Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Қуёшдан баҳраманд ниҳоллар

12.05.2015
69 марта ўқилди
Қуёшдан баҳраманд ниҳоллар

Яқинда Бухоро шаҳридаги 32-сонли “Меҳрибонлик” уйига Франсиядан қўнғироқ бўлди. Муассасанинг собиқ тарбияланувчиси Юлдуз Суфиддинова навбатдаги спорт мусобақаларида унга ишониб топширилган ҳакамлик вазифасини аъло даражада уддалаганини тарбиячи опаларига қувониб сўзлаб берди. Бундай муваффақиятларининг замирида эса мазкур даргоҳда фаолият юритаётган барча устозларининг меҳнати ва ғамхўрлиги беқиёс.

Бухоро шаҳрида жойлашган 32-сонли “Меҳрибонлик” уйига бундай қўнғироқлар тез-тез бўлиб туради. Бу даргоҳда камол топаётган 90 нафар бола ҳам ана шундай улкан орзулар билан камолга етаётир. Зеро, бунинг учун уларда қулай муҳит, энг муҳими давлатимизнинг кўмаги ва ишончи бор.

Мазкур муассасанинг ташкил этилганига ҳали кўп бўлмаса-да, болажонлар учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Замонавий ётоқхоналар, кўркам ошхона, барча жиҳозларга эга компютер хоналари, кутубхона, тиббиёт хонаси – барча-барчаси болалар хизматига шай. Бунинг замирида эса болажонларнинг тинч ва хотиржам билим олиб, камол топтириш мақсади мужассам.

– Болаларнинг муваффақиятларидан қалбимиз фахрга тўлади, – дейди муассаса раҳбари Саида Шарипова. – “Меҳрибонлик” уйида 60 нафардан ортиқ ходим фаолият юритади. Бу ерда миллий ҳунармандчилик ва спорт йўналиши бўйича 13 та тўгарак мавжуд. Айни дамда тўгараклар Бухоро шаҳар “Баркамол авлод” болалар маркази, “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармасининг Бухоро филиали, 25-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, “Семурғ” спорт мажмуаси, 4-сон мусиқа ва санъат мактабидан жалб этилган устоз-педагоглар томонидан олиб борилади. Бу эса болани касбга йўналтириш ва улардаги мавжуд истеъдодни юзага чиқаришга хизмат қилади.

Муассаса тарбияланувчиси Азизабону Мамирова 2014-йилда бокс бўйича Болгарияда ўтказилган жаҳон чемпионатида иштирок этиб фахрли ўринни эгаллаб қайтди. Шунингдек, у Россия Федерациясида ўтказилган халқаро турнирда биринчи ўринни қўлга киритди. Гулҳаё Рамазонова ҳам спортнинг кураш спорт тури йўналишида муваффақиятга эришиб, мураббийларини мамнун қилди. Сурайё Мустафоева эса мусиқа ва санъат йўналишида ўз иқтидорини намойиш қилмоқда, келажакда устозларининг ундан умиди катта. Бундай иқтидорли ўқувчилар “Меҳрибонлик” уйида талайгина.

Айтиш лозимки, 32-“Меҳрибонлик” уйида тарбияланувчиларнинг ижтимоий ҳимоясига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Тарбияланувчилар “Меҳрибонлик” уйи яқинидаги умумтаълим мактабларига бириктирилган бўлиб, уларнинг билим олиш даражаси, дарсларни ўзлаштириши, таълим жараёнида ўйлантираётган масалалари юзасидан муассаса раҳбарияти ҳамиша назорат қилиб туради. Аммо тақдир тақозоси билан уч нафар тарбияланувчи 1-синфда ўқийдиган Жасмин Каримов, 3-синф ўқувчиси Пётр Горов, 5-синфда ўқийдиган тарбияланувчи Садриддин Жалилов мактабга қатнаб билим олиш имкониятига эга эмаслар. Аммо раҳбарият томонидан болалар учун инклюзив таълим тизими ташкил қилинган. Улар белгиланган дарс жадвали асосида малакали ўқитувчилардан сабоқ олишмоқда.

– Жасмин Каримов бош миянинг шикастланиши оқибатида ўнг оёғи ҳаракатдан қолган, – дейди муассасанинг ижтимоий муҳофаза масалалари бўйича директор ўринбосари Дилафруз Тошева. – Яқинда Жасмин Бухоро вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказди. Ҳозирда соғлиғи тикланган, аҳволи анча яхши. Бола ортопед-травматолог Алишер Икромов назоратида.

