Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Қалби уйғоқ, орзулари юксак ёшлар

06.11.2014
79 марта ўқилди
Қалби уйғоқ, орзулари юксак ёшлар

Бугунги кун кечагиданда фараҳбахш ва бахтга тўла. Бугунги бахт кечаги чекилган машаққатнинг мукофотидир эҳтимол. Куни кеча оқ либосга бурканиб, келин бўлиш бахтига сазовор бўлган Фотиманинг қалб тубидан шундай ўйлар ўтган бўлса ажаб эмас. Зеро, ёруғ оламни кўриш бахтидан маҳрум бўлган қизалоқ асло чекинмади. Ундаги ирода, сабр-тоқат ва берилган кўмак туфайли Фотима Ибрагимова орзу қилганидек Тошкент педагогика институтини муваффақиятли тамомлаб ўқитувчи номига сазовор бўлиш билан бирга унга келинлик бахти ҳам насиб этди.

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида жойлашган Ихтисослаштирилган кўзи ожизлар мактаб интернатида фаолият юритувчи меҳри дарё устоз ва тарбиячилар Фотима сингари кўплаб ўғил-қизларга мустақил ҳаётда ўз ўрни ва бахтини топишга кўмак бериб келмоқда. 1924-йилда ташкил этилган мазкур даргоҳда ҳозирги кунга келиб, Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Жиззах ва Сирдарё вилоятидан келган кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар таҳсил олишади. Ҳозирги кунда кўзида нуқсони бор 280 нафар болани ўз бағрига олган ихтисослаштирилган кўзи ожизлар мактаб интернатида 255 нафар мактаб ўқувчилари ва 24 нафар тайёрлов гуруҳи – мактабгача таълим босқичининг тарбияланувчилари таълим-тарбия олишмоқда. Ўқувчилар мазкур билим масканида нафақат ўрта маълумотга, балки мустақил ҳаётда ўз ўрнини топиш учун зарур бўладиган кўникма ва билимга ҳам эга бўлишади.

– Ҳар бир бола меҳр, эътибор ва ғамхўрликдан бебаҳра қолмаслиги лозим – дейди мактаб-интернатнинг ўқув-тарбиявий ишлари бўйича директор ўринбосари Анора Қодирова. – Бугунги кунда юртимизда ижтимоий ҳимоя нечоғлик шаклланиб ривож топганини муассасамизга берилаётган катта эътибор мисолида ҳам кўришимиз мукин. Зеро, ўқувчи ёшлар учун яратилган барча шарт-шароитлар уларнинг бахтли яшашига замин ҳозирлайди.

Мазкур муассасада махсус синф хоналари ҳамда 200 ўринга мўлжалланган шинам ётоқхона ўқувчилар хизматида. Шунингдек, болалар учун ташкил этилган уч маҳал иссиқ овқат ва икки маҳал нонушта уларга мунтазир. Бу ерда ўқувчиларга яратилган қулайлик билан биргаликда уларнинг саломатлиги ҳам шифокор ва тарбиячилар назоратида. Интернатда ўқувчилар йилда икки маротаба чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Ҳар йили куз ва баҳор ойларида малакали окулистлар келиб ўқувчиларни бепул тиббий кўрикдан ўтказишади. Шунингдек, Яшнобод туманига қарашли 36-оилавий поликлиника шифокорлари болаларга тиббий маслаҳатлар бериб, уларнинг соғлиқларини доимо назорат қилиб туришади. Зеро, ёш организмда турли ўзгаришлар юз бергани каби уларнинг кўз соҳасида рўй бераётган ҳар бир жараённи шифокор томонидан назорат қилиб бориш ниҳоятда муҳим.

Кўзларида нуқсони бўлсада юксак қобилияти билан ҳаётда ўз ўрнини топган ўқувчилар ушбу таълим масканида кўпчиликни ташкил этади. 2013-йилда Франсияда ўтказилган “Марҳабо, истеъдодлар” халқаро танловида фортепяно йўналишида Севара Мирсиддиқова биринчи ўринни эгаллаган бўлса, интернатнинг 6-синфида таҳсил олаётган Мирсаид Мухтаров жорий йилда Италияда бўлиб ўтган халқаро танловда фортепяно йўналиши бўйича биринчи ўринни қўлга киритди.

– Ҳар бир бола ўзининг иқтидорини намоён этгиси келади. Уларга тўғри йўналиш бериш, керакли йўл-йўриқ кўрсатиш эса биз катталарнинг вазифамиз, – дейди маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Замира Ғофурова – Ўқувчиларни касбга йўналтириш, қизиқишларини рўёбга чиқариш борасида интернатимизда болалар билан тез-тез психологик семинар-тренинглар, суҳбатлар ўтказилиб борилади. Бу эса уларнинг билимини мустаҳкамлаб, ҳаётга бўлган ишончини оширади. Руҳияти баланд боланинг эса мақсади ва орзуси ҳам юксак бўлади.

