Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Қалбим кўзи сенсан, болажон!

15.01.2015
51 марта ўқилди
Қалбим кўзи сенсан, болажон!

Меҳр инсонни комилликка етаклайди, умримизга умр қўшади, деганида, донишмандлар қанчалар рост айтишган. Ҳақиқатга кўз бўлувчи бу ҳаётий мушоҳадаларга ҳамоҳанг равишда меҳр ҳақида, эътибор ҳақида узоқ вақт тўлқинланиб гапириш мумкин. Меҳрнинг кучи, ҳатто яратувчанлик қудратига минглаб мисоллар келтирсак-да камдек.

“Меҳр” монументал санъат асари”. Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳридаги 12-сонли “Меҳрибонлик” уйи ҳовлисини бугун ана шу номдаги гўзал монумент безаб турибди. Икки олам, икки ҳаёт – икки фарзандини юксак оналик тафти билан эркалаб ўтирган буюк она сиймоси. Фарзанди учун, керак бўлса, жонидан-да кечишга тайёр дарёқалб аёл. Бир қараганда лаҳзалик тасвир. Аслида эса ўша лаҳзада олам-олам қувонч бор, олам-олам ҳақиқат яширин – уммон қўйнидек сарҳадсиз меҳр булоғи.

Яқинда йўлимиз туташ сабаб мазкур монумент очилиш маросимида қатнашдик. “Меҳрибонлик” уйидаги 75 нафар қоракўзнинг беғубор орзулари, мақсадлари билан ошно тутиндик. Уларнинг гоҳ болаларча самимий ва дилкаш суҳбатларидан завқландик, гоҳ ҳаёт, оила ва келажак ҳақидаги теран қарашларидан жунбушга келдик. Ҳар бир сўзингизга эътибор қилиб, диққат-ла қулоқ тутаётганидан, умуман олганда, бу тарбияланувчиларнинг ҳар бири етишиб келаётган катта қалб эгалари эканлигидан қувондик, чексиз фахрга тўлдик.

Муассаса директори Дилбар опа Сувонова эса ҳақиқий маънода бу ердаги болажонларнинг онасига айланган. Ўзи ҳам боладек беғубор, боладек самимий, дилкаш ва соддақалб бу аёлни кўрганимизда “наҳотки шу инсон раҳбар бўлса-я” деб ўйладик. Ва Дилбар опадан аввало шу хусусда сўрадик.

– Умрим болалар орасида ўтмоқда, – дейди Дилбар опа. – Чунки узоқ йиллар таълим муассасаларида фаолият юритишим давомида бу жажжи дўстларимга меҳрим орта борган. Бугунги кунда эса мендан бахтли инсон йўқ. Сабаби атрофимда болажонлар, қайсидир маънода менинг болаларим кўп. Улар билан мириқиб суҳбатлашиш, кулишиб, диллашишдан ҳам ортиқ ҳузур бормикин дунёда?!

Меҳрибон аёл, дарёқалб она қалбидан мавжланаётган бу иқрорга шунчаки қулоқ тутиб бўлмайди. Сабаби Дилбар опанинг ўзидек кулиб турувчи кўзларида болага хос ҳайрат, жажжи қизалоқ кулгусидек самимият порлаб туради. Айниқса, “Меҳр” монументал санъат асари” очилиш тадбири давомида иштирокчи болажонларнинг исми-ю, нимага қизиқиши, ҳатто қайси овқатларни яхши кўришигача бехато ҳикоя қилиши бизни ҳайратда қолдирди. Тадбир якунидан сўнг Дилбар опа бизни бу ердаги шарт-шароитлар билан атрофлича таништирди.

– “Меҳрибонлик” уйимизда барча шароитлар яратилган, – дейди Дилбар опа бизни аввало болалар ётоқхонасига бошлаб борар экан, – Муҳтарам Юртбошимизнинг бевосита ғамхўрлиги ва эътибори натижасида “Меҳрибонлик” уйимиз қисқа муддатда энг замонавий ўқув хоналари, ётоқхоналар, ошхона ва спорт зали, дам олиш хоналари ва энг муҳими, каттагина кутубхона билан таъминланди.

Изоҳга ҳожат йўқ. Кўрганларимиз ҳақиқатдан киши ҳавасини келтиради. Бир пайт биз билан ёнма-ён юрган сочлари силлиқ таралган болакай айтган хабарга рости бир муддат ишонқирамай турдик: “менинг ўттиз уч қути асалариларим бор. Уларга ўзим қарайман”.

– Бу Исломжон. У тарбияланувчилар учун ҳомийларимиз томонидан парваришланаётган асалариларни назарда тутяпти, – дея асаларисевар Исломжоннинг гапларига тушунтириш бера бошлади директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Алишер ака Қиличов. – Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бойсун тоғларида бизнинг 400-500 бош қўйимиз ҳам бор. У ерга ҳар йили болажонларимизни сайрга олиб чиқамиз. Иссиқхоналаримизда эса лимон етиштирамиз. Куз ва қиш фаслларида бу лимонлар болаларни турли юқумли касалликларнинг юқишидан асрашда жуда қўл келмоқда.

Алишер аканинг маълум қилишича, “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчилари орасидан бугунги кунда кўплаб спорт мусобақалари ғолиблари ҳам етишиб чиқмоқда экан. Масалан, ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Карате миллий федерацияси томонидан карате бўйича ўтказилган Республика чемпионатида Рўзибой Дадабоев, Умид Жўраев ҳамда Валижон Равшановлар юқори ўринларни қўлга киритишибди. Шунингдек, Термиз шаҳрида ўтказилган карате бўйича Республика очиқ чемпионатида ҳам “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчилари умумжамоа ҳисобида фахрли 1-ўринга лойиқ кўрилибди. Қизлар орасида Шаҳзода Шоқамбарова эса “Ораста қизлар” кўрик-танловининг Республика босқичида ўзининг чуқур билимга эга эканлиги билан ҳайъат аъзолари томонидан эътироф этилибди.

Бу таъкидларимиз мазкур болажонларимиз ютуқларидан бир қатра, холос. Аслида уларнинг ҳар бири ҳисобида ўзига хос ғалаба бор. Мазкур ғалаба ва иштиёқлар эса кун келиб юрт довруғини дунёга танитадиган, истиқлолимизга қанот бўладиган катта кучга айланиши, шубҳасиз. Ана ўшанда Дилбар опа ва Алишер акалардек меҳрибон инсонлар саъй-ҳаракати, меҳр-муҳаббати беиз кетмаганлигига яна бир бор гувоҳ бўламиз. Аслидаку шу юрт, шу давлатнинг ўзи ҳар бир болажоннинг ғамхўри, суянчи. Бу тупроқ, бу Ўзбекистон ҳеч вақт фарзандларидан, дилбандларидан эътиборини, мурувватини аямайди. Зеро, бу болажон халқнинг эртаси ҳам ана шу келажакка мағрур боқувчи, кўкси истиқлол берган эркинликдан юксалиб бораётган фарзандлар юзидек, кўзидек порлоқдир.

“Меҳрибонлик” уйидан қайта туриб, юқорида таъкидлаб ўтганимиз “Меҳр” монументал санъат асари” очилиш маросимига шиор қилиб танланган дил сўзларига яна бир бор эътибор бердик: “Қалбим кўзи сенсан, болажон!” Қандай юксак эътироф, қандай ширин эркалаш. Инсоннинг қалбидек тоза оламга ўз боласининг нур бахш этувчи кўз қилиб тимсолланганлиги ростдан беқиёс. Бу гўзал сифатлаш фақатгина болажон ўзбек халқидан, боласини дунё қадар эъзоз этувчи давлатдагина баралла айтилувчи иқрордир.

Теглар:#2015/3

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Болажонлар мароқли дам оладиЖамият

Болажонлар мароқли дам олади

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларининг таътил вақтларини мароқли ўтказиш мақсадида бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда соғломл

01.07.2021143
Агар кўзингизда катаракта бошланса…Тиббий сабоқлар

Агар кўзингизда катаракта бошланса…

Инсон кўз касалликларига учрамаслиги учун нима қилиши лозим? Унга кўзни асраб-авайлаш билан боғлиқ қандай маълумотлар керак бўлади? Биз шу ҳақида газетхонларни тиббий маълумотга эг

21.06.2022193
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241176
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221031