
Бугуннинг эркаси, эртанинг эгаси
Бола атрофдагилар билан ўзини таққослайди ва мавжуд имкониятларининг даражасини оширишга интилади. Дўстлари билан ўзаро мулоқот унинг оммага киришимли бўлишига замин ҳозирлайди. Психологларнинг таъкидлашича, бундай пайтларда болани эркин қолдириш унинг мустақил шаклланишига ижобий самара берар экан.
– Болаликнинг дастлабки даври ниҳоятда муҳим саналади, – дейди фикримизнинг исботи сифатида Самарқанд вилояти 9-сон мактабгача таълим “Меҳрибонлик” уйи раҳбари Нодира Ражабова. – Рус ёзувчиси Лев Толстой бу даврни тарбиянинг ҳал этувчи босқичи санаб, “Беш ёшли боладан менгача атиги бир қадам, чақалоқдан беш ёшгача бўлган бола орасидаги масофа ақлбовар қилмас даражада узоқдир”, – деган. Шу жиҳатларни эътиборга олсак зиммамиздаги масъулиятнинг юки ниҳоятда залворли эканини ҳис этамиз.
Бизнинг муассасада ўсиб келаётган ёш авлоднинг таълим-тарбияси учун 28 нафар малакали педагог ходимлар хизмат қилмоқда. Замон талабига мос шинам ва кўркам ётоқхоналар, компютер хоналари болаларнинг нутқий, руҳий жиҳатдан соғлом ва баркамол бўлиб камол топиши учун логопед, руҳшунос хоналари шай ҳолга келтирилган.
Сўнгги йилларда муассаса ҳудудида янги замонавий бино қурилиб фойдаланишга топширилди. Натижада болажонларга кенг ва ёруғ мусиқа зали, машғулотлар ўтказиладиган хона, тиббий хона, ўғил ва қиз болалар учун изолятор хонаси, сартарошхона, ётоқхона, 72 ўринга мўлжалланган умумий овқатланиш хонаси, ошхона, ўғил ва қиз болалар учун алоҳида ҳаммом, кир ювиш хонаси каби бир қатор қулайликлар яратилди. “Меҳрибонлик” уйини ёзги мавсумга тайёрлаш бўйича 4 та янги замонавий кўринишдаги ўйин майдончаси, спорт зали таъмирдан чиқарилди, гулхона майдончалари ландшафт дизайн асосида ташкил этилди.
– Мазкур “Меҳрибонлик” уйида кичик ёшдаги гуруҳлар сони битта, МТМ ёшдаги гуруҳлар сони эса олтитани ташкил этади, – дейди даргоҳнинг маънавий ва маърифий ишлари бўйича директор ўринбосари Марҳабо Раҳимова муассаса фаолияти ҳақида таништирар экан. – Болажонлар билан ишлаш, мулоқот ўрнатиш завқли бўлиш билан биргаликда масъулиятли ҳамдир. Зеро, уларнинг барчаси ҳар қачонгиданда ота-она, яқинларининг меҳрига муҳтож ёшдагилар ҳисобланади. Уларнинг қалбига йўл топа билиш, кўнглини кўтариш, муассасадаги барча ходимлардан, шунингдек, тарбиячи опалардан улкан матонат, хушмуомалалик талаб этади. Бу ерда фаолият юритаётган барча тоифадаги педагоглар таълим сифат самарадорлигини оширишда жонбозлик кўрсатиб келишмоқда. “Болажон” дастурини амалиётга татбиқ этиш баробарида уларнинг ҳаётини муҳофаза қилиш, соғлиғини мустаҳкамлаш ва тўлақонли овқатланишини таъминлаш, молиявий фаолият сифатини яхшилаш каби масалалар алоҳида эътиборга олинган. Муассасада тарбияланувчилар билан ўқув йили давомида мунтазам равишда машғулотлар, турли чиниқтириш-соғломлаштириш тадбирлари ташкил этилмоқда.
Мактабгача таълим “Меҳрибонлик” уйида тўрт нафар ҳамшира ҳамда бир нафар шифокор болалар саломатлиги йўлида фаолият олиб бормоқда. Янги кун бошидан ҳамширалар болаларни алоҳида кўрикдан ўтказиб, тунги тарбиячи опалардан уларнинг ҳолати ҳақида маълумот олишади ва таҳлил қилиб боришади. Машғулотларда ҳам иштирок этиб, болаларнинг кун давомидаги лаёқати, машғулотларга ёндашуви назоратга олинади. Ҳар ойда болалар учун навбат билан соғломлаштириш куни ташкил этилиб, бунга кўра саломатлигида бирор ўзгариш бўлган болалар муассасага бириктирилган болалар поликлиникаларига жўнатилиб, саломатлигини тиклаб қайтади.
Турли ўйингоҳлар, мактабгача таълим муассасаларидаги болалар майдончаси болажонларнинг энг севимли маскани саналади. Айниқса, 5-6 ёшдаги жажжилар учун. Эътибор берганмисиз? Бу ерда бола ўзини эркин ҳис этади, турли ўйинлар орқали ўз имкониятларини белгилаб олишга ҳаркат қилади ва бу улар учун ўзини “кўз-кўз” қилишга қулай фурсат ҳисобланади.
