийлар давлатида хизмат қилган, шеъриятга ҳам бефарқ бўлмаган, амирлар, саркардалар, сипоҳийлар ва бошқа давлат амалдорлари ҳамда уларнинг фарзандлар ҳақида тўхталиб ўтади. Жумладан, Навоий асарида ўз вақтида адабиёт тиллари бўлмиш туркий ва форс тилларида ижод қилиб турганлардан қуйидагиларни келтиради:
Мир Ҳусайн Али Жалойир. Навоий уни “Туфайлий” тахаллуси билан шеър ёзиб туришини қайд этади. Отаси Ёдгор Мирзонинг амирларидан бўлган, Туфайлийнинг ўзи эса Ҳусайн Бойқаронинг саройида дастлаб қушбеги сўнг парвоначи вазифаларида фаолият юритган. Навоий уни “қасида услуби анинг ҳаққидур” дея таърифлайди, ҳатто Соҳибқирон Амир Темурга бағишлаб қасида ёзганини ҳам қайд этади ва қуйидаги унинг қаламига мансуб матлаъасини келтириб ўтади:
Биҳамдиллаҳки, дигар раҳ ба иқболи шаҳи одил,
Бурун омад гулам аз хору хор аз пову ва по аз гил.
Таржимаси: Худога шукрки, одил шоҳнинг меҳрибончилиги билан яна бир йўла гулим тикандан, тикан оёғимдан, оёқ эса лойдан чиқди.
Мир Ҳайдар. У Навоий даврида яшаган донгдор сипоҳийлардан бўлган. Шунингдек, уни “ўқ отмоқда жалд ва қилич чопмоқда чобук ва сойир жалодатларда онча борким, асрининг аҳли писанд қилурлар”, дея тавсиф этар экан, “Сабуҳий” тахаллуси билан шеър ёзиб турганини ҳам қайд этади.
Султон Ҳусайн. Темурийлар давлатидаги нуфузли амирларнинг авлоди бўлмиш Султон Ҳусайн, Навоийнинг акаси Шайх Баҳлулбекнинг ўғли эди. Навоий “Мажолис-ун нафоис”да уни “Хатмий” тахаллуси билан шеър ёзиб туришини айтиб ўтади ва унинг қуйидаги матлаъсини келтириб ўтади.
Маро бисёр мушкил менамояд фурқати жонон,
Видои жони ширин ҳаст душвор, эй мусулмонон.
Маъноси: Жонондан айрилиш менга беҳад мушкул кўринади. Эй, мусулмонлар, ширин жон билан хайрлашиш қийиндир.
Ёмғурчибек. Ҳусайн Бойқаронинг содиқ бекларидан бўлган Мир Валибекнинг ўғли бўлган Ёмғурчибек тенгсиз сипоҳий бўлиш билан бирга, “Сипоҳий” тахаллуси остида шеър ҳам қоралаб турган. Навоий унинг қуйидаги байтини келтириб ўтади:
Ба масжидеки, равам дар фироқи дилбари хеш,
Баҳона сажда кунам бар замин ниҳам сари хеш.
Маъноси: Дилбарим фироқида масжидга бориб, сажда қилиш баҳонасида бошимни ерга ураман.
Соқий. Навоий уни фақат тахаллуси билан зикр этади. Аммо сипоҳийликда тенги йўқ бўлганини ҳатто “Хуросоннинг сипоҳийларидин мутааййин ва муқаррар кишилар ани имкони борича таъриф қилурлар эрди” дея таърифлайди. Соқий форс ва туркий тилларда шеърлар ёзиб турган. Навоий уни қуйидаги отга бағишланган туркий маснавийсини келтиради.
Тазарве эрди раънолиқда оти,
Ики ёнчоқ бўлуб икки қаноти.
Умуман олганда Навоий “Мажолис-ун нафоис”да Амир Давлатшоҳ, Мир Иброҳим, Шерам, Мир Ишқий, Мир Али Дўст Рафиқий, Муҳаммад Али Жалойир каби 21 нафар Темурийлар давлатида нуфузли лавозимларда турган, ҳамда ўз даврининг тенгсиз баҳодирлари ва шунинг билан бир қаторда шеъриятда ҳам нозик дид соҳиблари бўлган зотларни зикр этиб ўтади.
Дарҳақиқат, Навоийнинг бу каби маълумотлари Темурийлар давлатида хизмат қилаётган ҳар бир саркарданинг ҳам жисмоний, ҳамда маънавий жиҳатдан нақадар соғлом бўлганидан далолат беради. Бугунги ўсиб келаётган авлоднинг ҳам кетма-кет қўлга киритаётган зафарларини кузатар эканмиз, ана шундай жасур ва маърифатли аждодларимизнинг издошлари етишиб чиқаётганидан қалбимиз чексиз ғурурга тўлади.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
Тиббий сабоқларВужуд гавҳари
Кундалик ҳаётда «кўз нури» деган атамага кўп бора дуч келамиз. Айтайлик, болалигимизда ота-онамиз «кўз нурингни беҳудага тўкма», дея таъкидлашади. Ёшимиз улғайганда эса ўзимиз ҳам
МаданиятМаънавият – билимлар асоси
Ташкент давлат техника университети “Геология қидирув ва кон металлургия” йўналишига тегишли ётоқхонада яшовчи талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш одат тусига айланган. Б
МаданиятХалқаро кўргазма: кўриб чиқиш ва намойиш этиш платформаси
"Ўзэкспомарказ" павильонларида 15-юбилей Марказий Осиё "Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2024" халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Бу йил 15 йиллигини нишонлаётган C
МаданиятЎЗБЕКИСТОНДА МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТДИ
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ва ОАВ миллий ассоциацияси томонидан ташкиллаштирилган Маданий мерос ҳафталиги ўз якунига етди
