“Пойтахт” бизнес-марказида “Саломатлик – 2020” мақсадларига эришиш: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида халқаро анжуман ўтказилди.
Маълумки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси томонидан инсон саломатлиги ва бўлажак насллар камолотига салбий таъсир этаётган тиббий-ижтимоий, иқтисодий, экологик муаммоларнинг олдини олишга йўналтирилган “Саломатлик – 2020” стратегияси ишлаб чиқилган.
Мазкур стратегия доирасида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро анжуманда давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, миллий ва хорижий экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимизда “Соғлом бола йили” Давлат дастурида ҳам ўз аксини топган “Соғлом она – соғлом бола” ғоясини ўзида мужассам этган миллий дастур ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилмоқда. Тиббиёт муассасаларини модернизациялаш, жаҳон илм-фани янгиликларини амалиётга кенг жорий этиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда соғлиқни сақлаш тузилмалари билан бир қаторда кўплаб давлат ва жамоат ташкилотлари ҳам фаол иш олиб бораётир.
– Ўзбекистон инсон саломатлиги ва камолотига йўналтирилган сармоя ва эътиборни доимий ошириб бораётган давлатлардан биридир, – дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси вакили, доктор Агис Цоурос. – Юртингизда касалликларнинг олдини олиш, тиббий-ижтимоий барқарорликни таъминлаш, оналик, болаликни муҳофазалаш борасида ўзига хос тажриба орттирилган. “Саломатлик – 2020” стратегиясини жорий этиш борасида ҳам кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги илғор тажрибани ўрганиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш жамиятни янада равнақ топтириш ва инсон саломатлигини муҳофазалашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Бунинг натижасида халқимизнинг ўртача умр кўриш кўрсаткичини узайтириш, оналар ва болалар ўлимини камайтириш, санитария-эпидемиология муҳитини барқарор сақлаш, касалликларнинг олдини олиш ва самарали даволашга эришилмоқда. Тиббий-ижтимоий соҳада эришилаётган бундай ютуқлар халқаро миқёсда ҳам муносиб эътироф этилмоқда.
Хўш, “Саломатлик – 2020” лойиҳаси қандай вазифаларни ўз ичига олади? Хусусан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг Европа минтақаси Минтақавий қўмитаси 63-сессиясида Ўзбекистон ҳам қатор манфаатдор давлатлар сафида ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган эди. Мазкур стратегия қабул қилинганига деярли бир ярим йил бўлди. Айни кунларда баъзи мамлакатларда “Саломатлик – 2020” ташаббусига асосланган миллий стратегик дастурлар, айримларида эса жорий этилган соғлиқни сақлаш амалиёти натижаларига мувофиқлаштирилган алоҳида стратегиялар ишлаб чиқилиб ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Умуман олганда, “Саломатлик – 2020” ташаббусининг сиёсий платформасидаги тамойиллар нафақат Европа минтақаси, балки қатор давлатлар соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш йўлидаги чора-тадбирлар самарасини кучайтиришга йўналтирилгани учун муҳим аҳамиятга эгадир.
“Саломатлик – 2020” лойиҳаси минтақаларда ноинфекцион ва инфекцион касалликларга қарши курашиш, шунингдек, соғлиқни сақлаш, аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий соғломлаштириш, молиявий муаммоларни ҳамкорликда бартараф қилиш каби асосий масалаларни ўз ичига олади.
Ўзбекистонда инфекцион касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш борасида муайян тажриба тўпланган бўлиб, ноинфекцион касалликлар профилактикаси бўйича ҳам қатор муҳим тадбирлар амалга оширилмоқда. Айни вақтгача Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳамкорлар иштирокида НИКнинг олдини олиш ва назорат қилиш бўйича концепция ва режалар лойиҳаси ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилиши кўзда тутилган.
Тадбир давомида ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси (ЕМБ) ва Женевадаги Бош қароргоҳи вакилларидан иборат делегация иштирокчилари стратегиянинг асосий тамойиллари ва унинг турли мамлакатларда жорий қилиш тажрибалари билан танишди.
Бу йўналишда етарли тажриба мавжудлигини инобатга олиб, Ўзбекистон ҳам ЖССТ ЕМБнинг соғлиқни сақлаш ривожини кўзлайдиган “Саломатлик – 2020” стратегиясига мувофиқ бирлаштирувчи ягона мақсадли ҳужжатни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш таклифини қабул қилди.
– ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси “Саломатлик – 2020” ташаббусини ижро этишга бел боғлаган барча давлатларга ёрдам беришга тайёр, – дейди ЖССТ ЕМБнинг Минтақавий директори Жужанна Якаб. – Биз “Саломатлик – 2020” лойиҳасидаги мақсад ва вазифалар фаолиятимизнинг барча йўналишларида устувор ўрин эгаллашини таъминлашимиз керак. “Саломатлик – 2020” ташаббуси нафақат соғлиқни сақлаш секторининг, балки аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни ўз бурчи деб билган барча давлат ва нодавлат секторларининг эзгу мақсадларини ўзида ифода этади. Ҳаммамиз бирлашсак, минтақалар бўйлаб аҳоли саломатлигини яхшилай оламиз, шунингдек, кам таъминланган қатламлар вакилларини баҳоли қудрат қўллаб-қувватлаймиз.
Амалий очиқ мулоқот тарзида ўтган халқаро анжуманда “Саломатлик – 2020” ташаббуси доирасидаги вазифаларни бажаришда Ўзбекистон катта ижобий тажрибага эга экани ва мамлакатимизда соғлиқни сақлаш борасида амалга оширилаётган ишлар кўплаб бошқа ривожланаётган давлатлар учун намуна бўлиши мумкин, деган хулосага келинди.
Халқаро анжуманда “Саломатлик – 2020” стратегиясининг асосий тамойиллари ва йўналишлари, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида эришилаётган ўзига хос натижалар, тиббий-ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда давлат ва жамоат ҳамда халқаро ташкилотлар ҳамкорлиги натижаларига бағишланган маърузалар тингланди, ўзаро фикр алмашилди.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
СаломатликҲомиладорликда тишларни даволатиш мумкинми?
Ҳомиладорлик – аёл организмида катта ўзгаришлар юз берадиган палла. Хусусан, бу даврда тишлар ва милк билан боғлиқ айрим муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Хўш, бундай пайтда аёллар ти
СаломатликЎқувчилар таомномаси қандай бўлиши лозим?
Соғлом фарзанд оила қувончи, ота-онанинг бахти, ҳаёт давомчиси ҳисобланади. Шу боис ҳар бир оилада бола парваришига, унинг соғлом таомланишига алоҳида эътибор қаратилади. Ўғил-қизл
СаломатликОртиқча вазнли инсонлар учун соғлом овқатланишнинг 5 та муҳим қоидаси
1-қоида. Кунда 3 маҳал асосий овқатланиш шарт: – нонушта; – тушлик; – кечки овқат. Асосий таомни имкон борича, қорин очмасдан бир вақтда истеъмол қилиш керак. Шунингдек, асосий овқ
Эрталаб нонушта қилишга одатланинг, акс ҳолда…
Баъзилар ишга ёки ўқишга шошилиб, эрталаб тамадди қилишни унутиб қўйса, айримлар нонушта қилишни хоҳламайди. Аммо бу ҳолат мунтазам давом этса, инсон организми учун жиддий оқибатла
