Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

“ҚИРҚ ҚИЗ”

27.10.2014
83 марта ўқилди
“ҚИРҚ ҚИЗ”

у ҳақида нималарни биласиз?

Чошгоҳ вақти. Борлиқ ҳам шомнинг оғушига ўз ихтиёрини топширгандек сукунатда. Алдамчи жимжитликка ишонмаган малика қирқ нафар канизаклари билан аста ортига ўгирилди. Ортда отасининг мағлубияти-ю, неча-неча қурбонлар... Аскарларининг Ватан учун тўккан қони уфққа туташиб кетгандек само қирмиз тус олган. Душман малика ортидан изма-из таъқиб этар экан сўнгги илинжининг шовуллаши унинг кўнглига умид шулъасини ёқарди. Сўнгги илинж – қаршисидаги асов дарё. Ор-номус қадри, эрк ва жасорат туйғуси малика ва унинг канизаклари томирида шу дарёдан ҳам кучлироқ, шиддатлироқ жўш урардики, бу куч уларга бир сония ҳам ўйлашга изн бермади. Лаҳза ўтмай юракдаги куч ва шиддат асов дарё билан қоришиб кетди...

Тошкент вилояти, Олмалиқ туманидаги “Қирққиз” зиёратгоҳи тарихи ана шу ривоят билан боғланади. Ҳозир бу ерда дарёнинг қуриши натижасида ҳосил бўлган қирқта ирмоқ мавжуд. Айтишларича, улар қирқта қизнинг кўз ёшлари эмиш. Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, чошгоҳ вақтида зиёратгоҳ атрофида қирққизнинг аламли йиғиси элас-элас эшитилиб турармиш.

Қирққиз ривояти номи билан боғлиқ зиёратгоҳлар Фарғона вилоятининг Сўх, Фарғона, Бешариқ, Охунбобоев, Олтиариқ туманларида, шунингдек, Корақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё вилоятида ҳам мавжуд. Қадимшунос Л.Толстовнинг таъкидлашича, “Қирқ қиз” номи билан боғлиқ ривоятлар ва халқ достонларининг илдизлари милоддан аввалги асрларда яшаган сак-массагетларидаги ривоятлар билан чамбарчас боғлиқ. Чунки, ўша даврларда қабилаларда жангчи қизлар бўлинмаларининг борлиги Юнон ва Рим тарихчилари томонидан ҳам тилга олинган. Бу аёлларнинг жасорати, шижоати, ҳарбий соҳадаги маҳорати эл оғзига тушиб, кейинчалик улар тўғрисида турли ривоят ва достонлар юзага келади. Шу тариқа жой номлари ҳам пайдо бўлган. Элшунос О.Муродовнинг ёзишича, Ўрта Осиё халқларида қадимдан “Қирқ қизлар”га илтижо қилиб, мадад сўраш одати ҳам мавжуд. Кейинчалик бу одат фолбин аёлларда сақланиб қолган.

“Қирқ қиз” ёки форсча “Чилдухторон” номли жойлар Ўрта Осиёда ҳам кўплаб учрайди. Айтиш жоиз, қирқ рақамини эъзозлаш туркий халқларда қадим замонлардан бошланганини деярли барча олимлар тасдиқлашади.

Афсона ва ривоятларда эл-юрт, ватан ҳимоячиси ёки душман таъқибидан сирли йўсинда ғойиб бўлган қирқ нафар соҳибжамол, гўзал қизлар образининг юзага келишида, қирқ сонининг сеҳрли рақам сифатидаги талқинлари ҳам муҳим ўрин тутган. Маълумки, қирқ рақами қадим замонларда саноқнинг охири вазифасини бажарган ва бўлиқлик, тўлиқлик, буюклик, илоҳий қудрат тимсоли маъноларини англатган. Қирқ рақами матриархат даврида ҳам кўплик тушунчасининг мифологик ифодаси вазифасини бажарган.

Қирқиз номи билан боғлиқ зиёратгоҳлар билан яқиндан танишар экансиз, юртимизда шунга ўхшаш кўплаб муқаддас қадамжолар, афсоналар мавжудлигига гувоҳ бўласиз. Тарихни ўрганиш асносида рақамлар ва афсоналарга эътибор бериш эмас, ундаги афсона ва ривоятларнинг замиридаги ибратли томонларни ўрганиш, унинг тарбиявий аҳамиятини англашдан иборатдир. Муқаддас зиёратгоҳларга меҳр ва ихлос қўйиш баробарида Ватанга, юрт тарихига ҳурмат ва эҳтиром туйғулари янада мустаҳкамланади.

Теглар:#2014/42

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241176
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221031
Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишидаЖамият

Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида

Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла

16.05.2022896
Йод етишмовчилиги жиддий муаммоЖамият

Йод етишмовчилиги жиддий муаммо

Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш

23.03.2023782