Қарши шаҳридаги “Шайхали тайёрлов савдо” масъулияти чекланган жамиятида бир неча йил аввал асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тайёрланиб, сотувга чиқарилган.
Кейинчалик корхона ўз фаолиятини бутунлай ўзгартирди. Аниқроғи, 2013 йилда жамият қошида пишиқ ғишт ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2014 йилда ушбу тадбиркорлик субъекти томонидан олинган 70 миллион сўмлик банк кредити ҳисобига бошқа бир қурилиш материали – шлакоблок ишлаб чиқариш бошлаб юборилди. Эътиборлиси, бу ишларнинг бошида ишбилармон аёл Муҳаббат Омонова турибди.
– Кимдир тадбиркорликнинг бу йўналиши аёл кишига оғирлик қилади, дейиши мумкин, аммо мен айнан шу соҳада ўзимни кўрсата олдим, – дейди “Шайхали тайёрлов савдо” МЧЖ раҳбари Муҳаббат Омонова. – Тажрибам йилдан-йилга ортиб бораяпти. Биз қурилиш материаллари ишлаб чиқаришдан ташқари пудрат ишларини ҳам амалга ошириб келаяпмиз. 2015 йилда намунавий лойиҳа асосида уйлар қуриш бўйича шартнома туздик. Шу мақсадда қўшимча 60 нафар кишини ишга олдик. Даромад ҳисобидан замонавий юклаш машинаси харид қилдик. Айни вақтда цехимизда ойига ўртача 300 минг дона пишиқ ғишт тайёрлаяпмиз. Келгусида маҳсулдорликни оширишни мақсад қилганмиз.
Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда Қашқадарё вилоятида 20 мингга яқин кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Шунинг қарийб 20 фоизи аёл тадбиркорлар ташаббуси билан ташкил этилган. Мазкур рақамнинг сезиларли ўсиб бораётгани кишини хурсанд қилади, албатта.
Юртимиз аёллари ҳар жабҳада фаол. Буни фермерлик ҳаракати мисолида ҳам кўриш мумкин. Тўлиқ ишонч ҳосил қилиш учун рақамларга мурожаат қилайлик. Ҳозирда вилоятдаги аёл фермерлар 300 нафардан зиёдни ташкил этади. Хўш, улар ўзининг залворли фаолиятидан ортиб рўзғорига вақт топа олаяптими?
– Аёл истаса, барчасига қодир, – дейди Қарши туманидаги “Ҳасан ота” фермер хўжалиги раҳбари Шоира Турсунова. – Кези келганда ҳамма нарсага улгуриш мумкин. Ўзимдан қиёс қилсам 1993 йилда ишимизни фақат чорвачиликдан бошлаган эдик. Йиллар ўтиб фаолиятимиз паррандачилик, балиқчилик ҳисобига бир қадар кенгайди. Ихтиёримиздаги 17, 5 гектар майдонда 82 бош майда мол, 20 бош қорамол боқаяпмиз, 5 минг товуқ парваришлаяпмиз. 2014 йилда эса балиқ етиштиришни йўлга қўйдик. 8 сотих майдонда иссиқхона ташкил қилганмиз. Бундан ташқари савдо дўкони ва тикувчилик цехимиз бор. Хўжалигимизда 11 киши меҳнат қилаяпти. Натижа ёмон эмас. 2014 йилда фойдамиздан қишлоқ хўжалиги техникаси харид қилдик. Замонамиз аёли янгиликка ўч, интилувчан бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Иш ўрганиш истагидаги хотин-қизларга маслаҳат бераман.
Таҳлилларнинг кўрсатишича, иқтисодчилар орасида эркаклар мутлақ кўпчиликни ташкил этади. Бунга сабаб мазкур соҳанинг бир қадар қийинлигидир. Ҳисоб-китоб, рақамлар билан ишлаш ҳар доим ҳам осон бўлмайди.
Одатда, аёллардан кўра кўпроқ эркаклар бир неча ҳунарни эгаллашга интилади. “Йигит кишига қирқ ҳунар ҳам оз”, дея бежиз айтилмаган. Аммо ўзбек аёллари ҳар жабҳада эркаклардан кам эмаслигини исбот қилаётир.
– Хотин-қизлар ҳам бир неча ҳунар эгаси бўлиши фойдадан холи эмас, – дейди Китоб туманилик ҳунарманд Умида Фозилова. – 4 йил аввал қизиқишга попурчиликни ўргангандим. Шу ҳунарим билан анча кўзга кўриндим, турли кўргазмаларда қатнашдим. Ҳурмат-эътибор қозондим. Кўплаб шогирдлар етиштирдим. Ҳозирги кунда касаначилик асосида уйда ўтирган аёлларни иш билан банд этганман. Ўзим “Тўрабиби” фермер хўжалиги раисиман. Боғдорчилик билан шуғулланаман. Ҳақиқат шуки, ҳунар билган хор бўлмайди. Буни ўз шогирдларимга ҳам кўп уқтираман.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
ИқтисодОИТСга қарши курашиш тизимини рақамлаштириш: инновациялар, долзарб муаммолар ва амалий ечимлар
Бугунги кунда мамлакатимизда ОИВ/ОИТС касаллигига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2023 йил 20 январдаги “Одамнинг иммунитет танқис
ИқтисодЯнги лойиҳа: малина қандай етиштирилмоқда?
Бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги махсулотларини етиштиришда илғор ютуқларга эришилмоқда. Жумладан, 2023 йилда "Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшимча қиймат занжири ярати
ИқтисодЎзбекистонда инклюзив рақамлаштириш ва бизнес жараёнларни аутсорсинг қилиш
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон Банки билан ҳамкорлигида “Ўзбекистонда инклюзив рақамлашти
ИқтисодМЕТРОЛОГИЯ — ЖАҲОН ОЙНАСИДА
Сўнгги йилларда мамлакатимизда миллий метрология соҳасида ўлчашлар натижаларининг халқаро даражада эътироф этилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Давлат метрология муассасаларини
