
(Эссе)
“Ажум момо олти кун, сакангласа – саккиз кун, тўқангласа – тўққиз кун”.
Ўзбек халқ мақоли
Ғалат, болалик ўтмиш қаърига сингавергани сайин унинг фараҳбахш хотиралари кўз ўнгингда бор бўй-басти билан намоён бўлиб, гўзал ва сеҳрли оламига бошлаб кетавераркан...
Эрта тонгдан йилтираган офтобга ишониб, енгил кийинганимни кўрган онам эски дийдиёсини бошлайди.
– Қаранг, эже (туркманча она дегани), қуёш чарақлаб турибди, эндиям совуқ қолдими, – ожизгина қаршилик кўрсацам-да, биламан, онам айтганини қилдирмай қўймайди.
– “Иликузилди”дан эндигина чиққанда шамоллаб қолма, дейман-да, болам, ҳали тўқсон тўлганича йўқ, ҳутнинг кичик чилласи кўп ўйинлар кўрсатади, унинг аямажуз (“Ажум момо”), аҳман-даҳман, наврўз қароқчи деган кунлари бор. Қўйчивон аҳли уларга “Гул чўммиқнинг ҳисоби”ни ҳам қўшиб қўяди...
Онамнинг сир-синоатга бой ҳикоялари бир талай, айниқса, узун қиш кечалари Ойширин, Оқил, Момогул момолар чарх кўтариб гурунгга чиқишса, уларнинг суҳбатини эшитиб, мўжизалар оламига тушиб қолгандай бўлардик. Тўғри, ўйинга ўч биз – қора-қура болаларнинг осонгина оёғимиз тинмас, тун алламаҳалгача “оқсуяк”, “яширинмачоқ”, “подшоҳ-вазир” ўйнасак-да, охир-оқибат уйга йиғилиб, катталар гурунгига қулоқ тутардик.
– Аямажузи нима? – сўраймиз қайсидир биримиз ўзимиз учун янги атама сирини аён қилиб олиш ниятида қизиқсиниб.
– Аямажуз тўқсонни якунлаб берадиган олти куннинг номи.
– Тўқсон дегани-чи? – савол беришда давом этамиз.
– Қиш тўқсон кундан иборат, болажонларим, у декабрь ойининг бешинчи кунидан бошланади. Унинг катта ва кичик чиллалари бор. Шабиялдо куни катта чилла киради.
Энди ўйлаб кўрсам, кичкинтой болаларни “бижилдоқ” деб аташлари тўғри экан. Ҳамма нарсани миридан-сиригача билиб олиш учун савол устига савол ёғдираверамиз:
– Шабиялдоси нима?
– Чилла нима дегани?
– Нега ҳут дейишади?..
– Қишнинг энг қисқа кун ва энг узун кечасини шундай аташади...
Хуллас, қизиқишларимиз беиз кетмайди, қиш фасли бошланганидан ўн беш кунча ўтиб, йилнинг шабиялдо деб аталадиган энг қисқа кун ва энг узун кечаси кирадиган катта чилла қирқ кун – февраль ойи бошигача давом этиши, кейин ўрнини йигирма кунга чўзиладиган кичик чиллага бўшатиб беришини билиб оламиз.
Кичик чилла дала меҳнаткашлари учун энг оғир синов кунлари саналади, тажрибали деҳқонлар унинг қисқа фурсатли қуёшли кунларида ҳам уйда оёқ чўзиб ўтирмай, ариқ-зовурларни тозалаб, ички сув йўлларини равонлаштиради, техникани экиш мавсумига шайлайди. Боғбонлар новда уйғонмасидан мевали дарахтларни буташ, шакл бериш ишларини тугатиш чораларини кўради. Чўпон-чўлиқлар қўйларни қишловдан тўлиқ ва соғлом олиб чиқиш, хусусан, қўзилатиш мавсумини муваффақиятли ўтказиш учун отарга вақти-вақти билан сурум беради...
Азал-азалдан донишларимиз аямажуз билан якун топадиган тўқсонга эҳтиёт юзасидан ўн кун қўшиб, “сад пок” деб ҳам юритганлар.
***
Қизиқ, вақт ўтиб болалик таассуротлари ўз исботини топаркан, узун қиш кечалари момоларнинг урчуқ йигиришдан тўхтамай берган гурунгларидан негадир Аямажузни сўйлоқ тишларини қайраб турган ялмоғиз кампир қиёфасида тасаввур этардик. Бунга оналаримиз тектурмаслик қилганимизда берадиган даккилари ҳам қўшилиб, тасаввуримиз ишончга айланарди:
– Ҳой, тек ўтир, бўлмаса Ажуз момога бериб юбораман...
...Орадан йиллар ўтиб аямажуз ҳақида турли манбалардан ўқиганларим, синчилардан эшитганларим илк таассуротларда маълум даражада ҳақиқат борлигини кўрсатди:
“Ажуз” араб тилидаги сўз бўлиб, “кампир” деган маънони англатаркан. Кабиса йилида февраль (шубот)нинг сўнгги тўрт куни ва март (озор) ойи бошидаги уч кун, кабисали бўлмаган йилларда аксинча бўладиган аямажуз баъзан саккиз-тўққиз кунга ҳам чўзилиб, у “шиша” ҳамда “кампир кунлари” деб аталаркан. Ривоятлардан бирида бу атамага кекса бир кампир ҳавонинг исиганини кўриб, пахталик кийими ўрнига енгил уст-бош кийгани оқибатида шу кунларнинг совуғидан жабр кўргани далил келтирилса, буюк аллома Абу Райҳон Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида уни қишнинг “кампири”, яъни охири деб таърифлайди. Аямажуз ва ҳут ҳақида бир талай ҳикматли сўзлар айтиб келинади:
“Аямажуз олти кун, олти ой қишдан қаттиқ кун”, “Ажум момо олти кун, сакангласа – саккиз кун, тўқангласа – тўққиз кун”, “Ахмон-дахмон олти кун, қаҳрига олса қаттиқ кун”, “Яхши келса ҳут – қут, ёмон келса ҳут – ют” ва бошқалар.
Ют йиллари ўн-ўн икки йилда бир такрорланиб, асосан “қуён йили”га тўғри келган. Шундай йиллари ҳут ойида қорлар эрий бошлаган паллада бирдан қаттиқ совуқ бошланиб, ернинг юзи музлаган. Эндигина оғзи кўкка теккан чорва моллари музлаган ердан бир нима топиб еёлмаганидан қирилиб кетган. Шу боис халқ орасида “Ҳутман, ёмон келсам – ориқ молга ютман”, деган мақол ҳам юради. Кўпни кўрган кексаларимиз:
– Ютнинг юзини тескари қилсин, – деб дуо қилишади.
***
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
ЖамиятГендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик
Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр
Карьера кунида нималарга эришилди?
Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту
ЖамиятЎқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида
Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла
ЖамиятЙод етишмовчилиги жиддий муаммо
Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш
