Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Қалблар ғурурга тўлди

18.08.2016
43 марта ўқилди
Қалблар ғурурга тўлди

Ўтган ҳафта яқин дугонам қўнғироқ қилиб, ўғлини уйлантираётганини, тўйда иштирок этсам, боши осмонга етишини айтди. Тўй баҳона Қаршида яшайдиган яқинларимни ҳам кўриб, улар билан дилдан суҳбатлашиш истагида сафар тадоригини кўра бошладим.

Тонг саҳар яхши ниятлар билан йўлга чиқдим. Дастлаб “Афросиёб” тезюрар поездига чипта олдим. Қандай ажойиб! Поезднинг қулай ва шинам купелари беихтиёр, йўловчига кўтаринки кайфият бахш этади. Негадир, хаёлимдан талабалик йилларидаги йўл қатновлари ўта бошлади...

Ўша пайтлари бирор байрам яқинлашганда ёки имтиҳонлар тугаган кезларда ўн-ўн беш кун олдин ҳам поездга чипта топилмасди. Барибир йўлга чиқмасдан илож йўқ. Таътил бўлиши билан шоҳбекатга югурамиз. Вокзал одамларга тўла. Поезд йўлга қўйилиши заҳоти бир амаллаб вагон зинапояларидан кўтарилишга ҳаракат қилинарди. Чаққон йигитлар таваккалига ўзларини вагоннинг очиқ деразасига уриб, ичкарига отилишарди. Бир сўз билан айтганда, йўлга чиқиш азоб эди. Қаршидан жўнаган поезд ўн икки соатда Тошкентга кириб келарди.

Бугун-чи? Яратганга беадад шукурлар бўлсин! Ҳеч биримизнинг хаёлимизга келмаган мўъжиза! Тезюрар поездлар...

Тоза ва озода купеда кетяпмиз. Ҳамма ўз ўрнида. Хорижлик сайёҳлар ҳам бор. Улар Самарқанд, Қарши, Шаҳрисабзни томоша қилгани кетишаяпти. Кимдир газета ўқиган, кимдир қўлидаги ихчам компьютерга тикилган, кимлардир ширин суҳбат оғушида...

Биз ўтирган поезд шамолдек елиб шаҳар ва қишлоқларни, қир-адирларни бир зумда ортда қолдирди. Роппа роса уч ярим соатда Қаршига етиб келдик.

Дугонам кенжатой ўғлининг никоҳ тўйини Қарши шаҳридаги гўзал тўйхоналардан бирида ўтказди. Ҳамма кўтаринки кайфиятда. Бахтли кун эсда қоларли тарзда ўтди. Тўй соҳибларини қутлаб, келин-куёвга энг эзгу тилакларни билдирдик.

Эртаси куни ўғлим Ўзбекхўжа, келиним Дилафрўз, қизим Дилноза, куёвим Зиёдулла ҳамда шириндан шакар набираларим Асадбек, Фарзонахон, Фарангиз, Азизбеклар билан қадрдон масканимиз Қаршини айландик. Шаҳар тез орада таниб бўлмас даражада ўзгариб кетибди. Кенг ва равон йўллар киши ақлини шоширади. Қаранг-а, нақд эртаклар шаҳрига келиб қолгандекман! Кўркам ва замонавий кўп қаватли биноларнинг биринчи қаватидаги савдо дўконлари, маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари харидорлар ва мижозлар билан гавжум.

– Қарши бутунлай ўзгариб кетибди – ку! – дейман ҳайратимни яширолмай...

– Яқинда шаҳарда янги, замонавий турар жой иншоотларининг 32 таси фойдаланишга топширилди. Бу йил эса шундай уйлардан яна 25 таси қурилаяпти, – дейди қувонч билан ўғлим Ўзбекхўжа.

“Ўзбекистон” ва “Насаф” кўчалари кесишган жойдан ўтаяпмиз. Бу ерлар авваллари эски шаҳарнинг бир қисми эди. Қаранг, худди шу жойнинг ўзида 24 хонадонга мўлжалланган кўркам ва замонавий турар жой бинолари қад ростлабди.

– Яқинда Амир Темур кўпригини ойнаи жаҳон орқали кўриб, қувончимни ичимга сиғдиролмадим, – дейман яқинларимга.

Улар хурсанд ҳолда ана шу кўприк сари йўл бошлашади. Мана, тарихий иншоот устидамиз. Атрофга боқиб, лол қоласан киши. Олдинлари ҳатто тасаввуримизга ҳам сиғдиролмасдик, шундай гўзал ва обод жойлар барпо этилишини. Кўприк атрофидаги кенг майдонни эгаллаган хушманзара масканлар беихтиёр эътиборни тортади. Айниқса, биз – ёши элликдан ошган инсонлар учун бундай бунёдкорлик ишлари ҳақиқатан ҳам мўъжиза саналади. Кўприк атрофидаги кенг ер майдонлари одамларнинг ҳордиқ чиқариши учун сайилгоҳга айлантирилган. Дарё қирғоғидаги эски бинолардан асар ҳам қолмаган. Улар ўрнида барпо этилган гўзал хиёбон эса одамларни ўз бағрига чорлайди. Ёритиш ускуналарини айтмайсизми?! Улар тунни қувиб, атрофга ўзгача гўзаллик, чароғонлик бахш этади. Дарё соҳили бўйлаб кемалар тўхтайдиган тўртта жой қурилган. 51 та катамаран, 2 та туристик катер ва 4 та аттракцион дам олувчилар ихтиёрида. Кекса отахону онахонлар юзида табассум. Ота-онаси, ака-опаси билан атрофни томоша қилаётган шодон болакайлар қувончи оламга сиғмайди.

– Дарё қирғоғи бўйлаб юрсангиз коттежлар, кафе-бар, болалар майдончалари, сунъий қопламали спорт майдончаларини кўрасиз, ойижон! Шаҳримиз кундан-кунга чирой очаяпти, – дейди қизим Дилноза.

– Қаранг, дадажон, мана бу аскар сиз билан ишлайдими? – дея дадасини саволга тутади набирам Фарангиз.

– Дадажонимиз чегарачи!, – опасининг сўзини маъқуллайди Азизбек.

– Ҳа, болажонларим. Дадангиз Зиёдулла жасур ҳарбийлардан. Улар кун-у тун Ватанимиз сарҳадларини қўриқлайдилар. Шу боис, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Сизнинг дадангиз эса, ўғлим Ўзбекхўжанинг фарзандларига юзланаман, – нефть ва газ саноати сорҳасининг етук мутахассиси. Қизим Дилноза эса шифокорлик касбини танлаган... Шукрлар бўлсинки, ҳаммамиз эл-юрт хизматидамиз... Сизлар ҳам яхши таълим-тарбия олиб, бир нечта тилларни ўрганиб, замон талаблари даражасида билим олсангизлар Ватанимиз, халқимиз корига ярайдиган инсонлар бўласизлар...

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241178
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221032
Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишидаЖамият

Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида

Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла

16.05.2022897
Йод етишмовчилиги жиддий муаммоЖамият

Йод етишмовчилиги жиддий муаммо

Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш

23.03.2023783