– Қизим, гулларни тикаётганингда игна оралиғига эътибор берсанг, катакчалар бир текисда ипак билан ёпилиб, кашта силлиқ ва чиройли чиқади. “Ироқи” каштачилиги бизга оналаримиздан мерос бўлиб қолган ҳунардир. У халқ миллий-амалий санъатининг ноёб тури бўлганлиги учун ҳозирда дунё ҳунармандлари эътиборини тортяпти.
– Ойи, мен ҳам катта бўлганимда худди сиздек “ироқи” каштачилигини мукаммал эгаллаб, ўз кўргазмаларимни ташкил этаман.
– Айтганинг келсин. Агар ҳунар ўргансанг, албатта, кун келиб эл-юрт олқишига эришасан. Ота-она дуосини олиб, устозга муносиб шогирд бўлиш катта бахт. Ҳузур-ҳаловатдан кечиб ҳалол меҳнат қилган одамгина муваффақиятга эришади. Сен ҳам ана шунга интилсанг албатта, орзу-мақсадларингга етасан...
Ҳа, “Ироқи” каштачилиги йўналишида моҳир уста, шаҳрисабзлик ҳунарманд аёл Гулнора Одилова ўз фарзанди, 5 ёшли Суғдиёна билан ана шундай суҳбат қурганига анча йиллар бўлди. 6 ёшида тиккан каштаси болалар боғчасидаги тенгқурлари ўртасида ўтказилган танловда 1-ўринни эгаллаб қўғирчоқ совға олгани ҳамон Суғдиёнанинг ёдида.
Болалигидан кашта тикиб, тунларни тонгга улаган, онаси ва бувисининг ёнида жажжи қўлчалари билан игна ушлаб, дастрўмолчалар тикиб, уни тенгқурларига улашиб вояга етган Суғдиёна ҳозирда устозлари каби моҳир каштачига айланди.
Суғдиёна Шаҳрисабз академик лицейида ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишида таҳсил олиш билан бирга, “Ироқи” каштачилигига меҳр қўйди, дарслардан бўш вақтида изланди, онасидан ўрганиб, янги кашта нусхаларини яратди. Миллий анъана ва қадриятларимизни ўзида акс этган “Ироқи” халқ амалий санъатини келажак авлодга етказишни мақсад қилди.
Айни пайтда, Суғдиёна Омонова республика “Ҳунарманд” уюшмаси Шаҳрисабз ҳудудий бўлими қошида ташкил этилган “Устоз-шогирд мактаби”нинг энг истеъдодли ўқувчиларидан бири. Суғдиёна 2-3 синфдаёқ мактабдаги устози Наби Муҳаммадиевдан араб каштачилиги ва ганжкорлик санъатини ўргангани, каштачилик соҳасида янги гул ва нақшлар яратишда қўл келди. Онаси ва иккинчи устози Ҳафиза Хушвақтовадан ўрганганларини эса тиккан кашта, сўзана, қопчиқ, ёстиқ, аёллар нимчалари, сумкалари, оёқ кийимларида жилолантириб, жонлантириб барчани ҳайратга солди.
Суғдиёна Омонова 2008 йилда Республика миқёсидаги “Янги авлод” болалар фестивалида “Тасвирий ва амалий санъат” йўналиши бўйича биринчи даражали диплом билан тақдирланди. Бугунги кунда унинг меҳр қўри ила тиккан маҳсулотлари давлатимизга ташриф буюраётган хорижлик сайёҳларнинг ҳам эътиборини тортмоқда.
– Ҳар ким ўзи севган касбни эгалласа, шу орқали катта муваффақиятларга эришади, – дейди қаҳрамонимизнинг онаси, “Ташаббус – 2006” Республика танлови ғолиби Гулнора Одилова. – Етти ёшидаёқ қизимнинг каштачиликдаги ютуқларини кўргач, келажакда ундан яхшигина дизайнер чиқишини англадим.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
ЖамиятХОТИН-ҚИЗЛАР БИЛАН ИШЛАШ ЁХУД ИСТИҚБОЛ ОДИМЛАРИ
Оила ва гендер илмий тадқиқот институтининг истиқболдаги фаолияти тўғрисида тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Оила ва хотин қизлар қ
Тиббий сабоқларБоланинг «тили чиқиши» кечикаяптими?
Бола гапиришга шошилмаётган бўлса, унинг отаси ёки онаси болалигида неча ёшдан сўзлай бошлаганига қизиқиш керак. У жиҳат унга ўз ота-онасидан мерос бўлгандир. Айрим оналар болам 3-
Тиббий сабоқларҚизамиқ кимлар учун хавфли?
Қизамиқ тана ҳароратининг кўтарилиши, юқори нафас йўллари, кўз шиллиқ пардаси, оғиз бўшлиғининг яллиғланиши ва терида қизил, йирик доғли тошмалар тошиши орқали белги беради. Касалл
Тиббий сабоқларҚизамиқ қандай хасталик?
Бугунги кунда болалар ва катталар ўртасида сувчечак ва қизамиқ касалликлари тез-тез учрамоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, эмлашдан бош тортганлар ҳисобига
