Рахит – бу касаллик нега куз ва қишда туғилган болаларда кўп учрайди?

Бир умрлик асоратларни қолдирувчи рахит хасталиги фақат кичик ёшдаги болаларда учрайди. У бола организмида Д витамини етишмаслиги натижасида келиб чиқади. Боланинг ривожланиши, хусусан, суякнинг ўсиши ва мустаҳкам бўлиши учун организмга кальций ва фосфор элементлари зарур бўлади. Д витамини эса кальций ва фосфорнинг ичакдан сўрилиши, уларнинг суяк, мушак ва бошқа аъзо тўқималарига етиб боришини бошқаради.
Агар организмда Д витамини етишмовчилиги кузатилса, боланинг кальций ва фосфор элементларига бўлган эҳтиёжи қондирилмайди. Бу эса, ўз навбатида, рахитни келтириб чиқаради. Кўпинча, ушбу касаллик кеч куз ва қиш ойларида туғилган болаларда учрайди. Сабаби, бу пайтда туғилган бола учун қуёш нури етарли бўлмайди.
Рахит касаллигидан сақланиш учун қуёшли кунларда ва эрталаб болани очиқ ҳавога олиб чиқиш жуда фойдали. Бу куннинг энг қулай вақти эрталаб соат 8:00 дан 11:00 гача, ёз кунлари кечки 18:00 дан кейин ҳисобланади. Очиқ ҳаводаги сайр болани чиниқтириш билан бирга организмда Д витамини ишлаб чиқарилишини кучайтиради. Ҳаттоки, ҳомиладор аёлнинг қуёш нуридан баҳраманд бўлиши ҳам фарзандида Д витамини етишмовчилиги бўлмаслигида муҳимдир.
Шунингдек, болага Д витаминига бой озиқ-овқатлар: мол гўшти, айниқса, балиқ, тухум ҳамда жигар маҳсулотларини бериш ҳам унинг рахит касаллигига чалинмаслигини таъминлайди. Гўдакка қўшимча маҳсулотлар берилмайдиган даврда она Д витаминига бой, кальцийга тўйинган озиқ-овқат: сут ва сут маҳсулотлари, туршак, ловия, хурмо, кўк пиёзни мунтазам истеъмол қилса, ушбу моддалар она сути билан бирга фарзандига ўтади ва унинг соғлом бўлишига замин яратади.
Рахитга чалинган болалар кўп безовта бўлади. Бот-бот қайсарлик ва инжиқлик қилади. Чироқ ёқилиши, қулоққа чалинган кутилмаган товушдан доим чўчиб тушадиган бўлиб қолади.
Бундай ҳолатларда тезда шифокорга мурожаат қилиш зарур. Касалликни боланинг гавда тузилишидаги номутаносибликлардан ҳам аниқлаш мумкин.
Агар болада рахит хасталиги белгилари сезилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак. Чунки ушбу хасталикни даволаш алоҳида муолажаларни талаб этади. Агар бошланғич ҳолати бўлса, Д витамини дорилари ва бошқа кальцийни кўпайтирувчи воситаларни истеъмол қилишнинг ўзи етарли бўлади. Аммо касаллик зўрайишининг олдини олиш учун бир неча чораларни ҳам кўриш мумкин. Хусусан, зарур бўлган ҳолларда шифокорнинг тавсиясига мувофиқ даво гимнастикаси, массаж, кварц лампаси билан нурлантириш амалиётлари ўтказилади. Даво чоралари ва махсус дори-дармонлар фақатгина мутахассис тавсияси билан истеъмол қилиш мумкин.
Касалликка чалинган болаларнинг иммунитети тушиб кетади, оқибатда юқумли касалликларга таъсирчан бўлиб қолади. Шунингдек, рахит камқонлик, суяклар юмшаши бўғимлар, мушаклар бўшаши, тишлар кеч ва бир текис чиқмаслигига олиб келади. Унинг оғир асоратларида боланинг анча вақтгача боши ва гавдасини тута олмаслиги кузатилади.
Бундан ташқари, вақтида даво чоралари кўрилмаса, бола вазнининг ортиб бориши натижасида суяклари қийшаяди. Бошининг пешона қисми олдинга, энса қисми эса орқага туртиб чиқади, умуртқа поғонаси букчайиб қолади, кўкрак қафаси пастга қараб кенгайиб кетади, оёқ «Х» ёки «О» шаклида қийшаяди, ясси оёқлик ривожланиши мумкин.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
ТабобатКомпьютер қаршисида узоқ вақт ишловчилар кўз касалликларидан қандай ҳимояланиши керак?
Бугун аксарият одамлар асосий вақтини компьютер қаршисида ўтказади. Айниқса, бу қурилма дизайнер, дастурчи, копирайтер, маркетолог, оператор каби кўплаб замонавий касб эгалари ва о
Тиббий сабоқларАломатларсиз иситма нима сабабдан чиқади?
Иситма – турли касалликлар белгиси. Аммо тиббиётда аломатларсиз тана ҳарорати кўтарилиши ҳолатлари ҳам учраб туради. Бундай вазиятда янглиш ташхис ва нотўғри муолажа беморнинг сало
Тиббий сабоқларБолалар учун ингаляция: ота-оналар билиши шарт бўлган қоидалар
Совуқ ҳарорат аксарият ҳолларда саломатликка салбий таъсир қилиши аниқ. Оқибатда турли вирус ва бактериялар таъсирида грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар кўпаяди. Айниқса
Тиббий сабоқларАнтибиотикларни қабул қилгандан кейин ичак микрофлорасини тиклашда...
Антибиотиклар – инфекцияли касалликларни даволашда энг самарали воситалардан. Аммо улар фақат зарарли бактерияларни эмас, балки ичакдаги фойдали микроорганизмларни ҳам «ўлдиради».
