
Истиқлол йилларида юртимизда “Ҳар бир болага меҳр ва эътибор” шиори остида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, кўплаб таълим ва спорт муассасалари қуриб фойдаланишга топширилиб, мавжудларининг фаолияти ва уларнинг моддий техник базаси такомиллаштирилмоқда. Шу билан бир қаторда ижтимоий ҳимоя йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам ўз самарасини бермоқда. Мамлакатимизда мавжуд “Меҳрибонлик” уйлари, “СОС – болалар маҳаллалари” ва “Оилавий болалар уйларининг” тарбияланувчилари учун ҳақиқий оила муҳити яратилмоқда.
Буни биргина, Навоий вилояти Навоий шаҳридаги “Меҳрибонлик” уйида тарбияланаётган ўғил-қизларни Ватан равнақига дахлдорлик ҳисси билан улғайишлари учун барча имкониятлар мавжудлиги мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
120 ўринга мўлжалланган мазкур муассасада бугунги кунда 109 нафар (45 нафари қиз бола, 64 нафари эса ўғил бола) тарбияланувчи истиқомат қилади. Муассасанинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, барча болалар ёшига кўра гуруҳларга бўлинган. Масалан, “Фарҳод” гуруҳида ўн ёшдан, ўн уч ёшгача бўлган 13 нафар ўғил бола бор. “Ситора” гуруҳида эса тўққиз ёшдан, ўн бир ёшгача бўлган қизлар бор. “Ширинтой” гуруҳида мактаб ёшигача бўлган болажонлар бор. Шу тариқа болажонлар “Алпомиш”, “Барчиной”, “Лочин”, “Хумо”, “Темурийлар” каби саккизта гуруҳга бўлинган.
Ҳар бир гуруҳнинг хоналари ҳам алоҳида. Ҳар бир хона маиший техника ва зарур жиҳозлар билан таъминланган. Болалар учун барча шароитлар яратилган. Гуруҳ ётоқхоналарида алоҳида каравот ва шахсий буюмлар учун кийим жавонлари ўрнатилган. Ҳар бир гуруҳга алоҳида тарбиячилар тайинланган бўлиб, болаларнинг муассасадаги ва мактаб ҳаётидаги фаолияти тарбиячилар томонидан доимий назоратда.
Болаларнинг кун давомида овқатланишлари санитария талабларига тўлиқ жавоб беради. Таом учун маҳсулотлар ҳар куни эрталаб олиб келинади. Янги ва яхши озуқалар болаларнинг соғлом улғайишларини кафолатлайди.
“Иссиқ жоннинг иситмаси бўлади”, дейди халқимиз. Айниқса, кичик ёшдаги болажонларнинг организми турли касалликларга қарши чидамсизроқ бўлади. Шу боис муассасада махсус шифокорлар хонаси ташкил этилган. Малакали ҳамширалар ҳафтанинг ҳар шанба куни барча болаларни тиббий кўрикдан ўтказади. Шундан бўлса керак, тарбияланувчиларнинг ҳали бирортаси жиддий касаллик билан оғриган эмас. Шифокорлар болажонларни хасталанмаслигининг олдини олиб профилактика мақсадида тиббий кўрик ўказадилар.
Муассасада мўжаз кутубхона ҳам мавжуд. Бу ерда болаларнинг ўқиб-изланишлари учун етарлича китоблар бор. Кутубхонага қўшни хонада дарс тайёрлаш синфхонаси ҳам ташкил қилинган. Болалар кечки нонуштадан сўнг биргаликда дарс тайёрлайди.
– Мен масканимизни ёш билимдонлар уйи деб атайман, – дейди кутубхона мудираси Н.Ядгарова. – Болалар соатлаб мутолаа қилишади. Чет тилидаги адабиётларни ўқиш орқали тил ўрганиш малакаларини ҳам ошириб боришмоқда. Ҳорижий тилларда чоп этилган янги-янги адабиётларни ҳам олиб келишимизни сўрашганда, кўнглим кўтарилади. Ўқиган адабиётларини муҳокама қилиш орқали эса ўз мустақил фикрларини ифодалаш билан бир қаторда уни ҳимоя қила олиш хусусияти ҳам шаклланиб бормоқда, десам муболаға бўлмайди. Бир сўз билан айтганда улар мустақил шахс сифатида улғаймоқдалар.
