Кишида барча ахлоқи ҳамида
Чу жам ўлди, қўярлар отин эҳсон.
Бири андин саходур, бири мурувват,
Булар гар йўқтур, инсон эрмас инсон.
Мазмуни: Кишида барча яхши фазилатлар жам бўлган бўлса, уларни бир сўз билан эҳсон дейдилар: унинг бири – саховат бўлса, бири – мурувват. Бу иккисидан бебаҳра инсон инсон эмас.
Алишер НАВОИЙ
Ҳар бир мамлакатда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимоянинг мукаммал ҳуқуқий тизими яратилиши унинг мустақил демократик йўлни танлаганидан дарак беради. Зеро, инсонийлик, элпарварлик, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига кўмак кўрсатиш эркин ва фаровонликнинг муҳим омилларидан биридир. У йиллар давомида сайқалланиб, қадрият даражасига кўтарилади. Ватанимизни эса ана шу қадриятни бардавом тутган саховатпеша юрт сифатида эътироф эцак арзийди. Буни биз Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги “Болалар шаҳарчаси”га кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик мисолида кўришимиз мумкин. Мазкур шаҳарчанинг бугунги кундаги фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида муассаса раҳбари Покизахон Аҳмеджановани суҳбатга тортдик.
– Сир эмаски, таълим-тарбия жараёнида боланинг билимини ошириш билан биргаликда унинг қалбида инсонийлик фазилатини сингдириш, меҳр-оқибатли садоқатли ва мустақил фикрли этиб камол топтириш муҳим саналади. “Болалар шаҳарчасида” бу жиҳатга қандай ёндашилади?
– Дарҳақиқат, боланинг фитрати соф. Унинг қалбига ҳаётнинг ёрқин ранглари билан зеб бериш лозим. Ҳаётнинг гўзаллиги инсонийлик фазилатларида мужассам. Бизнинг шаҳарчамизда бунга алоҳида эътибор қаратилади. Мисол учун ҳар бир оила аъзолари биргаликда уй рўзғор учун керакли нарсаларни харид қилишади, баҳамжиҳатликда тарбияланувчилари билан бамаслаҳат тайёрланадиган таомларининг рўйхатини тузиб чиқади. Шунингдек, оилавий шароитда ҳар бир боланинг алоҳида ётоқхонаси, ўзига тегишли жиҳозлари мавжуд бўлиб, унинг ўзи хонасини тартибга келтириш, ўзига-ўзи хизмат кўрсатиш, ўзига тегишли жиҳозлар, кийим-кечакларни асраб-авайлаш каби кўникмаларни ҳосил қилади. Бундай шароитда боланинг ўзига тегишли бўлган буюмларнинг мавжудлигини ҳис этиш ва шахсий мулкка эгалик кўникмалари ривожланиб боради.
Мазкур оила шароитида ҳар бир болага алоҳида эътибор қаратиш, индивидуал ёндашиш ва алоҳида меҳр кўрсатиш имкони яратилади. Оила аъзоларининг фаолияти билан яқиндан танишар экансиз, уй юмушларида бир-бирига кўмак беришига гувоҳ бўласиз. Байрамлар, туғилган кунларни оила даврасида биргаликда нишонлашади. Балоғатга етган битирувчиларнинг барчаси ҳозирги кунга қадар шаҳарчага тарбиячи оналари, ука ва сингиллари ҳолидан хабар олишга келиб турадилар. Бу эса оилавий анъаналарнинг шаклланиб бораётганига ёрқин мисол эмасми?!
Ҳар бир болага алоҳида эътибор бериш мақсадида уларнинг қизиқишлари, орзулари ва имкониятларини ўрганиш, болаларнинг “Болалик тарихи”ни, экокартаси ва генограммаларини тузиш ва шулар асосида ҳар бир болага бериладиган тарбия методларини аниқлаб шулар асосида иш олиб борилмоқда. Республика болаларни ижтимоий мослашуви маркази ходимлари билан ҳам бевосита иш олиб борилиши ҳар бир болага аниқ йўналтирилган тарбиявий ишларни амалга ошириш имконини бермоқда. Натижада ҳар бир боланинг педагогик-психологик ривожланиш режа дастурлари ишлаб чиқилиб, ҳар ой якунида олиб борилган ишлар ва эришилган натижалар мониторинги ташкил этиб борилади.
– Бугунги кунда “Болалар шаҳарчасида” болаларни касбга йўналтириш уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш борасидаги ишлар қай даражада?
– Тарбияланувчиларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш бизнинг бош мақсадимиз. Зеро, маънавияти юксак инсонларни камол топтириш жамиятимизнинг асосий мақсади саналади. Бу борада эса қатор тадбирлар ўтказилади. “Болалар шаҳарчаси” кутубхонаси ташкил этилган бўлиб, бадиий, илмий-услубий адабиётлар, газета ва журналлар билан таъминланган. Ҳар бир хонадонда маънавият бурчаги ташкил этилган ва адабиётлар билан бойитилган. Ўтган Соғлом бола йилида болаларга чет тилларни ўрганишга шароит яратиш мақсадида Гулистон Давлат университети билан ҳамкорликда “Ёш нотиқлар ва журналистлар” ҳамда “Инглиз тилини ўрганамиз” тўгараклари, қизларни оммавий спортга жалб этиш ва саломатликларини мустаҳкамлаш мақсадида “Алпомиш” спорт мажмуаси томонидан спортнинг бадиий гимнастика тури бўйича тўгарак ташкил этилди. Ҳозирги кунда шаҳарчада жами 15 та тўгарак мавжуд. Улар орасида болаларни касбга йўналтирувчи ва рўзғор тутишда муҳим ўринга эга бўлган ҳунарлардан тикувчилик, сартарошлик, дурадгорлик, пазандачилик каби йўналишлар мавжуд. Шу билан бирга шаҳарчада ҳунармандчилик, спорт ва санъатга оид тўгараклар ҳам ташкил этилган. Гулистон шаҳар 1-сонли мусиқа мактаби томонидан дамли созлар ҳарбий оркестри ва “Моҳир қўллар” тўгараги, 2-сонли мусиқа мактаби томонидан “Ранглар жилоси” ва “Миллий чолғулар” тўгараги, 4-тип спорт мажмуаси томонидан футбол, сузиш, армрестлинг, гандбол йўналишларидаги тўгараклар ташкил этилиб, тарбияланувчилар билан машғулотлар олиб бориляпти.
Болаларимизнинг турли танловларда эришаётган ютуқлари йил сайин ортиб бормоқда. Шаҳарчада ташкил этилган “Камалак” рақс дастаси Республика “Ёш юлдузлар”, “Янги авлод” ва “Асрлар садоси” фестивалларида ғолибликни қўлга киритди. Армреслинг спорт тури бўйича икки нафар тарбияланувчиларимиз Владислав Абибуллаев, Насиба Шарипова Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди. Гандбол бўйича эса Ёрқиной Равшанова, Мадина Бахтиёрова, Илёр Василев Ўзбекистон биринчилигида ғолиб бўлди. Мусиқа йўналиши бўйича ҳам Анастасия Шукина, Марат Генов ўзларининг маҳоратини Республика танловида намойиш этиб ғолибликни қўлга киритдилар. Беш нафар тарбияланувчиларимиз “Камалак жилоси” Республика танловининг ҳар йилги ғолиблари бўлиб келмоқдалар. Футбол бўйича “Гулистон-2” номли жамоамиз вилоят миқёсида ўтказилган вилоят биринчилигида энг кучли эканини исботлади.
– “Болалар шаҳарчаси” тарбияланувчиларини фарзандликка ёки васийликка олиш мумкинми?
– Шаҳарчада олиб борилаётган ижтимоий ишнинг асосий мезонларидан бири ўз фарзандлари ёки яқинларининг болаларини шаҳарчага топшириш мақсадида келган фуқароларга тушинтириш ишларини олиб бориш, уларнинг ҳаётларидаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш орқали болаларни ўз оилаларида қолдиришни таъминлашдан иборатдир. Шаҳарча ўз фаолиятини бошлагандан буён 40 дан ортиқ ана шундай мурожаатлар бўлди ва уларнинг барчасида болаларни ўз оилаларида қолдиришга муваффақ бўлдик. Ахир бола учун ўз оиласинданда азизроқ гўша йўқ. Бунда қайсидир оилага уй-жойини ҳал этиш, иш билан таъминлаш, бирига пенсия ёки алимент ундириб бериш, оилаларни яраштириш каби ишлар орқали эришилди. Ушбу фаолиятни олиб боришда, албатта жойлардаги ҳокимликлар, маҳалла қўмиталари, ижтимоий таъминот бўлимлари каби ташкилотлар кўмагидан кенг фойдаланилди.
Шунингдек, шаҳарчада тарбияланаётган болаларни фарзандлик ёки васийликка бериш, ўз биологик оилаларидаги ижтимоий аҳволни ўрганиш, имконияти мавжуд оилаларга болаларни қайтариш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Ўтган беш йил давомида болаларни ўз биологик оиласига қайтариш ишларига ҳам катта аҳамият қаратилди. Энг аввало шаҳарчада ўз ота-онаси бор ва вақтинча жойлаштирилган болалар ўрганиб чиқилди. Аниқланган 19 та оиланинг ҳар бири билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Уларнинг баъзилари чет давлатга кетган. Баъзи ота-оналарга турли ижтимоий муаммоларини ҳал этишда маҳаллий ҳокимликлар ва ҳуқуқ органлари кўмаги билан ёрдам берилди. Натижада 10 нафар бола ўз оиласи – ота-онаси бағрига қайтарилди. 9 нафар бола эса яқин қариндошлари томонидан васийликка олинди.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
ЖамиятХОТИН-ҚИЗЛАР БИЛАН ИШЛАШ ЁХУД ИСТИҚБОЛ ОДИМЛАРИ
Оила ва гендер илмий тадқиқот институтининг истиқболдаги фаолияти тўғрисида тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Оила ва хотин қизлар қ
ЖамиятЭзгулик йўли
«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди аҳоли генофондини сақлаш ва яхшилаш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни тарбиялашда оила рол
ЖамиятБолажонлар мароқли дам олади
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларининг таътил вақтларини мароқли ўтказиш мақсадида бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда соғломл
Тиббий сабоқларСоч тўкилишини тўхтатиш сирлари
Кучли ва қалин сочлар ёшлик ва гўзаллик тимсоли. Унинг ортиқча тўкилиши эса инсонда психологик ноқулайликни келтириб чиқаради. Маълумотларга кўра, бугун дунёда 50 фоиз эркак айнан
