Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

ҚАНДАЙ МУТОЛАА ҚИЛАМИЗ

08.10.2012
100 марта ўқилди
ҚАНДАЙ МУТОЛАА ҚИЛАМИЗ

Ҳар биримиз, қайси касб эгаси бўлмайлик, имкон ва шароитимиздан келиб чиқиб, китоб билан муайян даражада мулоқотда бўламиз. Ўлчовли ҳаётимизнинг маълум бир қисмини шунга сарф қиламиз. Аммо қандай китоб ўқиш, унинг таъсири ва оқибатлари, умуман, нега китоб ўқиймиз, шу ҳақда барчамиз ҳам чуқурроқ ўйлаб кўрмаймиз. Ўтган йигирманчи асрнинг машҳур адибларидан бири, адабиёт соҳасида халқаро Нобел мукофоти совриндори Ҳерманн Ҳессе (1877-1962) ўзининг “Чўл бўриси”, “Демиан”, “Ғилдираклар остида”, “Маржонлар ўйини” ва бошқа кўплаб асарлари билан ном қозонган. Қуйида адибнинг мутолаа ҳақидаги мулоҳазаларини ўқишингиз мумкин.

Кўпчилик китоб ўқишни билмайди ва кўп кишилар нима учун ўқиётганини тузукроқ тушунмайдилар. Баъзилар буни ўқимишли бўлишнинг қийин ва ягона йўли деб билади. Улар учун ҳар қандай китоб кишини “ўқимишли” қилади. Бошқа бировлар учун эса ўқиш – дам олиш, шунчаки вақтни ўтказиш ва уларга нимани (мақола, роман, шеър, хабар ва ҳоказо) ўқиш барибир, зерикарли бўлмаса, бас.

Шунчаки дам олиш, вақт ўтказишни истаган ва “ўқимишли” бўлиш ҳақидагина қайғурган китобхон китобдаги дилни покловчи, кишини руҳлантирувчи қандайдир номаълум бир кучни сезади. Бироқ бу кучни у аниқ тасаввур этолмайди ва баҳолай ҳам олмайди. Бундай китобхон тиббиётдан мутлақо бехабар беморга ўхшайди, яъни айнан қайси дори кераклигини тушунмасдан, ҳар бир қутичадагидан татиб кўра бошлайди. Аслида, мутолаа борасида ҳам ҳар бир киши ўзи учун зарур бўлган, янги куч ҳамда руҳий таъсир бахш этадиган китобларни топа билиши керак эмасми?!

Биз, муаллифларга одамларнинг кўп мутолаа қилишлари, албатта, ёқимли ва айнан ижодкор томонидан, ҳаддан зиёд кўп ўқишади, дейилиши ноўриндир. Аммо мингта лоқайд китобхондан ўнта яхши китобхон дуруст. Шу боис, бемалол таъкидлашим мумкинки, ҳамма жойда ҳаддан зиёд кўп мутолаа қилишади ва бу - адабиёт учун обрў эмас, зиён келтиради. Китоб мустақил бўлмаган кишиларни яна ҳам маънавий заифлаштириш учун ёзилмайди, бундан ташқари, ундан баъзан ноқобил одамларга арзонгаров тасвир ҳамда осонгина ўзгартирилган ҳаётни кўрсатиш учун ҳам фойдаланишади. Китоблар инсонни ҳаётга йўллагандагина, унга хизмат қилгандагина фойдалидир. Агар китоб ўқувчига оз бўлса-да, куч-ғайрат, шижоат, маънавий поклик бахш этмаса, мутолаа учун сарф этилган ҳар бир соат беҳуда, бесамар бўлиб қолаверади.

Шунчаки ўқиш - бу диққатни тўплашга мажбур этувчи машғулот ва овуниш учунгина ўқиш - ўз-ўзини алдашдир. Лоқайд кишилар учун, умуман, бирор нарсадан овунишнинг ҳожати йўқ. Аксинча, улар ҳамма жойда диққат-эътиборли бўлишлари, қаерда нима билан машғул бўлишмасин, нима ҳақда фикр юритишларидан қатйи назар, ўзларини бутун вужудлари билан воқеалар гирдобида ҳис этмоқлари зарур.

Ҳаёт қисқа, унинг поёнида ҳеч кимдан ўқилган китоблар сони сўралмайди. Бирор фойдаси бўлмаса, ўқишга вақт сарфлаш ақллилик белгиси эмас, аксинча, кони зиён эмасмикан?! Мен бу ўринда фақат ёмон китобларни эмас, авваламбор сифатли мутолаа"ни назарда тутаяпман. Ҳаётда ҳар бир қадаминг каби ўқишдан ҳам бирон натижа кутилади. Мутолаадан янги куч-ғайрат олмоқ учун аввалига куч сарф этмоқ, ўзингни янада яхшироқ тушунмоқ учун олдин ўзингни "йўқотмоқ" керак бўлади.

Агар ҳар бир ўқилган китоб қувонч ва алам, шижоат ҳамда руҳий тазарру олиб келмаса, жаҳон адабиёти тарихини билишдан маъно йўқ. Фикр-мулоҳаза қилмасдан ўқиш – хушманзара табиат қўйнида кўзни боғлаб юрмоқ демакдир. Биз ўзимизни ва турмушимизни унутиш учун эмас, балки ҳаёт жиловини янада онглироқ равишда жиловлаш учун ўқишимиз керак. Китобга димоғдор ўқитувчига қараган қўрқоқ ўқувчи сингари эмас, балки энг баланд чўққини забт этмоққа шайланган шиддаткор алпинист каби ёндашмоқ талаб этилади.

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Мутолаа шифо(ми?)Маданият

Мутолаа шифо(ми?)

Китоб мутолааси нафақат инсон маънавияти, балки саломатлиги учун ҳам кони фойда эканини теран идрок этган ота-боболаримиз болалик чоғларимизданоқ бизни китоб ўқишга ўргатиб боришга

20.11.2020199
НУРЛИ МАНЗИЛЛАРГА ЭЛТУВЧИ МАЁҚМаданият

НУРЛИ МАНЗИЛЛАРГА ЭЛТУВЧИ МАЁҚ

Китоб – тафаккур булоғи. Ёшларимиз қанча кўп мутолаа қилса, шунча илм олади, дунёқараши бойийди, ҳаёт ҳақиқатини теран англайди. Оқни қорадан ажратади. Меҳр-оқибат, бағрикенглик, о

20.10.202097
Маънавият – билимлар асосиМаданият

Маънавият – билимлар асоси

Ташкент давлат техника университети “Геология қидирув ва кон металлургия” йўналишига тегишли ётоқхонада яшовчи талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш одат тусига айланган. Б

15.11.20241222
Халқаро кўргазма: кўриб чиқиш ва намойиш этиш платформасиМаданият

Халқаро кўргазма: кўриб чиқиш ва намойиш этиш платформаси

"Ўзэкспомарказ" павильонларида 15-юбилей Марказий Осиё "Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2024" халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Бу йил 15 йиллигини нишонлаётган C

12.09.2024431