Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Саводхонлик айёми ёхуд ота-она ҳамёни ҳақида

05.02.2017
77 марта ўқилди
Саводхонлик айёми ёхуд ота-она ҳамёни ҳақида

Буни қарангки, яқиндагина биринчи синфга борган фарзандим “кўз очиб юмгунча” алифбе сабоғини ўзлаштириб, “бурро-бурро” ўқийдиган бўлди.

Маълумки, бундай вақтда барча ўрта таълим муассасаларида саводхонлик кечалари бўлиб ўтади. Мактабнинг ички тартиб тамойиллари инкор қилгани боис, саводхонлик байрами серҳашам ресторанда ўтадиган бўлди. Гарчи ушбу шодиёна фарзандимга чексиз қувонч бахш этган бўлса-да, она, қолаверса, оддий томошабин сифатида менда яхши таассурот қолдирмади. Бу саводхонлик кечаси эмас хориж анъаналарига ҳамоҳанг кўнгилочар театрлаштирилган шоу эди.

Воқеалар ривожини кузата туриб, биз ота-оналарнинг чексиз орзу-ҳавасимиз болаликнинг беғубор айёмига рахна солиб, уни ўз йўриғига солаётганидан ич-ичимдан ачиндим.

Ҳамон ёдимизда. Мактабдаги илк шодиёнамиз болалик хотираларимизни безаб туради. “Алифбе”даги қадрдон ҳарф ва ушбу ҳарф билан бошланадиган шеърни ўзимиз жам бўлиб безаган саҳнада ҳаммадан баланд овозда ўқиб бериш, ўзимиз айтган қўшиқ... унинг ҳаяжони ўзгача, энтикишларга тўла дамлар эди.

Таассуфки, бугунги саводхонлик байрамлари болаларимизнинг “алифбе”дан ўрганган сабоғи, ёдлаган шеърлари билан эмас, аксинча эгнига кийган қимматбаҳо кийимию, улар учун аталган театрлаштирилган шоулар, шоҳона дастурхон кўринишларида намоён бўлмоқда.

Ҳаттоки, болалар саводхонлик байрамини ўтказиш учун замонавий русумдаги машиналарда кафе-ресторанларга тантанали тарзда ташриф буюришмоқда. Бу билан биз ота-оналар фарзандларимизнинг кичиклигиданоқ дабдабага ўзи билмаган ҳолда эргашишига кенг йўл очиб бермоқдамиз. Энг ачинарлиси, ташаббускор ота-оналарнинг орзулари деб айрим ўқувчилар ҳатто, саводхонлик байрамига иштирок этолмай қолмоқда. Чунки, “беш қўл баробар эмас”...

Яқинда бир дугонам саводхонлик байрами учун фарзанди ўқийдиган мактабда ҳар бир ота-онадан юз минг сўмдан маблағ йиғилганини куйиниб айтиб қолди.

Ўйлаб қоласан киши, шунча харажат қилиб ўтказилган байрам фарзандларимизнинг олган билим даражасини, маънавиятини оширишга хизмат қила олармикин? Ёки унда иштирок этаётган, болаларни савиясиз чиқишлари билан ўзларига ром этаётган хорижий мултьфильм қаҳрамонлари – “Маша ва медведь”, “Шрек”, “Смурфлар”, “Бэтмен”, “Ўргимчак одам” каби қиёфадаги актёрларчи? Тан олиш керак, ҳозирда кўпгина тадбирлар юқорида келтирилган қаҳрамонларсиз ўтмай қолди. Эътиборлиси, ушбу образларга фарзандларимиз кўр-кўрона тақлид қилишмоқда.

– Миллий қаҳрамонларимиз иштирокидаги бир-биридан қизиқарли театрлаштирилган дастурларимиз бор. Афсуски, кўп ҳолларда ота-оналар бундай тадбирларда хорижий мультфильм қаҳрамонлари образида томошалар қўйишимизни талаб қилишади. Сабабини эса фарзанди ўша қаҳрамонни яхши кўриши билан оқлайди, – дейди актёр Алишер Фазлиддинов.

Бундан кўриниб турибдики, ушбу ҳолатда фақатгина бундай театрлаштирилган гуруҳларни айблаш ноўрин. Чунки, улар болалар ва ота-оналарнинг талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда томошалар кўрсатишади.