Меҳнат ортидан илиқ фикр билдириб, уни эътироф этиш кишига маънавий кўмак бўлиб, кейинги ишларига илҳом бағишлайди. Айниқса, бола амалга оширган меҳнати-ю, ижодига оз бўлса-да баҳо берса унда рағбат ва шижоатнинг кўтаринкилигига гувоҳ бўласиз. Болажонларнинг қобилияти ва истеъдодларини ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтириш мақсадида куни кеча мазкур гўшада “Камалак жилоси” кўрик-танлови бўлиб ўтди. Мазкур танловга “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, “Сен ёлғиз эмассан” республика жамоатчилик болалар жамғармаси хайриҳоҳ бўлишди. Танловда миллий ҳунармандчилигимиз, амалий санъатимизнинг сайқали бўлмиш каштачилик, рассомчилик, мис-кандакорлик, тасвирий санъат каби йўналишларда болалар ўз ижодини, меҳнатини намойиш этишди. Қизларнинг бежирим саватларга ҳарир матолардан, турфа мунчоқлардан ишлаган нафис гуллари чамандаги чечакларни эслатади. Ёҳуд ўғил болаларнинг чизган расмлари, мис-кандакорлик йўналишидаги ишланмалари киши эътиборини тортмай қўймайди. Буларнинг ортида эса устозларнинг меҳнати, ғайрати ўқувчиларга сабот билан берган таълим-тарбияси ва касбига фидойилиги яққол намоён бўлади. Муассаса раҳбарининг эътироф этишича, мазкур даргоҳда фаолият юритиб келаётган қатор тарбиячилар вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан мунтазам мукофотланиб борилади. Айниқса, ҳукуматимиз томонидан “Меҳрибонлик” уйи тарбиячиси Мамлакат Исматованинг “Шуҳрат” медали билан тақдирланиши қувончли воқеа бўлди.

Юқорида таъкидланган кўрик-танлов шартига кўра “Тасвирий санъат” йўналиши бўйича Шаҳзод Арипов “Бобом билан суҳбат” номли расми билан 1-ўринни эгаллади. Ясмина Гилмутдинова эса “Каштачилик” йўналиши бўйича чоклари тоза ҳамда текис сайқал берилган “Анор гули” деб номланган каштаси билан 1-ўринни эгаллади. “Моҳир қўллар” йўналиши бўйича Дилнора Тешаева “Оққуш” ва “Гулсават” номли ижодий ишлари билан қатнашиб, ғолиб бўлди. Нозимжон Бақоев “Кандакорлик” йўналишида танловда “Билакузук нақши” билан иштирок этди ва республика босқичига йўлланма олди.

– Яқинда саккиз нафар собиқ тарбияланувчимизнинг никоҳ тўйида иштирок этдик, – дейди муассаса раҳбари. – Уларнинг бахтли кунларига гувоҳ бўлдик. Ёш оилалар учун давлатимиз томонидан қуриб, фойдаланишга топширилган уч қаватли турар жойлардан ажратиб берилди. Бу эса уларнинг янада фаровон яшашига замин ҳозирлайди.

Теглар:#2015/19

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Чарчоқ билан кураш:  қайси озиқ-овқатлар сизни тетиклантиради?Спорт

Чарчоқ билан кураш: қайси озиқ-овқатлар сизни тетиклантиради?

Кўплаб одамлар иш ва шахсий ҳаётдаги мажбуриятлар, етарли уйқунинг йўқлиги ва нотўғри овқатланиш туфайли чарчоқни бошдан кечиради. Бу фақат жисмоний ҳолсизлик билан чекланмайди, ба

25.10.20241105
Бола неча ёшдан спорт билан шуғулланишни бошлагани маъқул?Спорт

Бола неча ёшдан спорт билан шуғулланишни бошлагани маъқул?

Фарзандлар соғлом ўсиши учун уларнинг тўғри овқатланиши билан бирга, жисмоний фаоллиги муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ота-оналар ўғил-қизлари учун спорт тўгараги танлашда уларнинг ёш

04.10.2024974
СТРЕСС – БУ НИМА ВА У БИЛАН ҚАНДАЙ КУРАШИШ КЕРАК?Спорт

СТРЕСС – БУ НИМА ВА У БИЛАН ҚАНДАЙ КУРАШИШ КЕРАК?

Бахт онлари саёҳатнинг охирги бекати эмас – ўзи(ми?) Ўз афзаллиги ва камчилигига эга оддий одамман. Ҳар куни барча каби турли даражали стрессларга учрайман. Атрофдаги воқеа­ларга т

13.08.2020333
Юртимизда халқаро бадиий гимнастика турнири ўтказилдиСпорт

Юртимизда халқаро бадиий гимнастика турнири ўтказилди

Пойтахтимиздаги Гимнастика федерациясида бадиий гимнастика бўйича халқаро турнир бўлиб ўтди. Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон гимнастика федерац

18.04.2022332