Албатта, илм сарҳад билмас бўстондир. Болаларнинг ўқишга бўлган иштиёқи эртанги кунга бўлган интилишидан далолат беради. Муассаса ходимлари болаларни доимий қўллаб-қувватламоқда. Масканда ёзувчи ва шоирлар билан ижодий кечалар ўтказилади. Давра суҳбатида болажонлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш билан бир қаторда, ижод намуналаридан ҳам ўқиб беришади. Бундайин тадбирлар натижасида ёш ижодкорларнинг қалами чархланмоқда. Бу йили бўлиб ўтган Зулфия номидаги давлат мукофотининг шаҳар босқичида муассасанинг беш нафар қизи иштирок этди. “Барчиной” гуруҳи тарбияланувчиси Зигурис Екатерина вилоят босқичида фаол иштирок этди. Рус миллатига мансуб бу қизалоқ ўзбек шериятига чуқур меҳр қўйган.
Муассасада тарбияланаётган мактаб ёшидаги болалар шаҳардаги 1-сонли, 16-сонли ва 18-сонли умумтаълим мактабларида таҳсил олади. Болажонлар ўз қизиқишига кўра шаҳар ҳудудидаги ҳамда “Меҳрибонлик” уйидаги ички тўгаракларга тўлиқ жалб этилган. Муассасада “Моҳир қўллар”, “Рассомчилик”, “Компютер саводхонлиги”, “Мусиқа”, “Спорт”, “Чет тили” тўгараклари фаолият юритмоқда. Шунингдек, ҳар бир тўгаракнинг ичида яна турли йўналишлар мавжуд. Масалан, “Спорт” тўгарагида футбол, теннис, баскетбол, сузиш, шахмат ва шашка йўналишлари фаолият кўрсатади.
Бундан ташқари, шаҳардаги 1-сонли мусиқа мактабида 30 нафар, 8-сонли мусиқа ва санъат мактабида 22 нафар, Баркамол авлод марказида ташкил этилган “Бисерчилик” тўгарагига 20 нафар, “Ёш музейшунос” тўгарагига 20 нафар, тарбияланувчилар таҳсил оладиган мактабларнинг турли фан ва спорт тўгаракларига 46 нафар, “Сўғдиёна” спорт саройидаги “Қиличбозлик” тўгарагига 2 нафар, “Енгил атлетика” тўгарагига 3 нафар, “Қизилқум” профессионал футбол клубига 13 нафар тарбияланувчи жалб қилинган.
– Уч ёшимдан буён спортнинг карате тури билан шуғулланаман, – дейди тарбияланувчи Азизбек Ҳайдаров. – Қатор мусобақаларда иштирок этиб, шохсупага кўтариляпман. Ҳаракатларимни асло тўхтатганим йўқ. Ўзимнинг фахрли ютуқларим билан юртимнинг ғамхўрлигини, бизга билдирган ишончини оқлайман. Масканимизда, мактабдаги, тўгаракдаги дўстларим даврасида жуда бахтлиман. Бир бола учун қанча имконият, шароит зарур бўлса барчаси муҳайё.
– Болаларимиз ўта иқтидорли, интилувчан, ҳар бирининг қатъий мақсади ва белгилаб олган йўли бор, – дейди муассаса директори Д.Орзиева. – Мен болаларим билан фахрланаман. Вилоятдаги, Республика миқёсидаги барча мусобақаларда фаол иштирок этишга ҳаракат қилади. Кўпчилиги фан олимпиадаларида ғолиб бўлган. Яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, барча соҳаларда ўз иқтидорини намойиш этиб келишмоқда. Муассасамизда турли миллат болалари тарбияланади. Улар ака-ука, опа-сингил бўлиб бир-бирларига тиргак бўлишмоқда. Дўстлик, ҳамжиҳатлик тушунчалари болаликданоқ уларнинг онгида шаклланиб бормоқда. Буларнинг барчаси, ҳукуматимиз томонидан ёш авлодга яратаётган шарт-шароитларининг самарасидир.