Дарҳақиқат, эътибор берадиган бўлсак, фарзандларимиз ойнаи жаҳон орқали эфирга узатилган фильмларни томоша қилгач, мультфильмдаги қаҳрамонлар улар учун ҳаётдаги энг севимли инсонга айланади. Ўзимизнинг Алпомиш, Широқ, Жалолиддин Мангуберди каби миллий қаҳрамонларимиз гавдалантирилган мультфильмлар мавжуд, аммо уларнинг сифат даражаси болаларни ҳайратлантиролмайди.

Бундан кўриниб турибдики, биргина саводхонлик байрамининг кўнгилдагидек ўтиши учун, унинг атрофида йўл қўйилаётган муаммолар ечимини барча жабҳадан қидириш лозим экан. Лекин шундай бўлса-да, ота-она, уларнинг ортиқча орзу-ҳавасга берилиши, болаларнинг ижтимоий ҳаёти, кимларга ҳавас қилиши, биринчи галда мактаб раҳбарияти ва ўқитувчилар зиммасига тушади. Агарки, синф раҳбари ўз сўзида қатъий талаб қўйиб, байрамни ортиқча дабдабалардан холи равишда ўтказса, ота-оналар ҳеч қандай эътироз билдира олмаслиги аниқ. Демакки, устозларнинг хайриҳоҳлиги ҳам ушбу беғубор байрамни орзу-истаклар исканжасида асл моҳиятини йўқотиб боришига сабаб бўлмоқда.

Ана шундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими томонидан айрим чекловлар ишлаб чиқилган бўлса-да, афсуски, бу қоидага барча таълим даргоҳларида ҳам қатъий амал қилинаётгани йўқ.

– Таълим муассасаларида бўлиб ўтадиган байрам тадбирларини тартибга солиш, жумладан, ортиқча дабдабозликка, пул йиғилишларига ҳамда ота-оналарнинг норозилига йўл қўйилмаслик мақсадида ҳар бир мактаб ва мактабгача таълим муассасаси раҳбариятидан, бошланғич синф ўқитувчиларидан кафолат хатларини олишни йўлга қўйганмиз, – дейди пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туман ХТМФМТТЭБ шўъба мудири Рўзибек Тўраев. – Унга кўра ўтказилаётган тадбирлар мактаб ички низомларига амал қилинган ҳолда тарбиявий аҳамиятга молик бўлиши белгиланган. Шундай вазиятларда эса афсуски, ушбу тантанали тадбирни айрим орзуманд ота-оналар даргоҳдан ташқарида ўтказишга ҳаракат қилади. Бунга эса биз ҳам, мактаб раҳбарияти ҳам йўл қўймаслигимиз зарур.

Теглар:#2017/5

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
ХОТИН-ҚИЗЛАР БИЛАН ИШЛАШ ЁХУД ИСТИҚБОЛ ОДИМЛАРИЖамият

ХОТИН-ҚИЗЛАР БИЛАН ИШЛАШ ЁХУД ИСТИҚБОЛ ОДИМЛАРИ

Оила ва гендер илмий тадқиқот институтининг истиқболдаги фаолияти тўғрисида тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Оила ва хотин қизлар қ

07.03.2024781
Глаукома ёхуд кўк сув қандай хасталик?Тиббий сабоқлар

Глаукома ёхуд кўк сув қандай хасталик?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, кўзи ожизлик ва кўрликка олиб келувчи касалликларнинг энг кўп қисмини глаукома ташкил қилади. Глаукома (кўк сув ёки назла) кўз

23.12.2022284
Алалия ёхуд гапира олмасликТиббий сабоқлар

Алалия ёхуд гапира олмаслик

Алалия – гапириш қобилиятининг умуман йўқлиги ёки «қўпол» кўринишда бўлиши. Ҳомила пайтида ёки 3 ёшгача бўлган болалик даврида мия гапириш марказининг бузилиши ҳисобига келиб чиқад

29.12.2022248
12 ёш психологияси ёхуд ёш ота-оналарга маслаҳатларТиббий сабоқлар

12 ёш психологияси ёхуд ёш ота-оналарга маслаҳатлар

Нима учун айнан 12 ёш психологияси ҳақида ёзаяпман. Ҳадисда 12 ёшгача бўлган даврдаги тарбияга алоҳида урғу берилган. 12 ёшдан кейинги тарбия – бу кечиккан тарбия. Тарбия ҳомиладан

14.12.2023194