Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг фикрича, одам ёмон хулқ билан туғилмайди. Муайян шароитдаги тарбия натижасида уларда салбий иллатлар пайдо бўлади ва ривожланиб боради. Инсондаги қобилиятни камолга етказиш тарбия билан амалга ошади.
Шу боис, Шарқ маърифатчилиги бола тарбиясига ҳамиша катта эътибор билан қараган ва бу даврни уч гуруҳга бўладилар:
биринчиси – ҳануз оқ билан қорани танимайдиган бола. Унинг табиати ҳали ёмонлик ғубори билан қопланмаган, юраги эса ботил ишлар билан қораланмаган бўлади. Бундай болага насиҳат тез таъсир қилади ва уни тўғри йўлга осонлик билан солиш мумкин.
Иккинчиси – оқ билан қорани ажратадиган бола. Улардан баъзилари ўз нафсининг ғалабаси билан яхшилик томон эгилолмай қолган бўлади. У қилаётган ишининг ёмонлигини билади. Нуқсонларини эса эътироф этади. Бундай одамни биринчисига нисбатан қийинроқ, аммо доимий тарбия, насиҳат ва танбеҳлар билан ёмонликдан қайтариш мумкин.
Учинчиси – оилада ботил хаёл ва фосид фикрлар билан ўсиб, улғайган киши. У умр бўйи ноҳақ ишларни ҳақ деб билиб келган ва шунга астойдил эътиқод қўйган бўлади. Ёмонлик қилса ҳам уни ўзича яхшилик деб ўйлайди. Унинг тарбиясига киришиш игна билан қудуқ қазиш ёки ҳали қизиб чўққа айланмаган темирни болғалаш билан баробар.
Улуғ мутафаккир ва шоир Алишер Навоий ўз асарларида баркамол авлод тарбиясига оид кўп ибратли фикрларни битган. Жумладан, “Маҳбуб ул-қулуб” асари бу жиҳатдан катта аҳамият касб этади. Хусусан, асарнинг 89-танбеҳида тарбия тўғрисида шундай дейилади: “Қобилға тарбият қилмоқ зулмдир ва ноқобилға тарбият ҳайф. Ани одами тарбият билан зое қилма ва бунга тарбиятингни зое қилма”.
Донолар яхши ёки ёмон хулқли бўлишни оилага боғлайдилар. Уларнинг айтишича, ёмон хулқли аёлдан туғилган ва разил ота қўлида тарбияланган фарзанддан яхшилик кутиш қийин. Чиройли хулқ офтобга ўхшайди. Офтоб музни эритгани каби чиройли хулқ ҳам барча ёмонликларни эритиб юборади. Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Жомийнинг фикрича, бола етти ёшга етгач, уни илм олишга ва жоҳиллик ботқоғидан қутқаришга ўргатилади, агар унга илм беришнинг иложи бўлмаса, бирор яхши ҳунарга ўргатилади. У шундай деб таъкидлайди: “Агар молинг қанча кўп бўлса, уларни фарзандингнинг илм ва ҳунар олиши йўлида сарфла, чунки молу давлатга ишониб бўлмайди, ҳунар эса ҳеч қачон ўлмайди. Илм ва ҳунар ўрганмай ўтирувчи кишилар ё зоҳид, ё танбал ёки такаббур кишилардир. Агар у зоҳид бўлса, тез кунда таъна балосига гирифтор бўлади. Танбал бўлса, гадолик кўйига тушади. Такаббур бўлса, ночорликдан охири ўғирлик кўчасига киради. Кимки касб-корига эга бўлса, бундай иллатлардан узоқда бўлади”.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, баркамол инсонни тарбиялашда Шарқ маърифатчилигида катта тажрибалар жамланган. Улар ҳеч бир замон ва маконда ўз аҳамиятини йўқотмаслиги билан эътиборли. Мағзи тўқ, доно фикрлар ва уларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқадиган хулосалар ҳар бир кишига асқотади.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
БарчасиКарьера кунида нималарга эришилди?
Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту
Тиббий сабоқларБолалар ортопедияси: ота-оналар қайси ўринларда хатога йўл қўяди?
Ҳар қандай хасталик профилактикасида тиббий кўрик ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Жумладан, болани ўз вақтида ортопед текширувига олиб бориб туриш керак. Йўқса, туғма ёки орттирилг
Тиббий сабоқларЧақалоқ парваришида нималарга эътибор бериш керак?
Боланинг соғлом бўлиб вояга етишида уни парваришлашга қай даражада эътибор қаратиш жуда муҳим аҳамият касб этади. Қуйида чақалоқ туғилгач, илк кунларда нималарга эътибор қаратиш ҳа
Тиббий сабоқларКомпьютер ва телефон саломатликка қандай таъсир этади?
Бугун ҳаётимизнинг барча жабҳаларига инсон тафаккурининг маҳсули бўлган замонавий технологияларнинг шиддат билан кириб келиши, янгидан-янги имконият ва қулайликларни яратмоқда, жам
