Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

РЎЙИ ЗАМИН САЙҚАЛИ САМАРҚАНДГА САЁҲАТ

21.04.2015
82 марта ўқилди
РЎЙИ ЗАМИН САЙҚАЛИ САМАРҚАНДГА САЁҲАТ

Азал-азалдан ўзининг болажонлиги билан улуғланиб келинаётган ўзбек халқининг қон-қонига сингиб кетган саховат, меҳр-оқибат, эзгулик, инсонийлик каби фазилатлар ҳамиша дунё аҳлини лол қолдириб келган. Ўзаро ҳамжиҳатлик ва бирликни қадрлаган элнинг қадри баланд бўлади. Шунданда бу юртда қут-барака, эзгулик, улуғворлик ҳукмрон.

Ана шу меҳр-оқибат туйғулари “Меҳрибонлик” уйлари, махсус мактаб-интернатларда, “СОС – болалар шаҳарчалари”да тарбияланаётган болажонларга кўрсатилаётган ғамхўрликда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Бугунги кунда меҳрга ташна ўксик кўнгилларнинг бошини силаб, уларнинг ҳеч кимдан кам бўлмаслиги йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг кўлами кенг.

Жорий йилнинг 25 март куни Тошкент шаҳридаги 22, 23,30-сонли “Меҳрибонлик” уйларидаги 50 нафар тарбияланувчиларнинг қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига саёҳати ташкил этилди.

Болажонларнинг баҳорги таътил вақтида дам олишларини мазмунли ва қизиқарли ташкил этиш мақсадида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” томонидан ташкил этилган мазкур саёҳатдан кўзланган мақсад ёш авлод қалбида она Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш, уларни ҳар томонлама комил инсон бўлиб вояга етишини таъминлашдан иборат. Миллий қадриятларимиз, тарихий бой меросимиз ва урф-одатларга содиқлик руҳида тарбиялашга беқиёс ҳисса қўшаётган кекса авлод вакиллари билан шаҳарнинг тарихий қадамжоларида “Кексалар – ёш авлод эъзозида” мавзусида саёҳатлар уюштириш белгиланган.

Саҳар сепини ёйиб чор-атроф қушларнинг ажиб сайроғига қулоқ тутган маҳал азим Тошкентдан гўзал Самарқанд сари йўлга тушган тезюрар поезд болажонларнинг шодлигига монанд гўё қанот боғлаб учарди. Йўл бўйи кўркам бинолар, қир-адирлар, ям-яшил майсалар, кўзни қувонтирувчи дала гуллари ортда қолиб кўзланган манзилга етиб келдик. Дастлаб тарбияланувчиларни Самарқанд темир йўл вокзалида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси вилоят минтақавий филиали директори Раҳима Раҳмонова, Самарқанд шаҳар Темирйўл ҳудудий нуронийлар кенгаши раиси Георгий Газаров, Самарқанд шаҳар “Нуроний” жамғармаси Аёллар қаноти раиси Гулбаҳор Ҳусаинова, жамғарма фаоллари Ҳанифа Эргашева, Исматилла Баҳриев, Гулруҳ Юсуповалар кутиб олишди. Сўнгра болажонлар темирйўл вокзали ёнидаги сўлим боғда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийларининг қизиқарли ҳикояларини тинглашди. Тарбияланувчилар ўзларига ажратилган махсус автоуловларда Вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари кузатувида сафарни давом эттиришди.

Саёҳат дастурига кўра тарбияланувчилар қадимий ва навқирон Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари, тарихий обидалари билан яқиндан танишдилар.

ҚУМ УСТИДАГИ ШАҲАР

Самарқанд “Буюк ипак йўли”даги табаррук шаҳар. Қадимда бу юртга келган савдогарлар унинг ўзига хос табиати, соф ҳавоси, зилол сувлари ҳақида фахр билан сўзлашган. Мазкур шаҳарда харидоргир бўлган самарқанд қоғози ҳали-ҳануз эъзозланиб келинади. Чунки, Хитой қоғозининг фақат юза қисмига ёзиш мумкин бўлгани ҳолда Самарқанд қоғозининг олд ва орқа тарафига ҳам бемалол ёзиш мумкин бўлган. Нафақат қоғоз савдоси, балки ҳунармандчилик, қишлоқ хўжалиги, саноат маҳсулотлари билан ҳам савдо-сотиқ ишларини амалга оширган савдогарлар албатта, бу элнинг меҳмондўстлигидан мамнун бўлишган, – дея саёҳатни қизиқарли бўлишига ҳисса қўшаётган йўлбошловчи Шомурод Рўзимуродовнинг сўзларини тинглаётган болажонлар бу қадимий шаҳар ҳақида янада кўпроқ маълумот олишга интилади.