Ихтисослаштирилган кўзи ожизлар мактаб-интернатида ўтилаётган фанларнинг ўзига хослиги шундаки, бу ерда ўқувчиларга умумтаълим дарслари билан биргаликда куннинг иккинчи ярмида махсус коррексион дарслар ўтилиб, унга биноан ўқувчилар мўлжал олиш ва эркин ҳаракатланиш, мимика, ритмика, даволаш гимнастикаси, нутқ, қўл моторикасини ривожлантириш, ижтимоий-маиший йўналиш каби дарслардан сабоқ олишади. Ўқувчилар предмет ҳақидаги илк тасаввурни шу дарслар давомида олади. Суҳбат жараёнида сўзларни тўғри талаффуз қилишни ўрганади, қўл сезгисини оширади. Қадам ташлаш, қаршисидаги ариқ ёки чуқурликнинг кенглигини мўлжал олишни ўрганади. Шунингдек, бола бундай дарслар ёрдамида ижтимоий ҳаётга тайёрланади, яъни ошхонада ўзини қандай тутиш, шахсий гигиенага амал қилиш каби кундалик ҳаётда муҳим бўлган барча қоидаларни ўрганиб боради.

– Ўқитилаётган фанлар ўқувчиларимиз учун ниҳоятда қизиқарли. Ва улар ҳар бир дарсга алоҳида тайёргарлик кўриб келишади, – дейди она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Умида Абдуллаева.

Мазкур таълим муассасасини Брайл ёзувидаги (кўзи ожизлар учун махсус ёзув) ўзбек тилидаги адабиётлар билан таъминланиш даражаси 80 фоизни ташкил этган. Аммо шунга қарамай, таълим даргоҳида ҳали ҳам адабиётлар етишмовчилиги юзага келмоқда. Айниқса, русийзабон ўқувчилар учун адабиётлар ниҳоятда кам. Баъзида ўқитувчилар рус тилидаги умумтаълим китобларини Брайл ёзувида конспект қилиб дарс ўтишларига тўғри келади. Ҳар бир ўқувчига тарқатма материалларни ҳам Брайл ёзувида тайёрлаб келиш ўқитувчидан анча вақт талаб этаётир. Бу эса таълим жараёнининг тезкор ўтишига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Ваҳоланки, ихтисослаштирилган кўзи ожизлар мактаб-интернатида 8та русийзабон синф жами олтмишдан ошиқ рус тилида таҳсил олувчи ўқувчилар таълим олади. Муаммонинг яна бир томони кўзи ожиз ўқувчилар учун махсус жиҳоз грифел(ёзув дафтар ва ручка) етишмовчилиги ҳам болаларнинг таълим олишларида қийинчилик туғдирмоқда.

Ихтисослаштирилган кўзи ожизлар интернатини 2015-йилининг март ойига келиб тўлиқ таъмирдан чиқариш режага киритилган. Ўйлаймизки, шу орқали ўқувчилар учун янада қулайликлар яратилади.

Ҳар бир бола ўзига хос фитрат соҳиби саналади. Унга ғамхўрлик кўрсатиш, эъзозлаш ва унинг тақдири борасида қайғуриш келажакда уни элга нафи тегадиган фидойи инсон бўлиб вояга етишига замин ҳозирлайди. Зеро, инсон бу дунёда меҳр ва эътибор кўрсагина уни ўзгаларга тортиқ эта олади.

Теглар:#2014/45

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
ЁШЛАР ЎРТАСИДА ЧЕКИШНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ МУМКИНМИ?Жамият

ЁШЛАР ЎРТАСИДА ЧЕКИШНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ МУМКИНМИ?

Бугунги тезкор тараққиёт даврида ёшлар ўртасида электрон сигареталарга ружу қўйиш ва чекиш ҳолларининг тез-тез кўзга ташланаётгани ачинарли ҳол. Маълумотларга кўра, дунёда тамаки и

03.12.2021214
Рақамли технология – ёшлар нигоҳидаЖамият

Рақамли технология – ёшлар нигоҳида

Инновацион ривожланиш вазирлигига қарашли “XXI asr texnologiyalari” журнали ўқувчи-ёшлар ўртасида “Рақамли технология – ёшлар нигоҳида” номли танлов эълон қилган эди. Турмуш тарзим

26.04.2021179
Тошкентда Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форуми старт олдиЖамият

Тошкентда Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форуми старт олди

Ботаника боғида Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумининг очилиши бўлиб ўтмоқда. "Учинчи ренессанс бунёдкорлари" шиори остида ўтказилаётган тадбирда бир қатор учрашувлар, танлов в

29.06.2021170
Congress Hallда "Тошкент ёшлар форуми" старт олдиЖамият

Congress Hallда "Тошкент ёшлар форуми" старт олди

Congress Hallда "Тошкент ёшлар форуми – 2021" бўлиб ўтмоқда. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан анъанавий тарзда ўтказилаётган ушбу форум ёшларни хорижий грантларга жалб қилиш

20.12.2021135