Дарҳақиқат, ҳамжиҳатликда ҳикмат кўп. Болаларни юртга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат, миллатлараро тотувлик руҳида камол топиши учун муассасада турли тадбирлар, давра суҳбатлари, муқаддас қадамжоларга саёҳатлар уюштирилади. Яқинда бўлиб ўтган 9-май – Хотира ва қадирлаш куни муносабати билан болажонлар Нурота туманидаги “Нурато” зиёратгоҳига боришди. Сафар давомида мазкур зиёратгоҳнинг тарихи, эски қалъа ривоятларини эшитиб, ўзлари учун янги маълумотлар олдилар. Нур таратиб турган сарчашмадан сув ичиб, ундаги ҳеч қаерда учрамайдиган ғаройиб балиқларни томоша қилишди. Бир олам таассуротлар билан қайтган болалар диёримизнинг мислсиз тароватидан, аждодларимизнинг улкан ишларидан қалблари фахрга тўлди.
– Масканимизда ташкил этилган кутубхонадаги бадиий адабиётларда олимларимизнинг ишлари тўғрисида кўп ўқиганман, аммо буларни ўз кўзим билан кўриб ҳис этганим ўзгача завқ бағишлади, – дейди “Ситора” гуруҳи тарбияланувчиси Муҳайё Жумаева. – Хотира ва қадрлаш куни, бу куннинг халқимиз ҳаётидаги ўрни нечоғли аҳамиятга эга эканини улғайганим сайин чуқурроқ англаб етяпман. Мустақиллик шарофати билан ёшларнинг тақдири давлат сиёсати даражасига кўтарилгани мен ва дўстларимнинг келажакка бўлган умид ва интилишига қанот бўлмоқда.
Дарҳақиқат, эзгулик тушунчаси элимизнинг қон-қонига сингиб кетган қадриятлардан биридир. Бу қадрият руҳида камол топаётган ёшлар аждодларга муносиб авлод бўлишлари шубҳасиз. Болаларнинг қўлга киритаёган ютуқлари, тинимсиз ўқиб-изланишлари, интилишлари заминида қалбида Ватанга чексиз муҳаббат, унинг равнақи учун ўз ҳиссасини қўшишга бўлган иштиёқни кўриш мумкин.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
Тиббий сабоқларСамарқанддаги иккита меҳрибонлик уйига 30 миллион сўмдан ҳомийлик ёрдами кўрсатилди
Шу йилнинг 9 октбярь куни Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчисининг турмуш ўртоғи Заида Граузе хоним ҳамда Фаластин давлатининг мамлакатимиздаги фавқулодда
СпортЧарчоқ билан кураш: қайси озиқ-овқатлар сизни тетиклантиради?
Кўплаб одамлар иш ва шахсий ҳаётдаги мажбуриятлар, етарли уйқунинг йўқлиги ва нотўғри овқатланиш туфайли чарчоқни бошдан кечиради. Бу фақат жисмоний ҳолсизлик билан чекланмайди, ба
СпортБола неча ёшдан спорт билан шуғулланишни бошлагани маъқул?
Фарзандлар соғлом ўсиши учун уларнинг тўғри овқатланиши билан бирга, жисмоний фаоллиги муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ота-оналар ўғил-қизлари учун спорт тўгараги танлашда уларнинг ёш
СпортСТРЕСС – БУ НИМА ВА У БИЛАН ҚАНДАЙ КУРАШИШ КЕРАК?
Бахт онлари саёҳатнинг охирги бекати эмас – ўзи(ми?) Ўз афзаллиги ва камчилигига эга оддий одамман. Ҳар куни барча каби турли даражали стрессларга учрайман. Атрофдаги воқеаларга т