Чўпонота тоғига туташ тарихий обидалар тарбияланувчиларда катта таассурот уйғотди. “Қумлик жой” ёки “Қум устидаги шаҳар” маъносини англатувчи Регистон мақбарасини томоша қилаётган ёш сайёҳлар бу тарихий обиданинг ХВ-ХВИИ асрларда бунёд этилганини билиб олишди. Регистон майдонида ҳукмдорларнинг фармонлари ўқиб эшиттирилган, турли тантанали тадбирлар ва байрамлар ўтказилган. Шунингдек, болажонлар 20 йилдан ортиқроқ вақт давомида қурилган “Шердор”, юлдузлар акси кўчган “Тиллакори” мадрасаларининг бой тарихи билан ҳам яқиндан танишдилар. Мирзо Улуғбек, Абдураҳмон Жомий, Али Қушчи каби буюк алломаларнинг бу ердаги мадрасаларда толиби илмларга сабоқ берганлари ҳақида бой маълумотга эга бўлишди.

ЗУМРАД КЎЗЛИ УЗУК

Оқ, пушти, тўқ бинафша рангда очилиб ям-яшил майсаларнинг чиройига-чирой қўшиб улар орасида худди узукка қўйилган зумрад кўз мисол яшнаб турган настаринлар “Улуғбек ёдгорлик музейи” мажмуасига янада кўрк бағишлаб турарди. Айниқса, ўзига хос астрономия мактаби яратган буюк аллома Мирзо Улуғбек Обсерваторияси ҳақидаги маълумотлар тарбияланувчиларни қизиқтириб қўйди. Силиндр шаклида қурилиб, 11 метр чуқурликда жойлашган мазкур Обсерваторияда Улуғбек бобомизнинг юлдузлар илмига оид тўплаган бой маълумоти дунё хазинасига қўшилган муносиб жавоҳирдир. Ўз замонасидаёқ ушбу ноёб маълумотлар деҳқончиликда кенг фойдаланилган. Қай вақтда экин экилиб, қайси пайтда ҳосил йиғиб олиниши илмий асосда аниқ ва тўғри белгиланган. Шунингдек, тунда йўлга чиққан карвоннинг юлдузлар жойлашувига қараб йўл топиши ҳам осонлашган.

Соҳибқирон Амир Темурнинг севимли набираси Мирзо Улуғбекнинг Самарқандга ҳукмронлик қилган даврларида шаҳарни юксалтириш йўлидаги олиб борган ишлари ҳақидаги ҳикояларни болажонлар жон қулоғи билан тинглашди. Улар мажмуанинг ҳар бир устун, ҳар бир ғиштига ўзгача меҳр билан боқар экан, буюк боболаримизнинг ноёб истеъдодига, қолдирган бой тарихий меросига лол қолишди.

МеҲРОБЛИ УЙ

Эрамиздан аввалги ВИИ асрнинг иккинчи ярмига мансуб “Меҳробли уй” лавҳаси акс этган Афросиёб музейидаги суратни томоша қилган тарбияланувчилар гўё эртаклар оламига кириб қолгандек бўлишди. Музейнинг намхуш ҳавоси ҳар бир экспонатнинг ғоят нафислик билан жойлаштирилгани бу ерда ўз касбининг усталари меҳнат қилишидан далолат бериб турарди. Турли даврларга мос қурилиш ашёлари, деҳқончилик анжомлари, устачилик асбоблари, қадимий печ ва бошқа уй-рўзғор буюмларининг барча-барчаси ўтмишдан сўзлаб турарди.

Қадим аждодаримизнинг кулолчилик ишлари, 2500 йилдан буён ўз кўркини йўқотмаган хумча, кумуш, мис идиш-товоқлар, қадимий тангалар, турли расмларни томоша қилган болажонлар музейдан бир олам таассуротлар билан қайтишди.

