Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Соҳибқирон даврида ҳунармандчилик

01.04.2016
129 марта ўқилди
Соҳибқирон даврида ҳунармандчилик

Амир Темур ҳукмдорлик даврида мамлакат хўжалигининг барча тармоқларини ривожлантиришга катта эътибор берди. Шу жумладан, ҳунармандчиликни тараққий эттириш бўйича ҳам кенг кўламли чора-тадбирлар белгилади. Чунки Туронзаминнинг бой маданий меросида ҳунармандчилик анъаналари алоҳида ўрин тутган бўлса ҳам ўлка чингизийлар қўл остида турган йилларда соҳа анча оқсаб қолган эди.

Ҳунармандчиликнинг айрим муҳим турлари билан шуғулланувчи усталар жуда камайиб кетган, айниқса, бинокор усталар, нақшинкорларга эҳтиёж катта эди.

Буни ҳисобга олган Соҳибқирон махсус одамлар тайинлаб, ҳарбий юришлар даврида фатҳ этилган жойларда олим-у фузалолар билан бир қаторда ўз ишининг моҳир усталари бўлган турли хил касб-ҳунар эгаларини аниқлаб, уларни пойтахт Самарқандга жўнатиш ва фаолият олиб боришлари учун зарур шароитлар яратиб беришни буюради. Шунинг натижасида чет эллардан юзлаб соҳиби ҳунарлар, жумладан, Туркиядан заргарлар ва мовут ишлаб чиқарувчилар, Дамашқдан тикувчилар, Ҳалабдан машҳур пахта йигирувчилар, Ҳиндистондан сангтарошлар, Табриз ва Хоразмдан иморацозлар ва наққошлар олиб келинди. Уларнинг касб сирларидан маҳаллий аҳоли ҳам баҳраманд бўлиб, янги касб-ҳунарлар ривож топди, ҳунармандчилик маҳсулотларининг тури кўпайди.

Самарқанд йирик ҳунармандчилик марказига айланди. Дунёда энг яхши ҳисобланган атласлар, шойи матолар, ипак астарликлар Амир Темур давлати пойтахтида ишлаб чиқарилган. Маҳаллий ҳунармандлар тилларанг ва зангори бўёқлар тайёрлашда моҳир бўлишган. Ўша даврда Самарқанд шаҳри қоғоз ишлаб чиқаришда донғи кетган бўлиб, Темур ва темурийлардан кейин ҳам бу соҳада ўз мавқеини сақлаб қолган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома” асарида “Оламда яхши қоғоз Самарқандда чиқар. Жувози қоғозлар суйи тамом Конигилдин келадур”, деб таърифлаб, унинг қирмизи бахмаллари ҳам чет элга сотувга чиқарилаётганини таъкидлаган.

Амир Темур даврида Мовароуннаҳрдаги бошқа ҳудудларда ҳам ҳунармандчиликнинг тез суръатлар билан ривожланиб бориши кузатилган. Хусусан, Тошкентда сирли сопол, маъдандан ясалган ноёб буюмлар, заргарлик безаклари, турли-туман матолар ва гиламлар ишлаб чиқарилган. Шаҳрисабз кашталари, заргарлик маҳсулотлари, кулоллик буюмлари, металлдан ясалган маҳсулотлар нафис ва бежирим нақшлари, ранги, безаклари билан ном таратиб, амалий-бадиий санъат соҳасида ўз мактабига эга ҳудуд сифатида ажралиб турган. Қарши мис буюмлари эса нафақат турларининг хилма-хиллиги, балки безаги билан ҳам ўзига хос бўлган. Қадимий ҳунармандчилик турларидан ҳисобланган зардўзлик санъати ҳам Қашқа воҳасининг бу икки шаҳрида юксак даражада ривожланган, улар умумий хусусиятлар билан бирга кўпгина маҳаллий анъаналарни ўзида ифодалаган.

Тадқиқотчи олима Р. Мукминованинг фикрича, Амир Темур фармойишига мувофиқ, барча ҳунармандлар касб-корига қараб ихтисослаштирилган, уларга аниқ шахс раҳбарлик қилган, у айни пайтда маҳалла оқсоқоли ҳисобланган. Шу тариқа, мискарлар, новвойлар, заргарлар ва бошқа соҳиби ҳунарлар яшайдиган маҳаллалар вужудга келган.