Хусусан, “Меҳрибонлик” уйида болаларни ақлий ва руҳий жиҳатдан баркамол этиб тарбиялаш мақсадида болага йўналтирилган таълимга алоҳида эътибор берилмоқда ва ҳар бир болани шахс сифатида камол топтириш, уларнинг қобилият ва иқтидорини ривожлантириш мақсадида улар билан алоҳида ишлаш учун муассасада ўқув марказлари ташкил этилди. “Мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган Давлат талаблари”нинг ижросини таъминлаш ниятида муассасада болаларнинг бошланғич билимини ошириш, нутқини ўстириш, ўқиш ва мактабга тайёрлаш, ҳамда илк математик тасаввурларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Катта ва тайёрлов гуруҳларида эса болаларнинг нутқ маданиятини шакллантириш ва саводга ўргатишда илғор иш услубларидан фойдаланиш баробарида болаларнинг ҳаёт хавфсизлиги асослари билан таништириш, уларни жисмоний тарбиялаш ва соғломлаштиришда ноанъанавий усуллардан фойдаланилмоқда.
– Муассасадаги болажонларимизнинг энг севимли жойи бу шубҳасиз уларнинг мусиқа хонаси саналади, – дейди муассаса раҳбари Нодира опа. – Ташкил этилиб, замонавий қиёфага келтирилган мусиқа хонасида тажрибали педагог Ирода Аллаева рақс ва мусиқадан болажонларга сабоқ бериб келмоқда. Нафақат муассасасамиз, балки вилоят миқёсида ўтказиладиган ҳеч бир тадбир бизнинг жажжи иштирокчиларимизсиз ўтмайди. Бу эса болаларимизнинг қизиқиш ва ўйларидан устозлари доимо бохабар эканидан далолат беради.
– Болага ҳар қандай тўкин шарт-шароит муҳайё қилинмасин, буларнинг барчаси ўз оиласидек бус-бутун бўлолмайди, – дейди муассасада ижтимоий ходим сифатида фаолият юраётган Шоҳиста Турдиева. – Шунинг учун биз фарзандларимизни имкон қадар ўз оиласи билан яшаши тарафдоримиз. Жорий йилнинг шу кунига қадар етти нафар бола ота-онали, оилали бўлишди. Ўтган йилга нисбатан бу йилги натижа ижобий саналади. Ўйлаймизки, йил якунига қадар яна самарали ўзгаришлар бўлади. Шуни фахр билан айта оламизки, шу вақтга қадар болаларимиздан шикоят, ёки муассасага қайтиб келиш каби ҳолатлар бўлган эмас.
Бу йили 34 нафар бола 7 ёшга тўлиб, вилоятдаги “Меҳрибонлик” уйига ўтказилади. Қўшни “Меҳрибонлик” уйи ходимлари ўртасидаги самимий муносабат, ижтимоий алоқалар ижобий тус олганлиги сабабли болажонларнинг янги муҳитга мослашиб кетишида унча қийинчилик туғдирмайди. Шунингдек, ўзга “Меҳрибонлик” уйига ўтказилган болажонлар ҳам тез-тез муассасага келиб, тарбиячи опалар билан учрашиб туриши яхши анъанага айланган.
– Ўтган йили бир қанча болаларимизни соғломлаштириш санаторияларига, ёзги оромгоҳларига ҳомийлик асосида жўнатишга муваффақ бўлган эдик, – дейди Марҳабо Раҳимова. – Аммо, тарбияланувчиларимиз ёш жиҳатидан кичик бўлгани туфайли бу йили болаларимизга бундай имкониятни туҳфа эта олмадик. Шунинг учун истардикки, муассасамиз қошида кичик ёшдаги болажонлар учун мўлжалланган ёзги оромгоҳ, санаториялар ташкил этилса мақсадга муофиқ бўлар эди. Бу болаларимизнинг янада соғлом ва баркамол бўлиб улғайишларига замин ҳозирлаши шубҳасиз.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
Тиббий сабоқларБолалар церебрал фалажи – умрбод даволанишни талаб қиладими?
Таҳлилларга кўра, ҳозир дунё бўйича болалар церебрал фалажидан азият чекаётган 17 миллион нафар бемор рўйхатга олинган. Аммо ушбу касаллик кўпинча кеч босқичда аниқланишини инобат
Тиббий сабоқларБолаларни қандли диабетдан ҳимоя қилиш учун нима қилиш керак?
Қандли диабет йилдан йилга яшариб бормоқда. Бу дардга чалинганлар орасида ёш болалар, ҳатто чақалоқлар ҳам борлиги хавотирли ҳолат. Мутахассисларнинг бу ташвишида асос бор. Чунки ҳ
Болалардаги тошмалар қандай хасталик белгиси?
Мана, куз ҳам ниҳояламоқда. Салқин кунлар бошланган. Демак, ҳозир мавсумий аллергик хасталиклар авж оладиган пайт. Шулардан бири – чақалоқлар, болалар ва ўсмирлар ўртасида кўп учра
СаломатликБир ёшгача бўлган болалар: нима мумкин эмас?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан юртимиз бўйлаб ўтказилган «Боланинг соғлом овқатланиш ҳафталиги» муносабати билан вазирлик Матбуот хизмати гўдакнинг соғлом улғайишида она
