Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Президентимиз ишончи менга куч бағишлади

21.12.2015
49 марта ўқилди
Президентимиз ишончи менга куч бағишлади

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимда 2016-йилни мамлакатимизда Соғлом она ва бола йили деб эълон қилди ва соғлом авлодни вояга етказиш учун болалар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни янада кенг оммалаштириш борасида бир қатор муҳим вазифаларни кун тартибига қўйиш зарурлигини алоҳида қайд этди.

Ҳар бир ўғил-қиз спортга қадам қўяр экан, чемпион бўлиш, жаҳон спорт ареналарида Ватанимиз шарафини ҳимоя қи­лиш орзуси билан яшайди. Унинг иқтидорию маҳорати ўз вақтида қўллаб-қувватланса, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун шароит ва имкониятлар яратилса, ҳаракатлари ҳеч қачон зое кетмайди.

Шу маънода, биз – Ўзбекис­тон спортчилари ўзимизни энг бахтли ёшлар, деб баралла айта оламиз. Юртбошимиз раҳнамолигида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишини таъминлашга улкан ғамхўрлик кўрсатил­моқда.

Замонавий спорт мажмуаларида спорт билан шуғулланишимиз учун барча имкониятлар яратилган. Бунга ўз истеъдод ва салоҳиятимизни, жаҳон майдонларида ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва ҳеч қачон кам бўлмаслигимизни намо­ён этишимиз билан жавоб қайта­ришимиз зарур.

Биз, ёшларнинг қўлга киритаётган ютуқларимиз мустақиллигимиз шарофати, Президентимизнинг меҳр-эътибори, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши туфайлидир.

Отам болалигида спортга қизиққан. Аммо у пайтларда спорт билан шуғулланишга бугунгидай шароит бўлмаганидан орзуси ушалмай қолиб кетган. Шу боис отам биз фарзандларини спорт сексияларига етаклаб борган. Оилада уч ўғилмиз. Акаларим ҳам спорт билан шуғулланади.

Ўн ёшимдан бокс билан шуғуллана бошладим. Фарғона бокс мактаби мамлакатимизда етакчилардан ҳисобланади. Бу ердан кўплаб чарм қўлқоп усталари етишиб чиққан. Уларга ҳавас қилиб, кўнглимда “мен ҳам чемпион бўламан!” деган қатъий ишонч пайдо бўлган.

Халқаро майдондаги илк ютуғимга 2012-йили Озарбайжондаги халқаро турнирда эришдим. Шундан сўнг Сербия, Таиланд ва Россияда ўтказилган мусобақаларда совринли ўринларни эгалладим.

2014-йили Таиландда ўтказилган бокс бўйича ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ва Болгарияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритдим. Наманган вилояти мезбонлик қилган “Баркамол авлод – 2014” спорт ўйинларида ғолиб бўлдим. Бу мусобақалар мени Хитойнинг Нанкин шаҳри мезбонлик қилган ИИ ўсмирлар Олимпиадасига пухта тайёрланишим ва унда ғалаба қозонишимда муҳим аҳамият касб этди.

Бу йилги спорт мавсуми нафақат мен учун, балки бутун терма жамоамиз учун омадли бўлди. Дастлаб Болгарияда ўтказилган анъанавий “Странжа” халқаро турнирида ғалаба қозондим. Таиландда ўтказилган Осиё чемпионатида терма жамоамиз саккизта медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. Бунда менинг ҳам ҳиссам борлигидан фахрланаман. Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида кумуш медалга сазовор бўлиб, ХХХИ ёзги Олимпия ўйинлари­га йўлланмани қўлга киритдим.

Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида Президентимиз фармонига мувофиқ “Шуҳрат” медали билан тақдирланганим камтарона хизматла­рим давлатимиз томонидан юксак баҳоланганидан далолатдир.

Конституция байрами арафасида бўлиб ўтган бир гуруҳ юртдошларимизга Ватанимизнинг юксак мукофотларини топширишга бағишланган тантанали маросимда Президентимиз мени бағрига босиб, “Сен Бразилияда бўладиган Олимпия ўйинларида чемпион бўлишинг керак!” дея юксак ишонч билдиргани менга катта куч-ғайрат бағишлади. Эндиги ниятим Юртбошимизнинг ана шу ишончини оқлаш ва 2016-йилги ёзги Олимпия ўйинларидан Ватанимизга олтин медал билан қайтишдир.

Теглар:#2015/50

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Мигренда бош оғриғи шу қадар кучли бўладими?Тиббий сабоқлар

Мигренда бош оғриғи шу қадар кучли бўладими?

Мигрен – энг кучли хуружсимон бош оғриқлар билан намоён бўлувчи касаллик. Бу касаллик аёлларда кўп учрайди ва наслдан-наслга ўтиш хусусиятига эга. Оғриқ хуружлари, асосан, кўз-пешо

28.05.2021175
Сув таъминотини яхшилаш ва сув хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича йирик лойиҳалар бошландиСиёсат

Сув таъминотини яхшилаш ва сув хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича йирик лойиҳалар бошланди

“Ўзэкспомарказ”да бўлиб ўтган тадбир ва кўргазма Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланди. Президентимизнинг байрам табригини ўқиб эшиттирган Президент матбуот котиби

12.12.2022681
Қирқ ёшдан кейин  нега суяк емирилиши кучаяди?Тиббий сабоқлар

Қирқ ёшдан кейин нега суяк емирилиши кучаяди?

Ёш ўтиши билан инсон суяклари мўртлашиб бораверади. Аксарият отахону онахонларимиз бел, оёқ, умуртқа, бўғим оғриқларидан тез-тез шикоят қилишининг сабаби шунда. Буни тиббиётда осте

22.08.2024286
Зумрад фаслда аллергик касалликлар кучаядими?Табобат

Зумрад фаслда аллергик касалликлар кучаядими?

Ён-атроф яшилликка бурканган. Аммо бундай ўзгаришлар айрим инсонлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Хўш, бунинг сабаби нима? Аввало айтиш лозимки, баҳор фаслида дарахтлар гу

14.04.2023183