Маълумки, Руи Гонсалес де Клавихо бошчилигидаги испаниялик элчилар Самарқандда уч ой туришган. Клавихо шу фурсат ичида Амир Темур раҳнамолигида мамлакат ҳар соҳада катта ютуқларга эришгани, шунингдек, ҳунармандчилик ҳам юксалиб, моҳир ҳунармандлар етишиб чиққанининг гувоҳи бўлган. Унинг кундаликларида Самарқанд атрофидаги ҳашаматли саройлар тасвирланиб, уларнинг бирида дур, зумрад, феруза ва ёқут билан безатилган еттита олтин кўза ва олтита думалоқ тилла коса кўрганини ёзган. Элчи қайд этганидек, сарой ичини жиҳозлашда турфа рангли ипак газлама, гилам, нақш туширилган ва жимжимадор кашта тикилган ҳар хил рангли матолар ишлатилган бўлиб, уларни ҳунармандлар қалб қўри, юксак масъулият билан тайёрлашган.

Бу мисоллардан кўринадики, Амир Темур ҳукмронлиги даврида ҳунармандчилик жуда юксалиб, бу соҳанинг нозик сирларини ўзлаштирган, маҳоратли ҳунармандлар кўпайган. Ўша пайтда ҳунармандчиликнинг 500 га яқин тури мавжуд бўлган.

Ибн Арабшоҳ Амир Темур ҳазратларининг ҳунармандларга муносабатини шундай баён этган:

“Темур ҳар қандай ҳунар ва касб бўлмасин, агар унда бирон фазилат ва шарофат бўлса, шу касб эгаларига ғоят меҳр қўйган эди”.

Дарҳақиқат, ўз касбини пухта эгаллаган, қўлидан чиққан буюмлари киши диққатини жалб қила оладиган, ҳайрат уйғотадиган даражадаги моҳир ҳунармандларга Соҳибқироннинг ихлоси баланд бўлиб, улар билан суҳбатлашишни хуш кўрган. Ибн Арабшоҳ “Амир Темур тарихи” асарида машҳур заргарлар ал-Ҳож Али Шерозий, ал-Ҳож Муҳаммад Шерозийни тилга олади. Сангтарош Олтунни “ўз ҳунарида бир мўжиза бўлиб, қимматбаҳо тошларга нақш солар, яшмга, ақиққа Ёқут Ҳамавийнинг хатидан ҳам чиройлироқ хат билан ўйиб ёзарди”, деб унинг истеъдодига юксак баҳо беради. Ибн Арабшоҳнинг гувоҳлик беришича, шиша ва мисга нақш соладиганлар ҳисобсиз бўлиб, “уларнинг ҳар бири ўз асрининг алломаси ва ўз даврининг мўжизакор кишилари эдилар”. Мавлоно Аҳмад мискарликда донғи чиққан уста бўлган. Абдулҳай ал-Бағдодий эса наққошликни санъат даражасига кўтариб, Амир Темурнинг ҳурматига сазовор бўлган.

Теглар:#2016/13

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Эндопротезлаш амалиёти: реабилитация даврида нималар тақиқланади?Тиббиёт олами

Эндопротезлаш амалиёти: реабилитация даврида нималар тақиқланади?

Юқори технологик жарроҳлик амалиётлари замонавий тиббиётнинг энг катта ютуқларидан бири. Аммо илғор усулларда бажарилган операциялар ҳам ҳали беморнинг дарддан тўлиқ халос бўлганин

27.03.2024297
Маънавият – билимлар асосиМаданият

Маънавият – билимлар асоси

Ташкент давлат техника университети “Геология қидирув ва кон металлургия” йўналишига тегишли ётоқхонада яшовчи талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш одат тусига айланган. Б

15.11.20241222
Халқаро кўргазма: кўриб чиқиш ва намойиш этиш платформасиМаданият

Халқаро кўргазма: кўриб чиқиш ва намойиш этиш платформаси

"Ўзэкспомарказ" павильонларида 15-юбилей Марказий Осиё "Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2024" халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Бу йил 15 йиллигини нишонлаётган C

12.09.2024431
ЎЗБЕКИСТОНДА МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТДИМаданият

ЎЗБЕКИСТОНДА МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТДИ

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ва ОАВ миллий ассоциацияси томонидан ташкиллаштирилган Маданий мерос ҳафталиги ўз якунига етди

22.09.2021362