“ҚИЗ ГИЛАМ”

Қалампирнусха безаклар билан ишлов берилган қадимий гилам “Қизгилам” деб аталар экан. Ушбу гилам қанча қалин тўқилган бўлса совчилар унинг ижодкорига шунча кўп қалин пули тўлаб, келин қилишар экан. Ана шу ноёб ҳунармандчилик намунаси сақланаётган Ўзбекистон Маданияти тарихи давлат музейи нафақат Самарқанднинг кеча ва бугунидан балки, юртимизнинг бошқа вилоятлари тарихидан ҳам сўзлаб турарди. Тошкентлик чеварларнинг тиккан палаги, қадим Хоразм либослари, бухоролик зардўзларнинг қуббали дўппилари, Наманганнинг сержило атласи, Қашқадарё гиламлари барча-барчаси аждодларимизнинг юксак диду маҳоратидан дарак бериб турарди. ХИХ асрга мансуб Бухоро дастшўйи, жом коса шунингдек, сопол идишлар, қурол-яроғлар, ранг-баранг матолар болаларни яна бир бор қадим ўтмиш саёҳатига чорлади.

Улар музейда сақланаётган қадим қадриятларимиз илдизи бўлмиш каштачилик, чилангарлик ва устачиликнинг ноёб дурдоналари билан яқиндан танишдилар.

Юз йиллик сўзаналардаги анор гуллари серфарзандлик , чамандек очилган гуллар ҳаёт гўзаллиги, ғунчалар ёшлик рамзи бўлиб, ипак ип ва табиий толали қатимларга табиий бўёқда ишлов берилгани боис сўзаналар ҳали– ҳануз ўз ҳуснини йўқотмаган. Шунингдек, машҳур сополсоз усталар ясаган буюмлар музейнинг фахрига айланган.

ТААССУРОТЛАР БИР ОЛАМ

Максим Терентев, Тошкент шаҳридаги 23-”Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчиси: “Самарқанд шаҳридаги тарихий обидаларнинг гўзаллиги ва улар ҳақидаги ҳикоялар менда катта таассурот қолдирди. Айниқса, Регистон майдони, “Шердор”, “Тиллакори” мадрасалари безаклари менга жуда манзур бўлди”.

Икрор Одилов, 6 синф ўқувчиси 23-”Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиси: “Саёҳатдан олган таассуротларим ҳақида синфдош дўстларимга сўзлаб бераман. Шунинг учун Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар ҳақидаги ривоят ва афсоналарни, ҳикояларни, жойларнинг номланиш тарихини мукаммал ёзиб олдим. Чунки, бу қадимий шаҳар ёдгорликлари менда катта қизиқиш уйғотди.

– Диана Яранова, 30 –”Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиси: “Ушбу саёҳат давомида менга Самарқанд музейларида сақланаётган турли-туман кашталар, сўзаналар, замин дўзи ва зардўзи дўппилар жуда ёқди. Уларнинг расмини чизиб олдим. Гулларини дугоналарим билан ҳамжиҳатликда тикиб кўрмоқчиман. Чунки, муассасамиздаги “Моҳир қўллар” тўгарагида бичиш-тикиш, каштачилик учун барча имкониятлар яратилган.

– Дамир Евенков, 8-синф ўқувчиси:”Математика, геометрия, география фанларига қизиқаман. “Тиллакори” мадрасасига борганимизда у ерда геометрик ўлчамлар билан аниқ ўлчамларда олинган минбар, симметрик шаклда қурилган деворларнинг сержило жозибасидан ҳайратга тушдим. Саёҳатдан қайтгач ўз таассуротларимни расмларда акс эттирмоқчиман.

Саёҳат дастури якунланиб бир олам таассуротлар билан Тошкентга қайтган болажонлар “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан яратилган бундай имкониятдан чексиз миннатдор эканликларини изҳор этишди.

Дарҳақиқат, қадим аждодларимизнинг бизга қолдирган тарихий бой меросини кўз қорачиғидек асраб келгуси авлодларга бус-бутун етказиш барчамизнинг муқаддас бурчимиз. Бугун қадим ва навқирон Самарқанднинг ҳар бир обидаси қаршисида чексиз ҳайратга тушган болажон эртага ўзи ҳам худди шундай мўъжизавий иншоотлар яраца не ажаб. Бир сўз билан айтганда она Ватан нафақат уйимиз остонасидан балки қалбимиздан юрагимизнинг туб-тубидан бошланади. Бас шундай экан шу юртга, шу элга, унинг юксак тараққиёти ва ривожига, келажагимизнинг муносиб ворислари бўлмиш ёшларимизга асло кўз тегмасин.

Теглар:#2015/15

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241178
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221032
Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишидаЖамият

Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида

Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла

16.05.2022897
Йод етишмовчилиги жиддий муаммоЖамият

Йод етишмовчилиги жиддий муаммо

Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш

23.03.2023783